Матяқубов Хамдам Хамиджановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):“Хоразм воҳаси бронза ва илк темир даври тарихи (маданият, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатлар муаммолари”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Tar24.
Илмий раҳбар: Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич, тарих фанлар доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Таr.01.04.
Расмий оппонентлар: Сулейманов Рустам Хамидович, тарих фанлар доктори., профессор. Матяқубов Халил Ҳайитбаевич, тарих фанлар номзоди.
Етакчи ташкилот номи:Бердақ номидагиҚорақалпоқ давлат университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Хоразм воҳаси бронза ва илк темир даври маданияти, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатлари тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
воҳанинг бронза ва илк темир даври тарихий географияси (Арёнам Вайжо ва Хоразм, Қанғҳа ва Туроннинг ҳудудий чегаралари, сак-массагетларнинг ҳудудий жойлашиши чегаралари), ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва бошқарув (жамият тизими, уруғ, қабила, қабилалар иттифоқи, ҳарбий демократия, хўжалик ва ишлаб чиқариш) масалалари очиб берилган;
Хоразм воҳасида Ўрта Осиёнинг жанубий вилоятларига нисбатан қадимий қабилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий нотекис ривожланиши ҳамда воҳада давлатчиликнинг хронологик жиҳатдан кеч вужудга келишининг сабаблари очиб берилган;
қадимги жамоалар ўртасидаги алоқалар хусусиятлари ва тарихий жараёнларнинг ўзгариши, ташқи миграцияларнинг маҳаллий маданият ривожига ва этник тарихига таъсири ҳамда маданий тараққиёт омиллари аниқланган;
Хоразмнинг қадимги тарихига доир ёндашувлар, фикр-мулоҳазалар кўриб чиқилиб, кўп йиллар мобайнида тарих фанида анъанавий бўлиб келган айрим илмий қарашлар ҳамда назариялар («ирригация-давлат», «қулдорлик давлати» концепцияси) таҳлил этилган ва янги илмий маълумотларга таянган ҳолда мазкур назария ва концепциялар тарихий воқеликка мос келмаслиги исботлаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Хоразм воҳаси бронза ва илк темир даври тарихига оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Хоразм воҳасида Ўрта Осиёнинг жанубий вилоятларига нисбатан қадимий қабилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий нотекис ривожланиши ҳамда давлатчиликнинг хронологик жиҳатдан кеч пайдо бўлиши, қадимги жамоалар ўртасидаги алоқалар хусусиятлари ва тарихий жараёнларнинг ўзгариши, ташқи миграцияларнинг маҳаллий маданият ривожига ва этник тарихига таъсири, маданий тараққиёт омиллари бўйича илмий хулосалар ва ҳолатлар Давлат илмий-техника дастури доирасида Хоразм Маъмун академияси ФА-Ф1-16549 рақамли «Хоразм тарихи. (I жилд. Энг қадимги даврлардан V асргача. II жилд. V асрдан XVI асргача)» мавзусидаги фундаментал лойиҳада қўлланилган.(Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 4 декабрдаги ФТА-02-11/1245-сон маълумотномаси). Бу натижалар Хоразмнинг бронза ва илк темир даври тарихини тўлақонли тадқиқ этиш, воҳа қадимги тарихининг етарли даражада ўрганилмаган муҳим масалаларни очиб бериш, Хоразмнинг бронза ва илк темир даври маданиятининг Ўзбекистон тарихидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб беришга имконият яратган;
Воҳанинг тарихий география муаммолари, қадимги аҳолининг ҳудудий жойлашиш хусусиятлари, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва бошқарув масалаларидан Хива «Ичан-Қалъа» Давлат музей қўриқхонаси Қадимги Хоразм тарихи экспозициясини бойитишда фойдаланилган (Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2018 йил 18 январдаги 01-11-08-330-сон маълумотномаси). Бунда Хоразм воҳаси бронза ва илк темир даври хронологик доирасидаги тарихи, манбалар таҳлили, тарихий география, меъморчилик ва бинокорлик усуллари, маданият ва этник жараёнлар мазмунини музей ташрифчилари учун очиб беришга хизмат қилган.