Sayt test rejimida ishlamoqda

Ходжимуродова Нозимахон Рустам қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Бухоро воҳаси шўрланган тупроқларининг гумусли ҳолати ва биологик фаоллиги», 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/B281.
Илмий раҳбар: Камилов Бобир Султонович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, дотсент.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, PhD.03/30.12.2019.B.05.03.
Расмий оппонентлар: Жабборов Зафар Абдукаримович, биология фанлари доктори, профессор; Бердиев Толиб Турсунниязович, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Бухоро воҳаси суғориладиган тупроқлари гумусли ҳолати ва биологик фаоллигига табиий ва антропоген омилларнинг таъсирини аниқлаш, шўрланган тупроқлар унумдорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Бухоро воҳаси суғориладиган тупроқларининг ривожланиш шароитлари экологик-мелиоратив ҳолати ва унумдорлининг гумус ҳосил бўлиши жараёнларига таъсири аниқланган;
воҳа тупроқлари профилида суғориш сувлари таъсирида гумуснинг миқдори ва заҳираси, гумус кислоталарининг миқдори, уларнинг элемент таркиби ва оптик зичлиги аниқланган;
суғориладиган воҳа тупроқларининг микрофлораси, ферментлари фаоллигига шўрланишнинг таъсири аниқланган;
суғориладиган, турли даражада шўрланган тупроқлар механик таркиби  фраксияларида органик углерод миқдори аниқланган;
воҳа тупроқларининг ҳозирги кундаги гумусли ҳолати ва биологик фаоллигини яхшилашнинг илмий асослари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Бухоро воҳаси шўрланган тупроқларининг гумусли ҳолати ва биологик фаоллиги бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Шўрланган тупроқлар биологик фаоллигини ва унумдорлигини биоўғитлар ёрдамида тиклаш самарадорлиги» тавсияномаси Бухоро вилояти, Бухоро туманинг ўртача шўрланган 4966 га (21,72%) ва кучли шўрланган 1128,8 га (4,94%) ерларида жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 21 июндаги 04/30-04/4054-сон маълумотномаси). Натижада, шўрланган ҳудудлар тупроқларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишда илмий асосдаги қўлланма сифатида хизмат қилган;
яшил микросувўтлари суспензияси ҳамда биоўғитни қўллаш бўйича тавсиялар Бухоро вилояти, Бухоро туманинг ўртача ва кучли шўрланган суғориладиган ўтлоқи аллювиал тупроқларда жами 84 га ерда жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 21 июндаги 04/30-04/4054-сонли маълумотномаси). Натижада, тупроқдаги микроорганизмлар, ферментларининг фаоллиги ошган, чигитнинг униб чиқиши ва ўсиш энергияси тезлашган, тупроқнинг агрофизик хоссалари, биологик хусусиятлари ва гумусли ҳолати яхшиланиб, ҳосилдорликни 5-6 с/га га ошириш имконини берган;
суғориладиган ўтлоқи аллювиал тупроқларининг гумус типи, шўрланиш ва микроорганизмлар билан  таъминланиши бўйича ишлаб чиқилган картограммалари Бухоро туманининг “Сайфилло Бобо Зиработи” фермер хўжалигининг 40 га, “Дилноз ўғли Абдухалил” фермер хўжалигининг 34 га ер майдонларида жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022-йил 21-июндаги №04/30-04/4054-сонли маълумотномаси). Натижада яратилган картографик маълумотлар қишлоқ хўжалик экинларини тўғри жойлаштириш, агротехнологик тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда  шўрланган тупроқлар унумдорлигини сақлаш ва ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish