Муродов Бахтиёржон Баходировичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жиноят ишини тугатиш институтини такомиллаштириш», 12.00.09–Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Yu18.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.27.06.2017.YU.25.01.
Илмий маслаҳатчи: Ражабова Мавжуда Абдуллаевна, юридик фанлар доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Тўлаганова Гулчехра Захитовна, юридик фанлар доктори, профессор; Иноғомжонова Зумратхон Фатхуллаевна, юридик фанлар доктори, профессор; Мирзаев Азиз Алишерович, юридик фанлар доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: жиноят ишини тугатиш институтини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жиноят-процессуал қонун нормаларининг тўғри қўлланилиши ва айбсиз шахсларнинг қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилмаслигини таъминлаш учун жиноят ишини тугатиш институтининг реабилитация қилинадиган ва реабилитация қилинмайдиган асосларга ажратиш таснифи ишлаб чиқилган;
жабрланувчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш учун амнистия ҳақидаги қарорларда етказилган мулкий зарарларни қоплаш талаб этилган жиноят турларининг доирасини кенгайтириш зарурати асосланган;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишга йўл қўймаслик ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш учун давлат улуши бўлмаган юридик шахснинг мол-мулкини уларнинг ходими томонидан фирибгарлик ёки ўғирлик йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари бўйича жиноят ишини қўзғатишни мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризаси асосида амалга ошириш лозимлиги асослаб берилган;
тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноят ишини тугатишда етказилган зарарни бартараф этиш шакли ва миқдори фақат жабрланувчининг хоҳиши асосида белгиланилиши таклиф этилган;
дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахс (депутат, сенатор, судья, судьялар олий кенгаши аъзоси, прокурор ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили)ни жиноий жавобгарликка тортиш учун тегишли орган ёки мансабдор шахснинг розилиги талаб этилган ишлар юзасидан, бундай розиликнинг йўқлигини жиноят ишини тугатишнинг янги асоси сифатида жорий этиш зарурати исботланган;
оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларни жиноий жавобгарлик ва жазодан озод этиш имконини берадиган «Тарафларнинг келишув битими» деб номланган янги институтни миллий қонунчиликка жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Жиноят ишини тугатиш институтини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
жиноят-процессуал қонун нормаларининг тўғри қўлланилиши ва айбсиз шахсларнинг қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилмаслигини таъминлаш ҳамда жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида мавжуд коллизион ҳолатларни бартараф этишга оид таклифлардан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 2016 йил 23 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-411-сонли қонунни шакллантирилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 14 октябрдаги 06/1-05/1351 вх-сон маълумотномаси). Таклифларнинг инобатга олиниши жиноят-процессуал қонундаги жиноят ишини тугатиш институтига доир нормаларнинг айбсизлик презумпцияси принципига мувофиқлигини таъминлашга ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида мавжуд коллизион ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилган;
жабрланувчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун амнистия ҳақидаги қарорларда етказилган мулкий зарарларни қоплаш талаб этилган жиноят турларининг доирасини кенгайтириш юзасидан берилган таклифлардан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 2016 йил 25 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-405-сон қонунни шакллантирилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 14 октябрдаги 06/1-05/1351 вх-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф жиноят-процессуал муносабатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилган;
жиноят ишини қўзғатишда жабрланувчининг розилигини олиш ҳолатларини кенгайтириш ҳамда хусусий айблов институтини янада ривожлантиришга доир таклифлардан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 2012 йил 29 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-345-сонли қонунни шакллантирилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 14 октябрдаги 06/1-05/1351 вх-сон маълумотномаси). Таклифларнинг амалга оширилиши жиноят ва жиноят-процессуал қонун нормаларидаги коллизияларни бартараф этиш, жиноят-процессуал муносабатларда шахснинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш ҳамда диспозитив нормаларни қўллаш доирасини янада кенгайтиришга хизмат қилган;
тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноят ишини тугатишда етказилган зарарни бартараф этиш шакли ва миқдори фақат жабрланувчининг хоҳиши асосида белгилаш ҳамда оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда гумон қилинган шахсларнинг тергов органлари билан ҳамкорлик қилишини таъминлашга қаратилган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов департаментининг тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноят ишини тугатишда зарар миқдорини белгилаш ва уларни тўлиқ бартараф этиш, амнистия тўғрисидаги қарор асосида жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ёки тугатиш, Жиноят-процессуал кодекси 325-моддаси талабларининг аниқ ва бир хилда бажарилишини таъминлаш юзасидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов департаментининг 2016 йил 12 июлдаги 18/4486-сон маълумотномаси). Диссертантнинг мазкур таклифини амалга оширилиши жиноят содир этган шахснинг айбига иқрор бўлиб, суд-тергов органлари билан ҳамкорлик қилишига, шахсларни жиноий жавобгарликдан озод этишнинг процессуал тартибини янада такомиллаштирилишига ҳамда жиноят ишини тугатишда ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи процесс иштирокчиларининг ҳуқуқларини таъминловчи қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида учраётган хатоларнинг олди олинишига хизмат қилган.