Sayt test rejimida ishlamoqda

Найимов Отабек Мардоновичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):  «Парламентлараро ҳамкорлик халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини илгари суриш ва амалга ошириш воситаси сифатида», 23.00.04−Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари (сиёсий фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Siyos48.

Илмий раҳбар: Жўраев Қодир Асадович, сиёсий фанлар доктори, доцент.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, DSc.27.06.2017.Tar/Yu/I/S/24.01.

Расмий оппонентлар: Рахимов Мирзохид Акрамович, тарих фанлари доктори, профессор; Жўраев Нарзулла Қосимович, сиёсий фанлар доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: халқаро майдонда миллий манфаатларни илгари суриш ва амалга ошириш воситаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг парламентлараро алоқаларини ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.  

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

истиқболда миллий парламентимизнинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) га аъзолигини қайта тиклаш мамлакатимизнинг ташқи сиёсий стратегиясини изчил амалга оширишнинг омилларидан бири бўлиши мумкинлиги асосланган;

Олий Мажлиснинг Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти Парламентлараро Иттифоқи (ИҲТ ПИ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) ҳамда туркий тилда сўзлашувчи мамлакатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) каби парламентлараро тузилмаларга аъзо бўлиши борасида асослантирилган тавсиялар ишлаб чиқилган;

мамлакатимиз сиёсий тизимида миллий парламент ролининг юксалиши негизида парламентлараро ҳамкорликни аниқ дастурлар билан янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган; 

Олий Мажлиснинг халқаро майдонда мамлакатимиз миллий манфаатларини илгари суриш ва амалга оширишдаги халқаро ҳамкорлиги усул ва механизмларининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Парламентлараро ҳамкорлик халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини илгари суриш ва амалга ошириш воситаси сифати бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг халқаро муносабатлардаги аҳамиятини юксалтиришда парламентларнинг халқаро ташкилоти бўлган Парламентлараро Иттифоққа ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеясига аъзолигини қайта тиклаш, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши, Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ва Қозоғистон Республикаси Парламенти билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2017 йил 16 октябрдаги 10/1-554-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг халқаро ҳамкорлигининг кенгайиши ва институциявий жиҳатдан янада такомиллашуви, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятининг ривожланиши ҳамда мамлакатимиз парламентининг ташқи сиёсий ва халқаро аҳамиятининг юксалишига хизмат қилган;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қўшни давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон) парламентлари билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, улар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида дўстлик гуруҳларини тузиш, Олий Мажлиснинг Парламентлараро Иттифоққа аъзолигини қайта тиклаш, мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий устувор вазифаларига эришишда, хусусан, унинг инвестицион жозибадорлиги ва туристик салоҳиятини янада юксалтиришда парламент иштирокини кенгайтиришга оид бир қатор муаллифлик хулосалари ва таклифларидан Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот-таҳлил материалларини тайёрлаш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан турли даражадаги учрашувлар жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” Ахборот агентлигининг 2018 йил 150/18-сонли далолатномаси). Ушбу таклифлар қўшни Марказий Осиё давлатларининг парламентлари билан алоқалар ўрнатишга, Олий Мажлиснинг Парламентлараро Иттифоққа аъзолигини қайта тиклашга ҳамда унинг ташқи иқтисодий, жумладан, инвестициявий ва туристик фаолиятининг кенгайишига имкон яратган;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан мазкур тадқиқотда мамлакатимизнинг парламентлараро ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган назарий-концептуал хулосалар ҳамда Ўзбекистоннинг ИҲТга аъзо давлатлар Парламентлараро Иттифоқига қўшилиши, ЕХҲТ Парламент ассамблеясига аъзоликни қайта тиклаш, Олий Мажлисдаги парламентлараро дўстлик гуруҳларининг фаолиятини жонлантириш, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ташқи сиёсатнинг устувор мақсад ва вазифаларига эришишда парламент ресурсларидан оқилона фойдаланишга оид таклиф ва тавсияларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2017 йил 16 октябрдаги 10/1-554-сон маълумотномаси). Ушбу хулоса ва таклифлар натижасида мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ва иқтисодий стратегиясини амалга ошириш, унинг инвестицион муҳити ва туристик салоҳиятини юксалтириш ҳамда  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб қўйилган вазифа – Ўзбекистоннинг дўстона ва ҳамкорликка очиқ давлат сифатидаги имижини қарор топтиришда Олий Мажлиси Сенатининг халқаро алоқаларини ривожланишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish