Sayt test rejimida ishlamoqda

Ражабов УлуғБек Мамашоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Гидравлик зарба сўндиргичнинг ҳисобини такомиллаштириш”, 05.09.07 – “Гидравлика ва муҳандислик гидрологияси” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.PhD/Т3526
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Жонқобилов Улуғмурад Умбарович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши муҳандислик иқтисодиёт – институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Қарши муҳандислик иқтисодиёт – институти ҳузуридаги PhD.04/30.04.2021.Т.111.04 рақамли Илмий Кенгаш.
Расмий оппонентлар: Хўжаев Исматилла Қўшаевич, техника фанлари доктори, профессор; Уралов Бахтиёр Рахматуллаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот – Тошкент архитектура-қурилиш университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Насос станцияларининг напорли гидравлик тизимларида сўндиргичлардаги ҳаво параметрларининг ўзгариш қонуниятини инобатга олган ҳолда гидравлик зарба сўндиргичи ҳисобини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қувурда салбий ва ижобий гидравлик зарба жараёнларида сўндиргичларда  ҳаво босими ва ҳажмининг  ўзгаришларини  инобатга олган ҳолда сўндиргич ичида политропик жараённинг  политропа кўрсаткичи қийматининг 1,2 га тенглиги экспериментал асосланди;
напорли қувурда барқарор оқим бошланғич параметрларининг кенг интервалдаги ўзгаришларини ва сўндиргичдаги политропик жараённи инобатга олиб  салбий гидравлик зарба иш режимида сўндиргични ҳисоблашнинг математик модели такомиллаштирилган;
гидравлик зарба сўндиргичи ичида политропик жараённи инобатга олган ҳолда напорли  тизимларда ижобий гидравлик зарба жараёнида сўндиргични ҳисоблашнинг математик модели такомиллаштирилган;
напорли қувурда юзага келадиган салбий ва ижобий гидравлик зарба сўндиргичларида политропик жараённи инобатга олиб сўндиргични ҳисоблаш усуллари такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Олинган тадқиқот натижалари асосида сўндиргич ичидаги ҳавонинг сиқилиш ва кенгайиш қонуниятини ҳисобга олган ҳолда босимнинг пасайиши ва ортиши билан содир бўладиган гидравлик зарба жараёнларида сўндиргичларни ҳисоблаш усулларини такомиллаштириш асосида:
насос станцияларининг напорли қувурларида ва напорли тизимларида босимнинг пасайиши ва босимининг ошиши билан содир бўладиган гидравлик зарба жараёнларида сўндиргичларни ҳисоблаш усуллари натижалари ҳавонинг сиқиш ва кенгайиш қонунини такомиллаштиришни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигига қарашли Аму-Қашқадарё ирригатсия тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли Қарши туманидаги Қўнғиртоғ насос станциясига  сўндиргичларнинг таклиф этилаётган конструксиялари жорий этилди (Сув хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 31 мартдаги 03/37-974-сон маълумотномаси). Қўнғиртоғ насос станциясининг талофатсиз нормал ишлашини таъминлаш натижасида ресурс тежашнинг 6-9 фоизга ошиши аниқланди;
    Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигига қарашли Аму-Қашқадарё ирригатсия тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли Китоб туманидаги Варганза-2 насос станцияси босимли қувурларини сув зарбига ҳисоблаш усуллари натижалари (Сув хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 31 мартдаги 03/37-974-сон маълумотномаси) жорий этилди. Варганза-2 насос станциясининг муаммосиз нормал ишлашини таъминлаш натижасида ресурсларни тежашнинг 7-10% га ошиши аниқланди. Натижада кутилган иқтисодий самарадорлик 40 000 000 (қирқ  миллион) сўмни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish