Насиров Фурқат Рауфовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Нефролитиазнинг эндоскопик жарроҳлик услубларини такомиллаштириш», 14.00.31–Урология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/Tib145.
Илмий маслаҳатчи: Мухтаров Шухрат Турсунович, тиббиёт фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Камалов Армаис Альбертович, тиббиёт фанлари доктори, профессор, академик (Россия Федерацияси); Шадманов Алишер Каюмович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Гайбуллаев Асилбек Асадович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Н.А.Лопаткин номидаги Урология ва интервенцион радиология илмий-текшириш институти (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: нефролитиазнинг эндоскопик жарроҳлик услубларини такомиллаштириш ва янги оптимал услубларини ишлаб чиқиш йўли билан эндоскопик даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кораллсимон ва кўп сонли нефролитиаз билан беморларни эндоскопик даволаш учун кўп кириш йўлли перкутан нефролитотрипсиянинг игнали усули ишлаб чиқилган;
сийдик тизимининг юқори қисми (буйрак, сийдик йўли) турли сатҳларида жойлашган бир нечта тошларни бир вақтда олиб ташлаш, оператив амалиёт ва анестезиялар сони, даволаниш ва бемор реабилитацияси муддатларини қисқартириш имконини берувчи симультан перкутан нефролитотрипсия усули ишлаб чиқилган;
амалиётдан кейинги инфекцион асоратлар частотасини камайтириш ва беморлар ҳаёт сифатини ошириш имконини берувчи дренажсиз перкутан нефролитотрипсия усули ишлаб чиқилган;
амалиёт вақтида асоратларнинг (перфорация, қон кетиш) йўқлиги, тошлардан батамом қутулиш ва юқори сийдик йўлларининг органик обструкциясининг йўқлиги перкутан нефролитотрипсиянинг дренажсиз усулларини қўллаш имконини берувчи мезонлар аниқланган;
клиник аҳамиятга эга бўлмаган резидуал тошлар, сийдик йўлининг назоратда бўлган инфекцияси ҳамда 3 см дан каттароқ тошларда ва 2 соатдан ортиқ давом этган амалиётларда перкутан нефролитотрипсиянинг дренажсиз усулларини қўллаш имконияти аниқланган;
жарроҳлик асоратларининг Clavien-Dindo бўйича оптимал мослаштирилган классификацияси ёрдамида нефролитиазни эндоскопик даволашнинг такомиллаштирилган усулларининг (кўп кириш йўлли, симультан ва дренажсиз) амалиётдан кейинги асоратларини объектив баҳолаш асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Нефролитиаз билан беморларни эндоскопик даволашни яхшилашга бағишланган тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ишлаб чиқилган «Перкутан нефролитотрипсиянинг кўп кириш йўлили усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 05451, 2017 йил). Таклиф этилган усулни қўллаш кораллсимон ва кўп сонли нефролитиаз билан беморларни эндоскопик даволашда жарроҳлик тактикасини оптималлаштириш ва даволаш самарадорлигини ошириш имконини берган;
ишлаб чиқилган «Симультан перкутан нефролитотрипсия усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 05470, 2017 йил). Таклиф этилган усулни буйрак ва сийдик қўли ипсилатерал тошлари билан беморларни эндоскопик даволаш учун қўллаш сийдик йўлларининг турли сатҳларида жойлашган бир нечта тошларни бирваракайига олиб ташлаш, оператив амалиёт ва анестезиялар сонини, даволаниш ва беморлар реабилитацияси муддатларини қисқартириш имконини берган;
ишлаб чиқилган «Дренажсиз перкутан нефролитотрипсия усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 05392, 2017 йил). Таклиф этилган усулни қўллаш амалиётдан кейинги инфекцион асоратлар частотасини камайтириш, амалиётдан кейинги даврда беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имконини берган;
нефролитиаз эндоскопик жарроҳлигининг янги оптимал усулларини ишлаб чиқишга бағишланган тадқиқотдан олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалий фаолиятига, хусусан, 1-Республика клиник касалхонасининг урология бўлими ва Фарғона вилоят урология марказига (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 1 ноябрдаги 8н-д/68-сон маълумотномаси) татбиқ этилган. Перкутан литотрипсиянинг таклиф этилган усулларини қўллаш сийдик йўлларининг катетерга боғлиқ инфекцияси частотасини 17,6% га камайтириш, амалиётдан кейинги даврда анальгетикларга эҳтиёжни 1,8 баробарга камайтириш, беморларнинг касалхонада ётиш муддатларини ва тиббий хизматлар қийматини қисқартириш имконини берган.