Sayt test rejimida ishlamoqda

Олий аттестация комиссияси Геология фанлари университети билан биргаликда геология-минерология фанлари бўйича диссертация ишлари ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий қилиш бўйича матбуот анжумани ўтказди.

Маълумки, геология соҳаси – мамлакат саноати учун минерал хомашё қидириб топувчи ва  таъминловчи асосий манба ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 70 дан ортиқ минерал хомашё тури бўйича 2 мингдан зиёд кон фаолият кўрсатмоқда.

Тадбирда янги конлар топиш учун ер қаърининг янада чуқурроқ қатламларини геологик ўрганиш, мураккаб таркибли конларни ўзлаштириш бўйича соҳага илмий ва инновацион технологиялар кенг жорий этилаётгани хусусида тўхталиб ўтилди.  

– 2018 йил 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди, – дейди Олий аттестация комиссияси кон-геология йўналиши бўйича эксперт комиссияси раиси Абдирашид Ҳасанов. – Қарор асосида геология ва минералогия соҳасини тубдан ривожлантириш, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш ва ўқув-илмий муассасалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни янги босқичга кўтариш, мақсадли давлат ва хорижий грантларни жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

Бугунги кунда олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари ҳузурида соҳага тегишли 10 та илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда. 2017 – 2022 йилларда мазкур Илмий кенгашларда 51 нафар талабгор фан доктори (DSc), 142 нафар талабгор фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларига тасдиқланди.  

Амалга оширилган илмий-амалий тадқиқотлар асосида Олмалиқ ҳудудида 45 миллион тонна мис, 5 минг тонна олтин захираси борлиги тасдиқланди. Ер остидаги олтин таркибли минераллардан олтин ва бошқа ноёб металларни ажратиб олишнинг янги геотехнологик усуллари ишлаб чиқилиб, олтин захираларининг истиқболли ҳудудлари аниқланди.  

Тадбирда докторантлар томонидан экспертларга кўпроқ илмий ишларга патент бериш масаласи бўйича саволлар берилди.  

–Соҳада янгиликларни амалиётга жорий қилиш жуда катта аҳамиятга эга, – дейди Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Фаррух Охунов.  – Илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланаётган докторантларимизнинг муаллифликлари асосида олинган патентлари мавжуд. Тадбирда патент эгалари диссертация ёзмасдан ҳимояга чиқиш имконияти борлигидан хабар топишди. Бу ҳам ёш олимлар учун жуда катта имконият.

Шунингдек тадбирда геология-минерология соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар, уларнинг илмий ва амалий натижалари хусусида тўхталиб ўтилди. Олимлар ва ёш тадқиқотчилар олдида соҳани янада ривожлантириш учун бир қанча вазифалар тургани таъкидланди.  

 

Н.Раҳмонова,

Д.Эрназаров (фото), ЎзА

Манба: https://uza.uz/

Yangiliklarga obuna bo‘lish