Sayt test rejimida ishlamoqda

Хўжаев Жамол Исматуллаевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Пахта маҳсулотларини сақлаш ва ғовак жисмларни қуритишда иссиқлик алмашинуви жараёнларининг математик моделлари», 05.01.07–Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/T61.

Илмий раҳбар: Равшанов Нормахмад, техника фанлари доктори, катта илмий ходим.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.27.06.2017.Т.07.01.

Расмий оппонентлар: Қобулов Анвар Василович, техника фанлари доктори, профессор; Маматов Алишер Зулунович, техника фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: пахта хомашёси, чигити ва ғовак жисмларни сақлаш, қуритиш ва қайта ишлашда иссиқлик алмашинуви жараёнларининг математик моделлари ва сонли алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

очиқ ҳавода сақланаётган маҳсулотларга таъсир этувчи қуёш радиацияси, ташқи муҳит ҳарорати омиллари ва ички иссиқлик ажралиб чиқишининг экспоненциал қонунлари ҳисобига иссиқлик алмашинуви жараёнларининг математик моделлаштириш учун ахборот таъминоти такомиллаштирилган;

қуёш радиацияси катталигининг йил ва сутка давомидаги циклик ўзгаришларини атмосфера юқори ва қуйи қатламлари учун энг кичик квадратлар усули асосида қисмли узлуксиз функция ва Фурье қатори шаклида ифодаловчи сонли алгоритмлар ишлаб чиқилган;

қуёш радиацияси, ташқи муҳит ҳарорати ва ички иссиқлик ажралиб чиқиш омиллари таъсиридаги маҳсулотларда кечадиган иссиқлик алмашинуви жараёнининг математик модели ишлаб чиқилган;

пахта хомашёсидан иборат ғарамларда туйнук бўлган ва бўлмаган ҳолларда кечадиган иссиқлик алмашинуви жараёнларининг уч ўлчовли математик модели ишлаб чиқилган;

уч ўлчовли пахта ғарами термик ҳолати масаласини ечиш учун дифференциал-айирмалар усулига асосланган сонли алгоритм ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Маҳсулотларни сақлаш жараёнидаги иссиқлик ҳолатини ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:

пахта ғарамларининг маълум муддат сақлангандан кейинги ҳароратини ҳисоблашга мўлжалланган математик модел, алгоритм ва дастурий таъминот “Самарқандпахтасаноат ҳудудий филиали” МЧЖ объектларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 18 декабрдаги 33-8/8543-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида турли физик параметрларга эга пахта ғарамларининг маълумотлар омборини ташкил этиш орқали уларни самарали бошқариш ҳамда сақлаш ва қуритиш жараёнида пахта толаси сифатидаги йўқотишлар ҳажмини 4-5 %га камайтириш имкони яратилган;

сақланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсир этувчи ташқи муҳит ҳарорати ва қуёш энергияси омилларини ҳисоблаш учун ишлаб чиқилган ахборот ва дастурий таъминот “Lazzatli don” ХКга жорий этилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 18 декабрдаги 33-8/8543-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида сақланаётган дон маҳсулотлари сифатидаги йўқотишлар ҳажмини 4-5 %га камайтириш ва қуёш энергияси ёрдамида қуритиладиган дон маҳсулотлари ҳажмини 3-4 %га орттириш имконияти яратилган;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидаги иссиқлик алмашинуви жараёнларини прогнозлашга мўлжалланган математик модель, ҳисоблаш алгоритми ва дастурий мажмуа “Бўка пахта тозалаш” АЖ объектларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 18 декабрдаги 33-8/8543-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижалари пахта хомашёси ва маҳсулотларининг ҳароратини башоратлаш орқали ҳароратнинг ошиб кетиши ва тола сифатининг бузилиши ҳамда ўз-ўзидан ёниб кетиши ҳолатларининг олдини олишга, сақланаётган пахта хомашёсидан иборат ғарамлар учун оптимал сақлаш режимларини ташкил этишга хизмат қилган;

қуёш энергиясининг йиллик ва суткалик ўзгаришини ифодаловчи аппроксимацион формулалар, ташқи муҳит ҳароратининг ўзгаришини ифодаловчи формулалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари термик ҳолатини тавсифловчи математик моделлар Ф4-ФА-Ф005-сон «Мураккаб чегарали соҳалар учун математик физиканинг кўп ўлчовли ночизиқ синф масалаларининг моделларини такомиллаштириш ҳамда ечишнинг алгоритмик усулини яратиш ва тадқиқ қилиш» мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2017 йил 15 февраль ФТК-0313/157-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини, жумладан, пахта хомашёсини сақлаш жараёнларида табиий хусусиятларини сақлаб қолиш ва сақлаш муддатини аниқлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish