Қодиров Дилшод Ботировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Паст босимли сув оқимлари учун энергия самарадор микрогидроэлектрстанция», 05.05.01–Энергетика тизимлари ва мажмуалари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/T86.
Илмий раҳбар: Захидов Ромэн Абдуллаевич, техника фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: «Илмий-техника маркази» МЧЖ.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети ва «Илмий-техника маркази» МЧЖ, DSc.27.06.2017.Т.03.03.
Расмий оппонентлар: Хохлов Владимир Александрович, техника фанлари доктори, профессор; Низамов Одилжон Хайдарович, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: паст босимли сув оқимларида ишловчи микрогидроэлектростанцияни такомиллаштириш ҳамда унинг параметрлари ва иш режимларини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
микрогидроэлектростанция паст босимли сув оқимларида ишловчи сув чархпалагининг мақбул ўлчамини аниқлаш асосида такомиллаштирилган;
паст босимли сув оқимларида ишловчи қурилманинг конструктив параметрларини математик моделлаштириш ва сув оқими миқдорини инобатга олиб иш режимини ҳисоблаш алгоритми ишлаб чиқилган;
микрогидроэлектростанция сув чархпалагининг деталлар ўлчамларини паст босимли сув оқимларига мослаштириш асосида такомиллаштирилган принципиал схемаси ишлаб чиқилган;
микрогидроэлектростанция сув чархпалаги парракларига сув оқимининг таъсир кучини ошириш ва паррак сувдан чиқаётганда эса таъсир кучини камайтириш мақсадида парралар сув билан таъсирлашиш бурчагининг мақбул қиймати аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Паст босимли сув оқими мавжуд ҳудудлар учун ишлаб чиқилган микрогидроэлектростанция бўйича олинган илмий натижалар асосида:
паст босимли сув оқимларида ишловчи қурилма учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг фойдали моделга патенти олинган («Реактив гидравлик турбина», №FAP 01287-2018 й.). Натижада паст босимли сув оқимларида ишловчи қурилманинг конструктив схемасини ишлаб чиқиш имкони яратилган;
микрогидроэлектростанция сув чархпалагининг мақбул конструктив параметрларини аниқлаш асосида паст босимли сув оқимларида ишловчи қурилма Наманган вилояти Косонсой туманидаги фермер хўжалиги электр энергияси истеъмоли учун жорий қилинган («Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятининг 2018 йил 26 январдаги 02-02/180-сон маълумотномаси). Натижада паст босимли кичик сув оқимларидан самарали фойдаланиб, 57600 кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилган;
чархпалак парраклари сув билан таъсирлашишдаги мақбул бурчакли микрогидроэлектростанция Наманган вилояти Косонсой туманидаги фермер хўжалиги электр энергияси истеъмоли учун жорий қилинган («Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятининг 2018 йил 26 январдаги 02-02/180-сон маълумотномаси). Натижада аниқланган мақбул бурчак қиймати ишлаб чиқилган қурилманинг фойдали иш коэффициентини 12%га ошириш имкони яратилган.