Sayt test rejimida ishlamoqda

Турдалиев Вохиджон Махсудовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тупроққа ишлов берадиган ва сабзавот экинларини экадиган комбинациялашган машинани ишлаб чиқишнинг илмий-техник ечимлари», 05.07.01–Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Т59.

Илмий маслаҳатчи: Джураев Анвар Джураевич, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтути. DSс.27.06.2017.Т.10.01.

Расмий оппонентлар: Ризаев Анвар Абдуллаевич, техника фанлари доктори, профессор; Абдазимов Анвар Даниярович, техника фанлари доктори, доцент; Муродов Нусрат Муртазович, техника фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалик институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: тупроқнинг уваланиш даражаси ва майда уруғли сабзавот экинларини (пиёз уруғи мисолида) экиш сифатини оширадиган, энергия-ресурстежамкорликни таъминлайдиган комбинациялашган машина конструкциясини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

дала юзасида майин тупроқли қатлам ҳосил қиладиган фрезали барабан узатиш механизми учун занжирли узатмаларнинг янги конструкциялари ишлаб чиқилган;

дала юзасида майин тупроқли қатлам ҳосил қиладиган фаол ротацион ишчи қисмларнинг параметрлари конструктив хусусиятлари ва технологик жараёнларни инобатга олган ҳолда асосланган;

етакланувчи юлдузчаси таркибли бўлган занжирли узатманинг кинематик ва динамик параметрлари ишлаб чиқилган;

комбинациялашган машина ишчи қисмларининг энергиятежамкорлигини ва майин тупроқли қатлам ҳосил қилишини ҳамда уруғларни текис тақсимланишини таъминлайдиган мақбул параметрлари асосланган;

дала юзасида майин тупроқли қатлам ҳосил қиладиган ва майда уруғли сабзавот экинларини сифатли экадиган энергия-ресурстежамкор комбинациялашган машина ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Майин тупроқли қатлам ҳосил қиладиган ва майда уруғли сабзавот экинларини экадиган комбинациялашган машина ишлаб чиқишнинг илмий-техник ечимларини  натижалари асосида:

бир ўтишда тупроққа ишлов берадиган ва сабзавот экинларини экадиган комбинациялашган машина конструкцияси «BMKB-Agromash» АЖга ишлаб чиқаришга  жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 30 августдаги 02/23-439-сон маълумотномаси). Натижада тупроққа экиш олдидан ишлов берадиган ва майда уруғли сабзавот экинларини экадиган КА-2,8 комбинациялашган машинани ишлаб чиқиш имкони яратилган;

конструкциясида фаол фрезали ва парракли барабанлари бўлган тупроққа экиш олдидан ишлов берадиган ва сабзавот экинларини экадиган комбинациялашган машина Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Наманган вилояти Поп ва Наманган туманларидаги «Шомозор Зухро Юлдузи» ва «Валижон Азизов» фермер хўжаликларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 30 августдаги 02/23-439-сон маълумотномаси). Натижада тупроқ таркибидаги 25 мм дан кичик бўлган фракциялар миқдори 87 % га ортиши билан дала юзасида майин тупроқли қатлам ҳосил қилиш ва уруғларни 1,5-2 см чуқурликка экиш имкони яратилган;

пассив ишчи қисмли бир ўтишда тупроққа экиш олдидан ишлов берадиган ва сабзавот экинлари уруғларини экадиган КА-2,8 комбинациялашган машина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзбекистон  қишлоқ хўжалик техкникаси ва технологияларини сертификациялаш ва синаш давлат маркази» хўжалик далаларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 30 августдаги 02/23-439-сон маълумотномаси). Натижада 7,5 см чуқурликда ишлов бериш, дала юзасидаги майин тупроқли қатламга пиёз уруғини 2,0 см чуқурликка экиш ва техник топришиқда белгиланган талабларни бажариш имкони яратилган;

фрезали барабанининг узатиш механизмида таркибли етакланувчи юлдузчаси бўлган дала юзасида майин тупроқли қатлам хосил қиладиган тупроққа экиш олдидан ишлов берадиган ва сабзавот экинларини экадиган комбинациялашган машина Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Наманган вилояти Поп туманидаги «Хонзода Нурзода» фермер хўжалигида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 30 августдаги 02/23-439-сон маълумотномаси). Натижада тупроқни юмшатиш ва экишда меҳнат сарфини 1,56 мартага камайтириш имкони яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish