Тўраева Баҳор Баҳриддиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тарихий романларда бадиий замон муаммоси (О.Ёқубов ва П.Қодиров романлари мисолида)», 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Fil135.
Илмий раҳбар: Шодиев Нарзулла Тўраевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Каримов Наим Фотиҳович, филология фанлари доктори, академик; Йўлдошев Бойназар Йўлдошевич, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади: бадиий замоннинг классик шакллари, типлари, категориялари ҳамда усулларидан иборат тизимини О.Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» ва «Кўҳна дунё», П.Қодировнинг «Юлдузли тунлар» ҳамда «Авлодлар довони» тарихий романлари мисолида илмий-таҳлилий, қиёсий-типологик ва назарий умумлаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бадиий замоннинг адабий-эстетик категория сифатидаги назарий-концептуал мақоми, унинг ижодий классик типлари, шакллари ҳамда усулларидан иборат яхлит тизим эканлиги далиллар асосида илмий исботланган;
тарихий романлар мисолида тарихий замон ҳақиқатини бадиий замон ҳақиқатига айлантириш, тарихий реал замонни бадиий замон мақомида адабий-эстетик кашф этишнинг ижодий-эстетик тамойиллари очиб берилган;
эпик замоннинг бадиий ўтган замон, бадиий ҳозирги замон, бадиий келаси замон шакллари ижодий-эстетик диалектикасидаги бадиий ўтган замоннинг устун шакл эканлиги, тарихий романларнинг тарихий ва психологик хронослари, ечим замонидан иборат эпик замон категориялари аниқланган;
тарихий романлар бадиий замонларининг муаллифлар ижодий нияти ва асарлар ғоявий-эстетик концепцияларидан келиб чиқувчи индивидуал ўзига хос типлари, шакллари ҳамда усули мундарижасига асосланган яхлит хронос «атлас»и ижодий-индивидуаллик ҳамда қиёсий-типологик умумлашмалар синтези орқали далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
О.Ёқубов ва П.Қодиров тарихий романларида бадиий замон муаммосини тадқиқ этиш ҳамда унинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш асосида:
тарихий романларда бадиий замон ёзувчи услубининг ўзига хос хусусиятларини белгилаши, бадиий замоннинг турли шакллари, типлари, категориялари ҳамда тасвирий усулларига доир хулосалардан Ф-1-06 рақамли «Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези»мавзуидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасининг «Истиқлол даври ўзбек адабиётида жаҳон илғор тадқиқ методларининг замонавий ўзбек адабиётшунослигига татбиғи (психоанализ, герменевтика, структурализм, семиотика)» қисмида фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 30 октябрдаги ФТА-02-11/973-сон маълумотномаси). Шу асосда Шарқ ва Ғарб адабиёти типологияси, тарихий роман поэтикаси, бадиий замон шакллари, типлари, категориялари ва усулларига оид назарий хулосалар чиқарилган;
П.Қодировнинг «Юлдузли тунлар» ва «Авлодлар довони» тарихий романларида адабий воқелик тасвирини реал тарихий ҳодисаларга «пайванд»лашда муаллифнинг бадиий маҳоратини ёритишга доир илмий-назарий қарашлардан 2017 йил «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан нашр этилган «Бобур энциклопедияси»да фойдаланилган (Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг 2018 йил 3 апрелдаги 31-сон маълумотномаси). Энциклопедиянинг «Ўзбек адабиётида Бобур сиймоси» мақоласида илмий натижаларнинг қўлланилиши ўзбек адабиётининг янги қирраларини баҳолаш ва тарихий замон ҳақиқатини бадиий замон ҳақиқатига айлантириш каби ижодий-эстетик қонуниятларни очиш имконини берган;
тарихий романларда бадиий замон эпик сюжет яхлитлигини ҳамда композицион уйғунлигини таъминлаши, ўтмиш ва келажакнинг ҳозир билан алоқасини белгилашига оид илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат телеканали»нинг «Тадқиқот», «Бир асар таҳлили», «Китоб ва китобхон» телекўрсатувларида, шунингдек, Хоразм вилоят телерадиокомпаниясининг «Адабий муҳит», «Мунаввар кун» ва «Хоразмнома» кўрсатувларида фойдаланилган (Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг 2017 йил 8 ноябрдаги 01/7-347-сон, «Маданият ва маърифат телеканали»нинг 2017 йил 21 декабрдаги 02-15/890-сон маълумотномалар). Илмий натижаларнинг қўлланилиши О.Ёқубов ва П.Қодиров тарихий романлари эпик замонларини ижодий индивидуаллик ҳамда қиёсий-типологик мундарижаларда илмий-назарий умумлаштиришдек таҳлилий-тадқиқий заруратга асосланган.