Жумаев Рашид Нормуротовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Маснавийи маънавий” ва “Лисон ут-тайр”даги ҳикоятларнинг қиёсий таҳлили”, 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Fil30.
Илмий раҳбар: Ҳаққулов Иброҳим Чориевич,филология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муасаса номи, ИК Рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар:Қудратуллаев Ҳасан Самадович, филология фанлари доктори, профессор; Олимов Султонмурод Ҳошимович,филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: “Маснавийи маънавий” ва “Лисон ут-тайр” достонидаги ҳикоятларни қиёсий таҳлил қилиш, улардаги мавзу, сюжет, ғоявий-бадиий маъно-мазмун ва рамзий-мажозий тимсолларнинг ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Румий ижоди, устоз ва салафлари, лирикаси ҳамда “Маснавийи маънавий” асарининг Алишер Навоий ижодига таъсири “Лисон ут-тайр” тамсилий ҳикоятларидаги мавзу, сюжет, ғоявий-бадиий таркиб ва тимсоллар қиёси орқали асосланган;
“Маснавийи маънавий” ва “Лисон ут-тайр”даги пайғамбарлар, ориф ва авлиёлар, ишқ ва нафс талқинлари келтирилган ҳикоятларда ҳар иккала ижодкорнинг қарашлари, талқин ва таҳлиллардаги ғоявий-бадиий яқинлик ҳамда тасвир ва баён, ифода ҳамда услубий фарқлар аниқланган;
“Маснавийи маънавий” ва “Лисон ут-тайр”даги мавзу, сюжет, образлар тизими жиҳатидан бир-бирига яқин ва ўхшаш ҳикоятларнинг таҳлил ва талқинлари орқали Румий ҳамда Навоийнинг рамзий-мажозий тасвир яратишдаги сўз қўллаш, тасаввуфий тимсоллардан ижодий мақсад йўлида фойдаланиш маҳорати ва услубларининг ўзига хослиги очиб берилган;
Навоийнинг “Лисон ут-тайр” ҳикоятларидаги тасаввуфий-фалсафий ва таълимий-ахлоқий қарашлари “Маснавийи маънавий” ҳикоятларига қиёсан таҳлил қилиниб, “Лисон ут-тайр” достони ўзбек адабиётидаги тасаввуфий-фалсафий йўналишдаги янги ва оригинал асар эканлиги далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
“Маснавийи маънавий” ва “Лисон ут-тайр”даги ҳикоятларнинг қиёсий таҳлили тадқиқоти бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Жалолиддин Румий ижодиёти, айниқса, “Маснавийи маънавий”даги ҳикоятларнинг “Лисон ут-тайр” достонидаги қатор ҳикоятларга таъсири масалалари, шу билан бирга уларнинг ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатларини кўрсатиб бериш бўйича хулосалардан ФА-Ф1-Г039 рақамли “Алишер Навоий” (2 жилдлик) ва “Абдулла Қодирий қомусларини яратиш” фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 14 сентябрдаги ФТА-02-11/651-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижалар Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асари ва Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонидаги ҳикоятлар ва уларнинг Шарқ халқлари маданий-маиший турмуш тарзи, маънавий-ахлоқий қарашлари билан муштарак жиҳатларни асослаб беришга хизмат қилган;
тадқиқот натижаларидан ОТ-Ғ8-027-рақамли “Қўлёзма манбаларнинг миллий-маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти” ва ОТ-Ф1-138 рақамли “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи” фундаментал лойиҳаларини бажаришда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 2 апрелдаги 89-03-1208-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши мумтоз адабиётимиз намуналари ва қўлёзма асарларда баён этилган умуминсоний ва миллий ғояларни ёритиб бериш, ўзбек ва форс-тожик мумтоз адабиётидаги ўзаро алоқа ва ўзаро таъсирнинг баъзи масалаларига аниқлик киритишга хизмат қилган;
Румий ва Навоий асарларида кўтарилган умумбашарий муаммолар, мавзулар кўлами, миллий қадриятларга оид илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Башарият сиймолари” (Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодига бағишланган сони) ва “Бир байт таҳлили” (Алишер Навоий байтлари таҳлилига бағишланган сонлари) дастурида ва “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Бедорлик”, “Ижод завқи” ҳамда “Ҳамроҳ” эшиттиришларида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2018 йил 30 мартдаги 01-16/178-сон ва 2018 йил 29 мартдаги O‘zTR-1-53-сон маълумотномалари). Илмий натижаларнинг қўлланилиши телекўрсатувларнинг тайёрланишида бирламчи методологик асос бўлиб хизмат қилган ҳамда радиотингловчиларни форс-тожик адабиёти намуналари билан таништиришда муҳим аҳамият касб этган.