Sayt test rejimida ishlamoqda

Султонбоева Мунира Баҳодировнанинг

докторлик диссертацияси (DSc) ҳимоясиҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда инвестиция фондларини ривожлантиришнинг концептуал жиҳатлари», 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.DSc/Iqt125.

Илмий маслаҳатчи: Мустафакулов Шерзод Игамбердиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.27.06.2017.I.15.01.

Расмий оппонентлар: Каримов Норбой Ғаниевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Хамидулин Михаил Борисович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Элмирзаев Самариддин Эшкуватович, иқтисодиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот:  Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

IIТадқиқотнинг мақсади: иқтисодиётни либераллаштириш шароитида Ўзбекистонда инвестиция фондлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва барқарор ривожлантиришнинг концептуал жиҳатларини асослашга доир илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

аҳоли пул жамғармаларининг инвестицияларга айланиши, қимматли қоғозлар бозорининг самарали ишлаши, реал сектор корхоналари учун қўшимча инвестиция ресурсларини тақдим этиш имконини берувчи венчур инвестиция фондлари бўйича замонавий молиявий инструментнинг ташкилий-иқтисодий асоси ишлаб чиқилган;

молиявий ресурсларни тақсимлаш жараёнини ривожлантириш бўйича венчур инвестиция фондларининг самарали ишлаш механизми янги таркибий элементларни жорий этиш асосида такомиллаштирилган;

махсус тижорий инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни баҳолаш ва ихтисослашган ишончли бошқарувчиларга тақдим этиш юзасидан лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича услубий йўлланмалар таклиф этилган;

венчур инвестиция фондлари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг жозибадорлигини ошириш, инвесторларнинг талабини рағбатлантиришнинг иқтисодий-молиявий, ташкилий-ҳуқуқий тавсифдаги имтиёзлар пакети ишлаб чиқилган;

халқаро молия бозорларидаги тенденциялар, Ўзбекистонда амалга оширилаётган институционал ўзгаришлар ва белгиланган стратегиялардан келиб чиққан ҳолда инвестиция фондлари фаолиятини яқин истиқболда ривожлантиришнинг устувор жиҳатлари асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистонда инвестиция фондларини ривожлантиришнинг концептуал асосларини илмий-услубий жиҳатдан такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар асосида:

венчур инвестиция фондлари бўйича мамлакат молия бозорининг ривожланиши учун таклиф этилган янги молиявий инструментнинг институционал асосини татбиқ этиш таклифи “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 13-моддасининг “Инвестиция фондининг фаолиятидаги чекловлар” бандида қўшимча равишда киритилган  (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 23 апрелдаги ММ-6-3/17-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий қилиниши натижасида аҳоли пул жамғармаларини инвестицияларга айланиши, қимматли қоғозлар бозорининг самарали ишлаши, реал сектор корхоналари учун қўшимча инвестиция ресурсларини жамлаш ва тақдим этиш имкони яратилган;

молиявий ресурсларни самарали тақсимлаш жараёнини тобора ривожлантириш бўйича венчур инвестиция фондлари фаолиятининг самарали механизмини қўллаш таклифи эксперт-аналитик гуруҳ томонидан услубий йўриқномани ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 23 апрелдаги ММ-6-3/17-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий қилиниши натижасида аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёридаги бўш пул маблағларининг инвестиция фондларига жамланиши ва улардан мақсадли фойдаланиш даражаси ошган;

венчур инвестиция фондлари махсус тижорий инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришини ҳисобга олиб, махсус тижорий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, мавжуд лойиҳаларни адолатли баҳолаш ва мазкур лойиҳаларни ихтисослашган ишончли бошқарувчиларга тақдим қилиш юзасидан Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича услубий йўлланмалардан фойдаланиш таклифи инвестиция фондлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича услубий йўриқномани ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 23 апрелдаги ММ-6-3/17-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий қилиниши натижасида инвестиция фондлари маблағларини қимматли қоғозлар бозорига жалб этиш билан бир қаторда турли инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш имконини яратган;

тўғридан-тўғри киритиладиган венчур инвестиция фондлари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг жозибадорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган имтиёзлар пакетидан фойдаланиш таклифи қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича яратилаётган ички йўриқномани ишлаб чиқишда татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 23 апрелдаги ММ-6-3/17-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши натижасида мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хусусийлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш, аҳоли ихтиёридаги бўш маблағларни иқтисодиётга жалб этиш, венчур инвестиция фондларини ташкил қилиш асносида инвестициялар кўламини кенгайтириш ва инвестицияларни эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик асбоб-ускуна тарзида тўғридан-тўғри киритиладиган венчур инвестиция фондлари фаолиятини ривожлантиришга имкон яратган;

халқаро молия бозорларидаги тенденциялар, Ўзбекистонда амалга оширилаётган институционал ўзгаришлар ва белгиланган стратегиялардан келиб чиққан ҳолда инвестиция фондлари фаолиятини яқин истиқболда ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича таклифи ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 23 апрелдаги ММ-6-3/17-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида Ўзбекистонда инвестиция фондлари фаолиятини самарали ташкил этишнинг асосий йўналишлари ва истиқбол кўрсаткичлари тўғрисида хулоса чиқариш имкони яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish