Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахматуллаев Ғайратбек Давронбековичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Андижон вилояти шароитида янги ва истиқболли ғўза навларидан юқори сифатли уруғлик чигит етиштириш агротехнологиясини такомиллаштириш», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Qх107.

Илмий раҳбар: Ахмедов Джамалхан Ходжаханович, биология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.

Расмий оппонентлар: Назаров Ренат Саидович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Иминов Абдували Абдуманнобович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида маъдан ўғитларнинг турли меъёрларида такрорий экинлар (мош ва соя) етиштирилган фонда ўрта толали «Андижон-36» ва «Наврўз» ғўза навларидан сифатли уруғлик чигит етиштиришнинг мақбул агротадбирларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида қисқа ротацияли (1:1) алмашлаб экиш тизимида такрорий экинлар (мош ва соя) етиштириш ва маъдан ўғитларнинг турли меъёрларининг ўрта толали ғўза навларининг уруғлик сифатига таъсири аниқланган;

Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида қисқа ротацияли (1:1) алмашлаб экиш тизимида кузги буғдойдан сўнг такрорий экинлар мош ва соянинг мақбул озиқлантириш меъёрлари ишлаб чиқилган;

кузги буғдойдан сўнг турли ўғит меъёрларида етиштирилган мош ва соянинг тупроққа қолдирган илдиз-анғиз қолдиқларига боғлиқ ҳолда ўрта толали ғўза навларининг ўсиши ривожланиши ва ҳосилдорлиги аниқланган;

кузги буғдойдан сўнг такрорий экинлар (мош ва соя) нинг тупроқда қолдирган анғиз ва илдиз қолдиқлари миқдорига боғлиқ ҳолда ўрта толали «Андижон-36» ҳамда «Наврўз» ғўза навларининг тола ва уруғлик чигит технологик сифат кўрсаткичларига таъсири аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида қисқа навбатли алмашлаб экиш ва турли меъёрларда маъдан ўғитлар қўллашни ғўза навлари ҳосилдорлиги ва уруғлик чигитнинг сифатига таъсири бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида;

ғўзанинг ўрта толали «Андижон-36» ва «Наврўз» навларидан сифатли уруғлик чигит етиштириш агротехнологиясини такомиллаштириш бўйича «Андижон вилояти шароитида ғўза навларидан сифатли уруғлик етиштириш» бўйича тавсиянома ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 24 январдаги 07/20-94-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома республикада уруғлик пахта етиштирувчи фермер хўжаликларида қўлланма сифатида хизмат қилган;

кузги буғдой+такрорий экин (мош, соя):ғўза 1:1 алмашлаб экиш тизимида такрорий экин мошда маъдан ўғитларнинг N25P80K60 кг/га, соя экинида N60P90K60 кг/га меъёрлари фонида ғўзанинг «Андижон-36» навида N200, P140, K100 кг/га меъёрда минерал ўғит қўллаб, сифатли пахта ҳосили етиштириш агротехнологияси Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида 268 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 27 декабрдаги 07/20-1128-сон маълумотномаси). Натижада гектаридан 37,7 центнер ҳосил олинган ва юқори иқтисодий самарадорликка эришилган;

такрорий экин мошда маъдан ўғитларнинг N25P80K60 кг/га, соя экинида N60P90K60 кг/га меъёрлари фонида ғўзанинг «Наврўз» навида N200, P140, K100 кг/га маъдан ўғит қўллаб етиштириш агротехнологиялари Андижон вилоятининг Марҳамат ва Пахтаобод туманлари фермер хўжаликларида 187 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 27 декабрдаги 07/20-1128-сон маълумотномаси). Натижада чигитнинг уруғлик сифати яхшиланган ва пахта ҳосилдорлиги гектаридан 35,9 центнерни ташкил этган ҳамда юқори иқтисодий самарадорликка эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish