Умбаров Ибрагим Амоновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ерости шўр сувлари таркибидаги йодли бирикмалардан йодни ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш», 02.00.13–Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1. DSc/Т14.
Илмий маслаҳатчи: Тураев Хайит Худайназарович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Намазов Шафоат Саттарович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Шарипов Хасан Турапович, кимё фанлари доктори, профессор; Шамшидинов Исроилжон Тургунович, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: ерости гидротермал сувлари таркибидаги йодли бирикмалардан истеъмолга яроқли йод моддасини олишнинг такомиллаштирилган технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«Каттақум-2», «Учқизил», «Кокайти» ва «Ўртабулоқ» қудуқлари ерости гидротермал сувларидаги йод бирикмалари миқдори ва тарқалиш шакллари аниқланган;
ерости гидротермал сувлари таркибидаги йод ионларини турли оксидловчилар билан оксидлаш жараёнларида йод ионларининг оксидланиш кинетикаси исботланган;
ерости гидротермал шўр сувлари таркибидаги йодли бирикмаларни оксидлаш натижасида ҳосил бўлган молекуляр йодни дастлаб ҳаво билан десорбциялаш, сўнгра ишқорли эритма билан абсорбциялашнинг мақбул шароитлари аниқланган;
технологик абсорбцион эритмани нордонлаштириш, ҳосил бўлган йодли бирикмаларни оксидлаш ва молекуляр йодни кристаллаш ҳамда уни ажратиб олишнинг технологик катталиклари асосланган;
таркибида йодли брикмалар бўлган ерости гидротермал шўр сувлари асосида тиббиёт ва кимё саноати эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган йод олиш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Маҳаллий ерости шўр гидротермал сувлари таркибидаги йодли бирикмалардан йодни ажратиб олишнинг такомиллаштирилган технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ерости шўр сувлари таркибидаги йодли бирикмалардан йодни ажратиб олиш технологияси «Жарқўрғоннефт» акцеонерлик жамиятида амалиётга жорий этилган («Ўзбекнефтигаз» АЖнинг 2018 йил 17 апрелдаги 02/12-1-78-сон маълумотномаси). Натижада маҳаллий ерости шўр гидротермал сувлар таркибидаги йодли бирикмаларни юқори иқтисодий самарадорлик билан қайта ишлаш асосида импорт ўрнини босувчи йод ишлаб чиқариш имконини берган;
ерости шўр сувлари таркибидаги йодли бирикмалардан йодни ажратиб олиш технологияси «Косон нефт газ қидирув экспедицияси» масъулияти чекланган жамиятида жорий этилган («Ўзбекнефтигаз» АЖнинг 2018 йил 17 апрелдаги 02/12-1-78-сон маълумотномаси). Натижада ерости шўр гидротермал сувлари таркибидан йодит ионларининг оксидланиш даражаси 90%, десорция даражаси 95% ва абсорбция даражаси 99% ҳамда тоза йод маҳсулотининг чиқиши 82,8% ташкил қилиши исботланган.
ерости шўр гидротермал сувлари таркибидаги йодли бирикмалардан йодни ажратиб олишнинг илмий натижалари А-12-ФҚ-17926 рақамли «Замонавий ядро-физикавий методлар ёрдамида гидрометаллургия корхоналари чиқинди эритмалари таркибидаги нодир металларни концентрлаш ва ажратиш» мавзусидаги фундаментал лойиҳада сорбентлар ёрдамида моделли эритмалар таркибидаги йод ионларини сорбцион ажратишда, тўртламчи азот ва фосфор бирикмалари асосида экстрагентлар синтезида ҳамда улар ёрдамида ерости шўр сувлари таркибидаги йод ва унинг бирикмаларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 22 декабрдаги ФТА-02-11/1349-сон маълумотномаси). Натижада ерости шўр сувлари таркибидаги йодли бирикмалардан йодни сорбцион ажратиш ва бойитиш имконини берган.