Рахмонов Ғанибой Тоджиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Атом ва кўп атомли заррачаларнинг вольфрам ва молибден сирти билан ўзаро таъсири”, 01.04.04 – Физик электроника (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.DSc/FM206.
Илмий маслахатчилар: Умирзоқов Болтахўжа Ерматович, физика-математика фанлари доктори, профессор. Усмонов Дилшодбек Турсунбоевич, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Фанлар Академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, DSc.02/30.12.2019.FM.65.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Мамадалимов Абдуғафур Тешабоевич академик; Нематов Самад Жайсанович ф.-м.ф.д.; Қутлиев Учқун Отабоевич ф.-м.ф.д.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тоза вольфрам ва молибден сиртларида, шунингдек, бу ўта юқори ҳароратга чидамли металларнинг оксидланган сиртларида адсорбцияланган атомлар (икки ва кўп атомли заррачалар) сиртий ионланишининг ностационар жараёнларини оқим ва кучланиш модуляцияси шароитларида тадқиқ қилиш ва икки атомли (кўп атомли) заррачаларнинг диссоциатив сиртий ионланишини назарий кўриб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кўп атомли заррачаларнинг диссоциатив сирт ионланишида қўлланиладиган кучланиш ва оқимларни модуляция қилиш усули назарий жиҳатдан кўриб чиқилди. Кучланишни бошқариш усули атом зарраларининг ва сиртга тушаётган молекулаларнинг бўлиниш реакциялари маҳсулотлари термодесорбцияси кинетик характеристикалари тўғрисида маълумот бериши, сиртга тушаётган заррачалар оқимини бошқариш усули эса маълум шароитларда реакция кинетикаси ҳақида маълумот бериши назарий ва амалий жиҳатдан аниқланди;
биринчи марта молекулаларнинг диссоцияланишнинг гетероген реакциясининг характеристик вақти ва фаолланиш энергиясини бевосита аниқлаш усули таклиф қилинди, бу бир хил тажриба шароитларида икки атомли ва кўп атомли молекулаларнинг сирт ионланишини кучланиш ва оқим модуляцияси усуллари билан ўрганишга асосланган;
биринчи марта вольфрам ва молибденнинг тоза ва оксидланган юзаларида ишқорий-галоидли тузлар молекулалари ва турли синфдаги органик бирикмалар кўп атомли молекулаларининг гетероген бўлиниш реакциялари кинетик характеристикалари амалий равишда аниқланди;
ишқорий-галоидли тузларининг икки атомли молекулалари ҳолатида ушбу молекулаларнинг металл юзасида гетороген фаоллашув энергиясининг мутлақ қийматлари мос келадиган уларнинг фазодаги бўлиниш энергияси қийматларига яқин эканлиги аниқланди;
металл юзасида қутбли молекулаларнинг адсорбцияси модели таклиф қилинди, унга кўра молекула ва унинг кўзгу тасвири ўртасидаги Кулон ўзаро таъсир кучлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги топилди;
биринчи марта морфин, кодеин, тебаин ва кокаин каби кўп атомли молекулаларининг диссоциатив сиртий ионлашиши стационар ва стационар бўлмаган шароитларда бир хил тажриба шароитларида сиртий ионлашишнинг стационар бўлмаган усуллари билан ўрганилди;
биринчи марта морфин, кодеин, тебаин ва кокаин каби кўп атомли молекулаларнинг жараёнида (C-C)β ва (C-H)β боғларнинг узилиши билан содир бўладиган гетероген бўлиниш реакциялари кинетик характеристикалари аниқланди;
Шоттки нисбатидан фойдаланиб, турли синфдаги органик бирикмалар молекулаларининг диссоциацияси жараёнида C9H7N+CH3 (m/z 144 билан) ва С11Н12ОN+ (m/z 174 билан) каби радикалларнинг ионланиш потенциаллари баҳоланди;
Френкель тенгламасидан фойдаланиб, баъзи органик бирикмалар морфин, кодеин, тебаин ва кокаин молекулаларининг сублимация ҳароратлари аниқланди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Оксидланган вольфрам ва молибден сиртида имипрамин, лидокаин, морфин ва бошқа доривор ва гиёҳванд моддалар кўп атомли молекулаларининг диссоциатив сирт ионланишини масса-спектрометрик тадқиқотлар натижаларига кўра:
дисертация ишида тайёрланган ва фойдаланилган термоэмиттерларнинг чиқиш ишини аниқлаш, уларни оксидлаш ва ионлашувчи заррачаларнинг ионлашиш потенциалларини аниқлаш бўйича олинган натижалардан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида профессор Бурибоев И. раҳбарлигида 2007-2011 йилларда амалга оширилган “Ион легирлаш усулида олинган қийин эрувчи металлар асосидаги қотишмаларнинг электрон структуралари шаклланиши механизмини тадқиқ қилиш” мавзуидаги ОТ-Ф2-063 сонли Давлат грантини амалга оширишда фойдаланилди (Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 2022 йил 22 декабрь санасидаги № 04/11-8369 ракамли далолатномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши тадқиқ қилинаётган қотишмаларни олиш ва уларнинг термоэмиссион хусусиятларини яхшироқ ўрганишга, экспериментал қурилмаларни такомиллаштиришга ва тадқиқ қилинаётган материалларнинг оксидлаш жараёнларини яхшилашга эришилди;
дисертация ишида металл ва уларнинг оксидланган сиртларида олинган термодесорбция кинетик характеристикаларидан Ион-плазма ва лазер технологиялари институтида Раджабов А.Ш. раҳбарлигида 2017-2018 йилларда амалга оширилган “Органик бирикмаларнинг кўп атомли молекулаларининг ҳаво атмосферасида сиртий ионлашиши термодесорбция кинетикасини аниқлаш” мавзуидаги МУ-ФЗ-201710271025268 -сонли Давлат грантида фойдаланилди (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2023 йил 6 март санасидаги № 2/1255-453 рақамли далолатномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши “Органик бирикмалар сиртий-ионлашиш масс-спектрометрияси” методини ишлаб чиқиш имконини берди;
дисертация ишида металл ва уларнинг оксидланган сиртларида олинган термодесорбция кинетик характеристикаларидан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Давлат илмий-техника дастури доирасида А.А. Абдувойитов раҳбарлигида 2015-2020 йилларда амалга оширилган “Турли табиатли монокристалл материалларнингтаркибини ва сиртидаги киришма атомларнинг жойлашув ўрнини аниқлаш ” мавзуидаги YOF2-02 -сонли ва “Ўта сезгир фотоэлементлар, жумладан қуёш элементларини тайёрлашда қўлланиладиган материалларни таркибини ва физик хусусиятларини электрон спектроскопия усулларида ўрганиш” мавзуидаги YOF2-6 сонли давлат грантларида фойдаланилди (Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети 2021 йил 29 декабрь санасидаги № 01/9-14-4259 ракамли маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши экспериментал қурилмаларни такомиллаштириш ва тадқиқ қилинаётган материалларнинг оксидлаш жараёнларини яхшилаш имконини берди.