Абдуллаева Севара Алишеровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тижорат банклари тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш йўллари», 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.4.PhD/Iqt415.
Илмий раҳбар: Омонов Акром Абдиназарович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Банк-молия академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.27.06.2017.I.15.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Норбой Ғаниевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Додиев Фозил Ўткирович, иқтисодиёт фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тижорат банклар тўлов қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тижорат банклари тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш учун банк капиталининг таркибида конверсион капитал буферини шакллантириш зарурлиги асосланган;
банкларнинг тўлов қобилияти мустаҳкамлиги уларнинг рискка тортилган активлари сифатига бевосита боғлиқ эканлигини ҳисобга олиб, банк кредитларини муддатли маблағлар ҳисобидан амалга ошириш таклифи ишлаб чиқилган;
банкларнинг тўлов қобилияти мустаҳкамлигини таъминлашда муаммоли кредитлар бўйича вужудга келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш суммаси амалдаги талабдан кам ҳолларда захира суммаларини ошириш тавсия этилган;
банкларнинг хорижий валюталар бўйича тўлов қобилияти мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида уларнинг қимматли қоғозларини халқаро фонд биржалари листингларига киритилиши асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тижорат банклари тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш йўллари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
тижорат банкларининг Базель III андозаларига асосан молиявий ва иқтисодий танглик даврларда вужудга келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш мақсадида консервация капитал буферини шакллантириш бўйича таклиф Марказий банкнинг «Тижорат банклари капиталининг монандлигига қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги (рўйхат рақами: 2693-сон, 06.07.2015 й.) низомнинг 34-моддасига киритилган (Марказий банкнинг 2017 йил 1 мартдаги 17-22/28-сон маълумотномаси). Ушбу таклифни амалиётга жорий этиш натижасида тижорат банкларининг капитали 2016 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 1 январигача бўлган давр ичида 1,5 трлн. сўмга ошган;
банкларда муддатли маблағларнинг рискка тортилган активларга нисбати жуда паст бўлганлигини эътиборга олиб, улар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган таклиф Марказий банкнинг «Тижорат банкларининг ликвидлигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги (рўйхат рақами: 2709-сон, 13.08.2015 й.) низомнинг 8-моддасида татбиқ этилган (Марказий банкнинг 2017 йил 1 мартдаги 17-22/28-сон ва «Савдогар» банкнинг 2016 йил 6 декабрдаги 06/3350-1-сон маълумотномалари). Бунинг натижасида 2016 йил 1 январидан 2017 йилнинг 1 январигача бўлган давр ичида тижорат банкларининг ликвид маблағлари 36 млрд. сўмга, «Савдогар» банкнинг муддатли депозитлари 20,0 млрд. сўмга ортган;
банкларнинг рискли активлари бўйича вужудга келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун ажратмалар меъёрлар бўйича шакллантирилган бўлсада, лекин ҳақиқатда йўқотишлар ҳажми юқори бўлиши маълум бўлса, захира суммалари шунга мос даражада шакллантирилиши лозим ва улардан фойдаланишда банк Кенгаши ва Бошқарувининг масъулиятини ошириш лозимлиги бўйича таклифи Марказий банкнинг «Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захира шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги (рўйхат рақами: 2696-сон, 14.07.2015 й.) низомнинг 37 ва 49-моддаларида қўлланилган (Марказий банкнинг 2017 йил 1 мартдаги 17-22/28-сон маълумотнома). Бунинг натижасида 2016 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 1 январигача бўлган давр ичида тижорат банклари рискли активларининг эҳтимолий йўқотишлар бўйича шакллантирадиган захиралари ҳажми 15,4 млрд. сўмга ошган. Бу эса банкларнинг тўлов қобилияти мустаҳкамлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатган;
тижорат банкларининг хорижий валюталар бўйича тўлов қобилиятини ошириш мақсадида уларни халқаро фонд биржаларининг листингларига кириш ва қимматли қоғозларини хорижий субъектларга сотишга эришиш ҳақидаги таклиф «Савдогар» банкнинг амалиётига жорий этилган («Савдогар» банкнинг 2016 йил 6 декабрдаги 06/3350-1-сон маълумотномаси). Бу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида банкнинг хорижий инвесторларга сотилган акциялари миқдори 2016 йилда 7,6 фоизга ошган.