Сафарова Нилуфар Неъматиллаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига туризм соҳаси таъсирини баҳолаш усулларини такомиллаштириш», 08.00.02–Макроиқтисодиёт, 08.00.05–Хизмат кўрсатиш тармоқлари иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.4.PhD/Iqt406.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти.
Илмий раҳбар: Каримова Дилдора Мирсабитовна, иқтисодиёт фанлари доктори.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.27.06.2017.I.15.01.
Расмий оппонентлар: Қодиров Абдурашид Мажидович, иқтиодиёт фанлари доктори, профессор; Алимова Машҳура Тоировна, иқтисодиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига туризм соҳаси таъсирини баҳолаш бўйича илмий-услубий ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
иқтисодий ўсиш, кам таъминланганлик, гендер тенглиги, аҳоли саломатлиги каби барқарор ривожланиш индикаторларига туризм соҳаси таъсирини кўп омилли регрессия тенгламаларининг эластиклик коэффициенти орқали баҳолаш усули ишлаб чиқилган;
туризм экспортининг иқтисодий ўсишга жадаллаштирувчи таъсирини баҳолаш асосида ЯИМ қўшимча ўсишининг узоқ муддатли прогноз параметрлари ишлаб чиқилган;
миллий туризм тизимига макроиқтисодий омиллар таъсирини аниқлаш орқали туризм салоҳиятидан фойдаланиш бўйича мамлакатлараро нисбий устунликлар даражаси аниқланган;
туризм соҳасида иш билан бандлик ва инсон капиталига инвестицияларни ҳисобга олиш бўйича муаллифлик ёндашувлари асосида туризм статистикасининг ҳисобот шакллари такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига туризм соҳаси таъсирини баҳолаш бўйича илмий-услубий ва амалий тавсиялар асосида:
барқарор ривожланиш кўрсаткичларига туризм соҳаси таъсирини баҳолашнинг янги услубий ёндашувлари ва уларнинг натижалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3217-сон «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги» Қарори ижросини республика ва унинг минтақаларида таъминлаш мониторингида фойдаланиш учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2017 йил 30 ноябрдаги 03-09/4199-сон маълумотномаси). Ушбу илмий натижадан фойдаланиш туризм ривожланишининг барқарор ва мутаносиб ривожланиш индикаторларини баҳолашнинг услубий жиҳатларини бойитиш имконини берган;
мамлакатлар орасида туризм бўйича салоҳиятдан фойдаланиш даражасини аниқлашга доир услубий ишланмалар ва уларнинг натижалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3217-сон қарори билан тасдиқланган «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури»нинг (Дастур) 1-иловаси 5, 8 ва 10-бандларида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2017 йил 30 ноябрдаги 03-09/4199-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиялар туризм ташвиқоти ишлари самарадорлигини ошириш имконини берган;
туризм соҳасини ривожлантиришда вазирликлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861-сон «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2017 йил 30 ноябрдаги 03-09/4199-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг норматив ҳужжат даражасида жорий қилиниши туризм соҳасининг мамлакат иқтисодиёти ўсишидаги ўрнини оширишнинг методик жиҳатларини бойитган;
туристик хизматлар ва маҳсулотлар сифатини ошириш, туристлар ахборот таъминотини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар Дастурини ишлаб чиқишда фойдаланилган ва 1-иловасининг 6, 11, 16, 20 ва 23-бандларида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2017 йил 30 ноябрдаги 03-09/4199-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар республика ва унинг ҳудудларида туризм ташкилотлари сонини 20%га ортишига шароит яратган;
туризм соҳасида иш билан бандликка оид маълумотларни ҳисобга олиш бўйича илмий-услубий ишланмалар асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан 2-turizm ва 1-KB shakliga ilova (tur) давлат статистика ҳисобот шаклларига «Ходимлар тўғрисида маълумотлар» бўлими қўшимча равишда киритилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2017 йил 10 февралдаги 01/3-10-17/2-116-сон маълумотномаси). Ушбу бўлимнинг киритилиши сайёҳлик-экскурсия ва жойлаштириш хизматларини кўрсатувчи корхона ва ташкилотларда бандлик ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда мазкур соҳаларда кадрларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаштириш имконини берган.