Sayt test rejimida ishlamoqda

Хайдарова Мухтабар Маннаповнанинг

фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақидаги эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисосликлар шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда бронхиал обструкция синдроми билан кечувчи нафас олиш аъзоларининг ўткир касалликларини  даволаш, реабилитация ва профилактикасининг патогенетик хусусиятлари», 14.00.09–Педиатрия (тиббиёт фанлари).

Дисертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSс/Тib71.

Илмий маслаҳатчи: Шамсиев Фуркат Мухитдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, DSс.27.06.2017.Tib.29.01.

Расмий оппонентлар: Шамсиев Фазлитдин Сайфутдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Бобомуратов Турдикул Акрамович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Камалов Зайнитдин Сайфутдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт институти.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: болаларда бронхиал обструкция синдроми билан кечувчи нафас олиш аъзоларининг ўткир касалликларини  даволаш, реабилитация ва профилактикасининг патогенетик хусусиятларини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

кальций ва кальцийни тартибга солувчи гормонлар алмашинуви, қон зардобидаги лимфоцитлар мембранаси структур-функционал ҳолатининг бузилиши, бронх-ўпка патологияли беморларда кўп ҳолларда бронхиал обструкция кучайишига кўмаклашган ҳолда патологик жараёнлар динамикасига таъсир этувчи ушбу ўзгаришларнинг боғлиқлиги исботланган;

болаларда ирсий мойиллик, оғирлашган преморбид фон, онанинг ҳомиладорлик ва лактация давридаги нотўғри овқатланиши, бола овқатланишининг бузилиши, болаларда бронх-ўпка патологиясида бронхиал обструкция ривожланишининг хавф омиллари эканлиги асосланган;

бронхиал обструкция билан кечувчи бронх-ўпка патологияли болаларда CD3+–, CD4+–, CD8+–, CD16+– лимфоцитлар, нейтрофиллар фагоцитар фаоллигининг камайиши, СD20+– лимфоцитларнинг кўпайиши, гуморал бўғин фаоллашуви, яллиғланиш олди ва яллиғланишга қарши цитокинлар ишлаб чиқарилишининг кучайиши ҳамда обструкциянинг қайталанган ҳолатлари ривожланишида цитокин профили ва IgE номутаносиблигининг ўрни асосланган;

бронх-ўпка патологиясидаги бронхиал обструкция билан касалланган беморларнинг вегетатив сезувчанлигининг гиперсимпатикотоник, асипмпатикотоник турлари  исботланган;

боланинг психологик ҳолати, унинг патологик жараён клиник кечишига таъсири бронх-ўпка  патологиясида қайталаниш ҳолатлари шаклланишида ота-онанинг болага нисбатан муносабатининг ўрни ва аҳамияти асосланган;

илк бор мембранастабилизаторлар, иммуномодуляторлар, вегетотроп препаратлар ва коррекциялашнинг психологик методларини киритиш билан аниқланган бузилишларни самарали тузатиш имконини берувчи бронхиал обструкция билан кечувчи бронх-ўпка патологияларини даволаш, реабилитация ва профилактикасининг дифференциал асосланган тизими ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Болаларда бронхиал обструкция синдроми билан кечувчи нафас олиш аъзоларининг ўткир касалликларини даволаш, реабилитация ва профилактикасининг патогенетик хусусиятларини ўрганиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

«Бронхиал обструкциянинг кўп учровчи ўткир респиратор инфекцияларида болаларни реабилитация қилиш ва диспансер кузатуви қоидалари» услубий қўлланмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 2 мартдаги 8н-д/11-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма болалар орасида ўткир респиратор инфекцияларнинг диспансер кузатувини ташкиллаштириш мезонлари ва касалликни даволаш ва реабилитация ишларини самарали даволаш имконини берган;

«Болаларда қайталанувчи обструктив бронхитни даволашга замонавий ёндашув» услубий қўлланмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 13 январдаги 8ш/15-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма болаларда бронхиал обструкция билан кечувчи бронх-ўпка патологиясини даволаш тизимида анъанавий усулга нисбатан касалликнинг такрорланишини 45% дан 13% гача камайтириш имконини берган;

«Ўткир зотилжам билан тез-тез касал бўладиган болаларни даволашга замонавий ёндашув» услубий қўлланмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 22 сентябрь 8м/151-сон маълумотномаси). Ушбу услубий қўлланма иммунологик кўрсаткичларнинг яхшиланишига ва касалликни такрорланишини камайишига ёрдам берган;

болаларда бронхиал обструкция синдроми билан кечувчи нафас олиш аъзоларининг ўткир касалликларини даволаш, реабилитация ва профилактикасининг патогенетик хусусиятларини инобатга олиб ташкиллаштирилган  даволаш усули соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий марказининг пулмонология ва аллергология бўлимларига, Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 9 ва 34-оилавий поликлиникаларига, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларининг клиник амалиётига татбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 9 январдаги 8н-з/4-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида касалликни ўз вақтида аниқлаш, даволаш, профилактика сифатини ошириш, бронхиал обструкцияни қайталанишини икки баробар камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish