Sayt test rejimida ishlamoqda

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси(ОАК) томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа ҳодимлари, мутахассислар, ёш олимлар, эркин тадқиқотчилар ва журналистлар иштирок этди.

– Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАК раиси Аҳмадбек Юсупов. – Илм-фанда ҳам қатор ютуқларга эришилмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда комиссиямиз тизимида ҳам қатор ўзгаришлар қилинди. ОАК фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда рейтинги юқори 30 та олий таълим муассасаси қаторига кирган олийгоҳларга имтиёзлар берилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ва Мудофаа вазирлиги ҳайъати тавсия этган идоравий мансуб олий таълим муассасалари кенгашларига синов тариқасида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб талабгорларни бевосита доцент ва катта илмий ходим илмий унвонларида, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб эса профессор илмий унвонида тасдиқлаш ҳуқуқи бериш кўзда тутилган.

Тадбирда таъкидланишича тизимни янада такомиллаштириш мақсадида 2020 йил 1 январдан uza.uz сайтида тадқиқотчиларнинг изланишлари тўлиқ шаклда ёритилади. Илмий унвонлар олиш тартиби илғор хорижий амалиётга яқинлаштирилиб, жараён соддалаштирилади. Нашрчилик фаолияти янада фаоллашиб, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида соғлом рақобат шакллантирилади.

Олий ўқув юртидан кейинги таълим босқичига қабул қилинишида талабгорлар чет тилидан кириш имтиҳонларини топширар эди. Олий таълимдан кейинги таълим босқичига қабул қилингандан кейин ҳам талабгорлар яна чет тилларидан малака имтиҳонларини топширишади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу синов жараёнлари бир-бирини такрорлар эди. Айнан ана шулар инобатга олиниб 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб чет тили бўйича малакавий имтиҳон топшириш тизими бекор қилиниши кўзда тутилган.

Анжуманда журналистлар саволларига атрофлича жавоб берилди.

Манба: http://uza.uz

Yangiliklarga obuna bo‘lish