«Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 5-бандига мувофиқ тадқиқотлар амалга оширилган муассаса хулосаси ва Илмий кенгаш тақдимномаси асосида салмоқли илмий янгиликлар олган ва импакт-фактори тегишли даражада юқори ва рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 12 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 8 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга эксперимент тариқасида фан доктори (DSc) илмий даражаси (илмий натижани амалиётга жорий қилиш бўйича талаблар бажарилган ҳолда), муҳим илмий янгиликлар олган ва импакт-фактори тегишли даражада юқори ва рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 6 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 4 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга эксперимент тариқасида фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси ОАK Раёсати қарори билан истисно тариқасида диссертация ҳимоясисиз илмий даража берилиши мумкинлиги белгиланган.
Импакт-фактори тегишли даражасини асослаш мақсадида рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналлар импакт-факторининг тегишли даражасини ҳар бир фан тармоғининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгилаш учун вазирлик ва идораларга, етакчи олий ва илмий-тадқиқот муассасаларига мазкур масала юзасидан ўз таклифларини беришни сўраб мурожаат хатлари йўлланди.
Мазкур масала юзасидан иқтисодиёт фанлари бўйича тегишли ташкилотлар, жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тегишли таклифлар киритилди.
Мазкур таклифлар ОАК Иқтисодиёт фанлари бўйича эксперт кенгашида муҳокама қилинди.
ОАК раёсатининг 30.11.2020 й.даги 288/14.6-сон қарори билан иқтисодиёт фанлари бўйича халқаро илмий-техник базалар (Scopus, Science Direct ва Web of Science) рўйхатидаги ихтисослашган илмий нашрлар импакт-факторининг тегишли даражаси – 1,0 ва ундан юқори даражасида белгиланди.