«Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 5-бандига мувофиқ тадқиқотлар амалга оширилган муассаса хулосаси ва Илмий кенгаш тақдимномаси асосида салмоқли илмий янгиликлар олган ва импакт-фактори тегишли даражада юқори ва рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 12 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 8 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга эксперимент тариқасида фан доктори (DSc) илмий даражаси (илмий натижани амалиётга жорий қилиш бўйича талаблар бажарилган ҳолда), муҳим илмий янгиликлар олган ва импакт-фактори тегишли даражада юқори ва рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 6 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 4 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга эксперимент тариқасида фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси ОАK Раёсати қарори билан истисно тариқасида диссертация ҳимоясисиз илмий даража берилиши мумкинлиги белгиланган.
Импакт-фактори тегишли даражасини асослаш мақсадида рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналлар импакт-факторининг тегишли даражасини ҳар бир фан тармоғининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгилаш учун вазирлик ва идораларга, етакчи олий ва илмий-тадқиқот муассасаларига мазкур масала юзасидан ўз таклифларини беришни сўраб мурожаат хатлари йўлланди.
Мазкур масала юзасидан Физика, кимё ва биология фанлари бўйича тегишли ташкилотлар, жумладан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан тегишли таклифлар киритилди.
Мазкур таклифлар расмий равишда манфаатдор вазирликлар ҳамда етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан муҳокама қилинди, шунингдек мустақил экспертлар ҳамда ОАК эксперт кенгашлари тавсиялари олинди.
ОАК раёсатининг 28.08.2020 й.даги 285/8.1-сон қарори билан физика, кимё ва биология фанлари бўйича халқаро илмий-техник базалар рўйхатидаги ихтисослашган илмий нашрлар импакт-факторининг тегишли даражаси – 1,0 ва ундан юқори даражасида белгиланди.