Амиров Зафар Актамовичнинг
Фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳуқуқий тарбиянинг роли», 12.00.01–Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи. Ҳуқуқий таълимотлар тарихи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Yu57.
Илмий раҳбар: Маматов Худоёр Тешаевич, юридик фанлар доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.
Расмий оппонентлар: Турғунов Илҳом Турғунович, юридик фанлар доктори, Якубов Шухрат Умматалиевич, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга ошириладиган ҳуқуқий тарбиянинг назарий ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни ва моҳиятини фуқароларга телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ҳамда ижтимоий рекламалар, видеолавҳа ва инфографикалар каби инновацион усуллар орқали етказиш ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишнинг муҳим омили эканлиги асосланган;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларга оид расмий шарҳлар ва уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги тушунтиришларнинг матнлари каби ҳуқуқий ахборот фондларини шакллантириш ҳамда уларни сунъий тўсиқларсиз эркин олиш ва фойдаланишда очиқликни таъминлаш лозимлиги асосланган;
барча турдаги оммавий ахборот воситаларида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган ахборотларнинг ёритилиши лозимлиги асослаб берилган;
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим-тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга қаратилган махсус курсларни жорий этиш мақсадга мувофиқлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳуқуқий тарбиянинг ролини такомиллаштириш борасида ўтказилган тадқиқот натижалари асосида:
ҳуқуқий тарғибот ишлари оммавий ахборот воситаларида ҳуқуққа оид телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ташкил этиш, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларига ҳуқуқий-ахборот материалларини жойлаштириш ҳамда ижтимоий рекламалар (видеолавҳалар, инфографикалар ва бошқалар) каби инновацион усуллар орқали амалга оширилиши лозимлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонуни 19-моддаси (Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий тарғибот йўли билан тарқатиш)га киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2017 йил 21 сентябрдаги 06/1-05/651-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз вақтида ижрочилар ҳамда фуқароларга етказилиши ва амалиётга жорий этилишини таъминлашга хизмат қилиб, ҳуқуқбузарлик ва унинг оқибати ҳақида фақат эшитиш эмас, балки оммавий ахборот воситаларида кўриш орқали жамият аъзоларини қонунга амал қилиш мажбуриятини ич-ичидан ҳис қилишга хизмат қилади;
ҳуқуқий ахборот фондлари шакллантирилиши лозимлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонуни 11-моддаси (Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда таълим муассасаларининг иштироки)га киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2017 йил 21 сентябрдаги 06/1-05/651-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф ёшларнинг ҳуқуқий ахборот ва меъёрий-ҳуқуқий манбалардан ўз вақтида хабардор бўлиши ва ундан эркин фойдаланишини таъминлаш орқали уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалиши ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади;
оммавий ахборот воситалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга, шу жумладан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тадбирларни ёритиши лозимлиги тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунининг 15-моддаси (Оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши)га киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2018 йил 23 январдаги 06/72-сон маълумотномаси). Бу фуқароларнинг коррупция ва унинг натижаси қандай оқибатларга олиб келишини англаши ҳамда уларнинг коррупциядан тийилишига хизмат қилган. Бундан ташқари, жамият аъзоларини коррупцияга нисбатан бефарқ бўлмасликка ўргатган;
таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилиши, давлат таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиши лозимлиги тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунининг 18-моддаси (Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия)га киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2018 йил 23 январдаги 06/72-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг қабул қилинганлиги бўлғуси мутахассислар онггида коррупцияга қарши курашиш иммунитетини ҳосил қилишга, уларнинг ўз касб йўналишига оид ҳуқуқ нормаларини адолатли тарзда амалиётда қўллаш кўникмаларини шакллантиришга ҳамда коррупция ва унга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга муайян даражада хизмат қилган.