Sayt test rejimida ishlamoqda

31 май куни миллий матбуот марказида Олий аттестация комиссияси раҳбарияти иштирокида «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чоралари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа ходимлари, мутахассислар, ёш олимлар, эркин тадқиқотчилар ва журналистлар иштирок этди.

«Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда. Илм-фанда ҳам қатор ютуқларга эришилмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда комиссиямиз тизимида ҳам қатор ўзгаришлар қилинди. ОАК фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда рейтинги юқори 30 та олий таълим муассасаси қаторига кирган олийгоҳларга имтиёзлар берилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ва Мудофаа вазирлиги ҳайъати тавсия этган идоравий мансуб олий таълим муассасалари кенгашларига синов тариқасида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб талабгорларни бевосита доцент ва катта илмий ходим илмий унвонларида, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб эса профессор илмий унвонида тасдиқлаш ҳуқуқи бериш кўзда тутилган», деган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАК раиси Аҳмадбек Юсупов.

Матбуот анжуманида қатнашган Kun.uz мухбири илмий кадрлар аттестацияси тизимини қулайлаштириш билан боғлиқ кутилаётган 5та муҳим ўзгариш ва улардан кўзланаётган ижобий натижалар ҳақида маълумот келтирди:

1. Республиканинг энг яхши 30та олийгоҳи рўйхатига кирган олий таълим муассасалари кенгашларига, Фанлар академияси тавсия этган илмий-тадқиқот муассасалари кенгашларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ва Мудофаа вазирлиги ҳайъати тавсия этган ОТМ кенгашларига синов тариқасида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб талабгорларни бевосита доцент ва катта илмий ходим илмий унвонларида, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб эса профессор илмий унвонида тасдиқлаш ҳуқуқи бериш кўзда тутилмоқда. Бу талабгорларнинг илмий унвонларини олиш жараёнини соддалаштириб, уларнинг нашрчилик фаолиятини фаоллаштиради, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида рақобатни шакллантиради. 

2. Фақат олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларига киришда чет тили бўйича имтиҳонни топширишни сақлаб қолган ҳолда 2019 йилнинг 1 сентябридан бошлаб чет тили бўйича малакавий имтиҳонни топшириш тўғрисидаги талабни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Бу чет тилидан такрорий имтиҳон топшириш мажбуриятидан халос этади ва тадқиқот мавзусига кўпроқ вақт ажратиш имконини беради.

3. 2019 йилнинг 1 декабридан бошлаб диссертациялар («Хизмат доирасида фойдаланиш учун» ва бошқа грифли диссертациялардан ташқари) матнини «Ziyonet» таълим порталига ва ОАК веб-сайтига мажбурий жойлаштириш, бу орқали илмий жамоатчилик томонидан диссертацияларнинг қўшимча экспертизасини ўтказиш амалиётини жорий қилиш кутилмоқда. Бу талабгорларга тегишли илмий даражалар берилиш жараёнининг очиқлигини таъминлайди, кенг илмий жамоатчиликнинг тадқиқот ишлари билан танишишига имкон яратади.

4. 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб импакт-факторга эга бўлган халқаро рецензия қилинадиган журналларда мақолалар чоп этиш ва талабгорларда Хирш индекси мавжудлиги талабларини киритиш орқали диссертация тадқиқотлари, биринчи навбатда, фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертациялар илмий натижаларини нашр этишга қўйиладиган талаблар босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу илмий тадқиқотларнинг сифатини ошириш ва олинган натижаларни жаҳоннинг нуфузли илмий журналларида кенг чоп этишга хизмат қилади. 

5. 2019 йилнинг 1 декабридан бошлаб ОАК ҳамда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари кенгашлари, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ўртасидаги ёзишмаларни, шунингдек, 2019 йилнинг 15 декабридан бошлаб илмий унвонлар бериш ва илмий даражаларда тасдиқлаш бўйича аттестация ишларини электрон ҳужжат айланиш тизими орқали қабул қилиб олиш ва жўнатишни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Мазкур амалиёт ҳужжатларнинг тезкор алмашинишини таъминлайди, вақт ва қоғоз сарфини тежайди.

Манба: https://kun.uz

Yangiliklarga obuna bo‘lish