Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдурахманов Фаррух Фуркатовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Эркаклардаги барвақт эякуляцияни даволашнинг альтернатив усуллари», 14.00.31 – Урология (тиббиёт фанлари)
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/Tib702.
Илмий раҳбар: Махмудов Аъзамжон Талатович, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, DSc.04/30.12.2019.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Носиров Фуркат Рауфович, тиббиёт фанлари доктори; Юлдашев Файзулла Юлдашевич, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: «М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети» Федерал давлат бюджет олий таълим муассасасининг тиббий тадқиқот ва таълим маркази (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик
II. Тадқиқотнинг мақсади: назал спрей шаклидаги трициклик антидепрессантни (кломипрамин гидрохлорид 2,5 мг) қўллаш орқали барвақт эякуляцияли эркакларни даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
марказий асаб тизимида серотонинни қайта эгалланишини ингибирловчи кломипрамин гидрохлорид дори воситасини интраназал юбориш орқали барвақт эякуляцияни даволашнинг муқобил усули ишлаб чиқилган;
кломипрамин гидрохлоридни интраназал юбориш терапевтик самаранинг пайдо бўлиш даврини сезиларли даражада қисқартиришни, интравагинал эякуляциянинг яширин вақтини, шунингдек, барвақт эякуляциянинг ўзбек индексини яхшиланишини таъминлаши аниқланган;
кломипромин гидрохлоридни интраназал юбориш усули, дозани минималлаштириш ҳамда фармакологик самаранинг бошланиш даврини тезлаштириш орқали, серотонинни селектив қайта эгалланишини ингибиторлари билан солиштирганда, ножўя таъсирлар ривожланиши эҳтимолини камайтириши ва жинсий алоқа частотасини ошириши аниқланган;
назал спрей шаклидаги кломипромин гидрохлориддан фойдаланиш антидепрессантларни қўллаш билан бирга келадиган ножўя таъсирлар сонининг сезиларли даражада камайиши билан бирга беморлар учун дозани минималлаштиришга имкон бериши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Барвақт эякуляцияни даволашнинг муқобил усулини ишлаб чиқиш ва клиник амалиётга жорий этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Барвақт эякуляцияни даволаш усули” ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2020 йил 16 декабрдаги IAP 06388-сонли ихтиро учун патенти). Таклиф этилган усул дори воситаларининг терапевтик дозасини камайтириш ва мос равишда уларнинг самарадорлигини камайтирмаган ҳолда ножўя таъсирини камайтириш имконини берган;
барвақт эякуляцияли эркакларни даволаш натижаларини яхшилаш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган “Кломипромин бурун спрейи билан эрта эякуляцияни даволаш” номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 2 февралдаги 08-02415-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар барвақт эякуляцияни даволаш учун назал спрейларни қўллаш бўйича кўрсатмаларни кенгайтиришга, шунингдек, ножўя таъсирлар хавфини камайтириш учун турли ёшдаги шахсларда кломипрамин гидрохлорид дозаларини оптималлаштиришга имкон берган;
барвақт эякуляцияни даволаш сифатини ошириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, хусусан, “Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази” давлат муассасаси Хоразм филиалига ҳамда Сурхондарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 2 февралдаги 08-02415-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларини жорий этиш барвақт эякуляцияни даволаш усулини такомиллаштиришга, препаратнинг дозасини минималлаштиришга, терапевтик таъсирнинг бошланиш даврини қисқартиришга, ножўя таъсирлар частотасини камайтиришга ва умуман олганда, даволаш сифатини оширишга имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish