Sayt test rejimida ishlamoqda

Атаниязов Жасурбек Хамидовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда молия-саноат гуруҳларини шакллантириш ва ривожлантиришнинг методологик асосларини такомиллаштириш», 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc/Iqt81.

Илмий маслаҳатчи: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети DSc.27.06.2017.I.15.01.

Расмий оппонентлар: Иминов Одилжон Каримович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Мустафакулов Шерзод Игамбердиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент; Исмаилов Алишер Агзамович, иқтисодиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

IIТадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда молия-саноат гуруҳларини шакллантириш ва ривожлантиришнинг методологик асосларини такомиллаштириш юзасидан илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

банклар ва саноат корхоналари капитали интеграциясини кучайтиришда тижорат банкларининг капиталлашув даражасини, корхоналар устав капиталига ҳамда иқтисодий ночор корхоналарга йўналтириладиган инвестициялари ҳажмини ошириш орқали шўъба корхоналарни ташкил этиш, истиқболда улар иштирокида молия-саноат гуруҳини шакллантиришда илғор хориж тажрибаларидан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги асосланган;

молия ва саноат капитали интеграциясини кучайтириш натижасида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда молиявий хизматларни кўрсатиш ҳажмининг ўсиши ҳисобига ЯИМ ҳажмининг қўшимча ошиши прогнози ишлаб чиқилган;

ишлаб чиқаришнинг технологик даври ўзаро яқин бўлган саноат, хизмат кўрсатиш корхоналари иштирокида вертикал интеграциялашган тузилмаларни шакллантириш иқтисодий самарали эканлиги аниқланган;

ҳудудларнинг саноат ишлаб чиқаришига ихтисослашуви асосида жойлашуви бир-бирига яқин корхоналар иштирокида вертикал интеграциялашган тузилмаларнинг кластер шаклини ташкил этиш тавсия этилган ҳамда саноат кластерида хўжалик юритувчи субъектлар ўзаро муносабатининг ташкилий-иқтисодий тузилмаси ишлаб чиқилган;

ҳудудларда интеграциялашган молия-саноат тузилмаларини шакллантириш лойиҳаларини бенчмаркинг технологияларини қўллаш орқали молиявий таъминлашнинг «йўл харитаси» тавсия этилган;

миллий иқтисодиётда халқаро рақобатбардош молия-саноат тузилмаларини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш борасидаги илмий-назарий қарашлар бўйича мустақил муаллифлик ёндашуви ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистонда молия-саноат гуруҳларини шакллантириш ва ривожлантиришнинг методологик асосларини такомиллаштириш бўйича эришилган натижалар асосида:

банклар ва саноат корхоналари капитали интеграциясини кучайтиришда банклар томонидан корхоналар устав капиталига йўналтириладиган инвестицияларни ошириш таклифи («Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 2016 йил 15 июндаги 09-1-01-14/5603-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида корхоналарнинг устав капиталига йўналтирилган жами қўйилмалар ҳажми 2015 йилда 2014 йилга нисбатан 1,6 фоизга ёки 239 млн. сўмга, мазкур фаолиятдан олинган даромад эса 344 млн. сўмга ошган;

тижорат банклари иштирокида молия-саноат гуруҳларини ташкил этилишини инобатга олган ҳолда, уларнинг капиталлашув даражасини ошириш ҳамда инвестиция фаолиятини янада кенгайтириш таклифлари («Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 2016 йил 15 июндаги 09-1-01-14/5603-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг амалиётга татбиқи натижасида 2015 йилда 2014 йилга нисбатан «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг капиталлашув даражаси 19,4 фоизга, инвестицион портфел ҳажми эса 6,9 фоизга ошган. Инвестицион портфел бўйича даромад эса 17,8 фоизга ёки 552,5 млн. сўмга ортган;

молия-саноат гуруҳларини шакллантиришнинг «Германия» моделидан фойдаланиш асосида банк томонидан иқтисодий ночор корхоналарга инвестициялар киритиш орқали шуъба корхоналарни ташкил этиш ва истиқболда мазкур корхоналар иштирокида молия-саноат гуруҳини шакллантириш таклифи («Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 2016 йил 15 июндаги 09-1-01-14/5603-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида банк томонидан иқтисодий ночор корхоналар негизида ташкил этилган шуъба корхоналарда ишлаб чиқаришни қайта тиклаш ва модернизациялаш мақсадларига йўналтирилган инвестиция қўйилмалари ҳажми 2015 йилда 2014 йилга нисбатан 6 228 млн. сўмга ошган;

молия ва саноат капитали интеграциясини кучайтириш бўйича берилган таклифи асосида иқтисодиётнинг реал сектори ва банк-молия тизимининг интеграцияси натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда молиявий хизматлар кўрсатиш ҳажмининг ўсиши ва истиқболда мамлакатимизда ЯИМнинг 976,5 млрд. сўмдан 1362,5 млрд. сўм оралиғида қўшимча ошишига эришилишини таъминлаши прогноз қилинган. (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 28 ноябрдаги АД-1-8/20-115-сон маълумотномаси);

ишлаб чиқаришнинг технологик даври ўзаро яқин бўлган саноат, хизмат кўрсатиш корхоналарининг вертикал интеграцияси орқали интеграциялашган тузилмаларни шакллантириш таклифи (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 28 ноябрдаги АД-1-8/20-115-сонли маълумотномаси). Мазкур илмий таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 17 ноябрдаги ««Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-4857-сон Фармонида инобатга олиниб, унга мувофиқ ташкил этилган «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятининг асосий фаолият йўналишларини белгилашда фойдаланилган;

истиқболда молия ва саноат капитали интеграциясини кучайтириш мақсадида ҳудудларнинг саноат ишлаб чиқаришига ихтисослашув индексини ҳисоблаш асосида маҳсулотларни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, савдо ва бошқа замонавий бозор хизматларини кўрсатишга ихтисослашган интеграциялашган корпоратив тузилмаларни шакллантириш борасидаги таклифи (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 28 ноябрдаги АД-1-8/20-115-сон маълумотномаси). Мазкур илмий таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 сентябрдаги «Сирдарё вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3279-сон Қарорида инобатга олинган ҳамда унга мувофиқ ташкил этилган кластер фаолиятида қўлланилган;

ҳудудларда интеграциялашган молия-саноат тузилмаларини шакллантириш лойиҳаларини бенчмаркинг технологияларини қўллаш орқали молиявий таъминлаш бўйича тавсия этилган «йўл харитаси» Сирдарё вилоятида ташкил этилган кластер фаолиятида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 28 ноябрдаги АД-1-8/20-115-сон маълумотномаси). Бу агросаноат корхоналари интеграцияси асосида корпоратив тузилмаларни шакллантиришнинг босқичларини аниқлаш, интеграциялашган тузилма доирасида  лойиҳаларни молиявий таъминлаш тизимини ташкил этиш имконини берди;

миллий иқтисодиётда халқаро рақобатбардош молия-саноат тузилмаларини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш борасидаги илмий-назарий қарашлар «Халқаро молия муносабатлари» фани бўйича дарсликка киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2014 йил 9 июндаги 220-023-сон гувоҳномаси; Тошкент молия институтининг 2017 йил 21 ноябрдаги 2/4064-сон маълумотномаси). Мазкур илмий натижалардан дарсликда фойдаланиш миллий иқтисодиётда интеграциялашган тузилмалар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини очиб беришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish