Sayt test rejimida ishlamoqda

Жўраев Маматқул Абдурахмановичнинг

диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Лалмикор минтақалар учун қурғоқчилик ва иссиқликка чидамли юқори сифатли серҳосил юмшоқ буғдой навларини яратиш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Qx20.

Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси.

Илмий раҳбар: Аманов Амир, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган:

«Истиқлол-6» кузги юмшоқ буғдой нави (NАР 00162); «Сўғдиёна» кузги юмшоқ буғдой нави (NАР 00165).

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2018 йил 22 январдаги 02-11/140-сон ва 02-11/142-сон хулосалари.

II. Тадқиқотнинг мақсади: лалми майдонлар учун қимматли хўжалик белги ва хусусиятларига эга бўлган юмшоқ буғдой навларини яратишда бошланғич манбаларни танлаш, уларни селекция жараёнига тавсия этиш ҳамда қурғоқчиликка, иссиқликка чидамли, эртапишар, дон ҳосили ва сифати юқори  юмшоқ буғдой навларини яратишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор лалмикор минтақалар учун юмшоқ буғдойнинг янги нав ва линиялари бошланғич манба сифатида танлаб олинган ҳамда селекция жараёнига татбиқ этилган;

лалмикор минтақаларда ташқи муҳитнинг ноқулай омилларига чидамли, серҳосил ва дон сифати юқори бўлган янги юмшоқ буғдой навларини яратиш учун нав ва нав намуна, линияларнинг маҳсулдорлиги ва бошқа қимматли хўжалик белгилари аниқланган;

танлаб олинган нав, нав намуна ва линияларни дурагайлаш йўли билан янги бошланғич манбалар яратилган ва дурагай авлодларда қимматли хўжалик белгиларнинг наслдан-наслга ўтиши исботланган;

дурагайлаш йўли билан лалмикор минтақалар учун мос бўлган кузги юмшоқ буғдойнинг «Истиқлол-6» ва «Сўғдиёна» навлари яратилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Лалмикор минтақалар учун қурғоқчилик ва иссиқликка чидамли юқори сифатли серҳосил юмшоқ буғдой навларини яратиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:

дурагайлаш йўли билан лалмикор минтақалар учун кузги юмшоқ буғдойнинг «Истиқлол-6» нави яратилган ва 2017 йилдан Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари лалми майдонларида кузги муддатларда экиш учун қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган (Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш Давлат комиссиясининг 2018 йил 9 февралдаги 3/4-414-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида кузги юмшоқ буғдойнинг ушбу навидан лалми майдонларда юқори ва сифатли дон ҳосили олишга эришилган;

лалмикор минтақалар учун кузги юмшоқ буғдойнинг «Сўғдиёна» нави яратилган ва 2018 йилдан Жиззах ва Қашқадарё вилоятларининг лалми майдонларида кузги муддатларда экиш учун истиқболли навлар рўйхатига киритилган (Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш Давлат комиссиясининг 2018 йил 9 февралдаги 3/4-414-сон маълумотномаси). Натижада ушбу кузги юмшоқ нави лалмикор минтақаларда ғаллачилик фермер хўжаликларида асосий майдонларга экилган;

қурғоқчиликка ва иссиқликка ҳамда занг касалликларига чидамли кузги юмшоқ буғдойнинг «Истиқлол-6» нави Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари лалми майдонларида жами 958 гектарда жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 январдаги 02/21-75-сон маълумотномаси). Натижада лалмикор майдонларда мазкур навдан андоза навларга нисбатан гектаридан 4,5-6,3 центнер қўшимча дон ҳосили олинган ва рентабеллик даражаси 25-35 фоизни ташкил этган;

кузги юмшоқ буғдойнинг «Сўғдиёна» нави Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари лалми майдонларидаги ғаллачилик фермер хўжаликларида жами 142 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 январдаги 02/21-75-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ушбу навдан андоза навларга нисбатан гектаридан 5,8-7,2 центнергача қўшимча дон ҳосили олишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish