Узақов Ғуломжон Оқбутаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистоннинг жанубий минтақасида кузги буғдой етиштиришда ресурстежамкор технологияларни такомиллаштириш», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Qx39.
Илмий раҳбар: Халилов Насриддин, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти, Қашқадарё филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти, PhD.27.06.2017.Qx.12.01.
Расмий оппонентлар: Атабаева Ҳалима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Бобомирзаев Пирназар Хурсанович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: республиканинг жанубий минтақаси суғориладиган ерларида буғдойни янги навларини очиқ майдонларда ва ғўза қатор ораларида етиштиришнинг ресурстежамкор агротехнологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор республиканинг жанубий минтақаси шароитида буғдойни янги навларини экиш муддатлари, меъёрлари, усулларини очиқ майдон ва ғўза қатор ораларида синалган ва улар мақбуллаштирилган;
замонавий ғалла экиш сеялкалари орқали анъанавий (СЗУ-3,6) экиш сеялкасига нисбатан ресурстежамкор технологиялар ишлаб чиқилган;
ресурстежамкор технологияларда буғдойни янги навларининг ўсиши, ривожланиши ва ўсимликларнинг қишлаб чиқиши, ҳосилнинг шаклланиши, ётиб қолишга чидамлиги аниқланган;
буғдой янги навлари донининг биокимёвий таркиби, оқсил ва клейковина миқдори, нонбоплик сифати баҳоланган, уларнинг кучли ва қимматли буғдой талабларига жавоб бериши аниқланган;
кузги буғдойнинг янги яратилган навлари учун энг мақбул етиштириш технологияси юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистоннинг жанубий минтақасида кузги буғдой етиштиришнинг ресурстежамкор технологияларни такомиллаштириш бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижалари асосида:
кузги буғдойни етиштиришда ресурстежамкор усулларни қўллаш юзасидан «Бошоқли дон экинларини етиштиришда ресурстежамкор усулларни қўллаш» номли тавсиянома ишлаб чиқилиб, фермер хўжаликларига жорий этилган (Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2018 йил 25 январда тасдиқланган). Бунинг натижасида рентабеллик даражаси 45-70 фоизни ташкил этган;
ғўза қатор ораларига Фанкхаузер-2115 сеялкаси ёрдамида кузги буғдой уруғларини тўғридан-тўғри экиш ва юқори ҳосил олиш агротехнологияси Қашқадарё вилоятининг Нишон, Қарши ва Касби туманлари ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига 2016-2017 йилларда, жами 59 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 16 октябрдаги №02/21-543-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ўсимликларнинг қишлаб чиқиши, ҳосилнинг шаклланиши, доннинг кимёвий таркиби, оқсил ва клейковина миқдори, нонбоплик сифатлари яхшиланган ва дон ҳосилдорлиги гектарига 5-7 центнерга ошган;
кузги буғдойни экиш муддатлари ва меъёрлари мақбуллаштирилган ресурстежамкор агротехнологияси Республиканинг жанубий минтақаси шароитида ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида кенг майдонларга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 16 октябрдаги №02/21-543-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида сув, ёқилғи мойлаш материаллари ва бошқа ресурслар тежалиб, гектаридан 658-1301 минг сўмгача соф фойда олинган, рентабеллик даражаси 31-71 фоизгача ошиши аниқланган.