Sayt test rejimida ishlamoqda

Норов Бекзод Нематовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Шўрланган тупроқ шароитида амалий селекция учун ғўзанинг қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган бошланғич ашёсини яратиш”, 06.01.05-Селекция ва уруғчилик  (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам B2021.1.PhD/Qx704.
Илмий раҳбар: Амантурдиев Алишер Балкибаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, PhD.05/27.02.2020.Qx.42.02.
Расмий оппонентлар: Бобоев Сайфулла Ғафурович, биология фанлари доктори, профессор; Холмуродова Гўзал Рўзиевна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўрта даражада шўрланган тупроқлар шароитида 
политестер топкросс усулидан фойдаланган ҳолда олинган дурагайлар асосида шўрга бардошли эртапишар, серҳосил, йирик кўсакли, юқори тола чиқими ва сифатига эга бўлган бошланғич ашёлар яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ғўзанинг G.hirsutum L. турига мансуб ssp.yucatanense (06421), ssp.punctatum (05152), ssp.morilli (09363), ssp.richmondi (09281), кенжа турлари ва АҚШ селекциясига мансуб “Aсala 1571-70”, “Aсala Sj-5”, “Deltapine 16”, “Paymaster 266”, “S.Compositae” навлари иштирокида олинган дурагайлардан кўп йиллик танлов асосида яратилган шўрга бардошли “Гулистон”, С-5706, С-5707 ва С-5709 навлари ҳамда эртапишар, вилтга чидамли Т-2674, Т-7211, Т-374, Т-45/573 тизмалари иштирокида ўрта даражада шўрланган тупроқ шароитларида политестер топкросс тизимида янги ноёб дурагайлар яратилган;
нав, тизма ва олинган дурагайларнинг комбинацион қобилиятига баҳо берилган, шўрга бардошлиликнинг ирсийланиш қонуниятлари аниқланган ҳамда селекция учун донорлар ва истиқболли дурагай комбинациялар ажратилган;
маҳсулдорлик белгисини ирсийланишида генларнинг роли турлича бўлиб, Гулистон ғўза навида аддитив генлар самараси устунлигида ирсийланган бўлса, С-5706, С- 5707 ва С-5709 навларида мазкур белгининг ирсийланиши доминант ва эпистатик генлар таъсири устунлигида аниқланган, махсус комбинацион қобилияти варианциялари натижасида Гулистон х Т-374, С-5706 х Т-2674, С-5707 х Т-45/573, ва С-5709 х Т-374 селекция учун истиқболли деб топилган;
дурагайларда айрим морфобиологик, қимматли хўжалик белгиларини ва тола сифатини ирсийланиши, ўзгарувчанлиги ҳамда белгилар орасидаги ўзаро корреляцион боғлиқликлар аниқланган;
шўрга бардошли, тезпишар, серҳосил, йирик кўсакли, тола чиқими ва сифати юқори бўлган оилалари бошланғич ашё сифатида амалий селекция жараёнига тавсия этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Шўрланган тупроқ шароитида амалий селекция учун ғўзанинг қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган бошланғич ашёсини яратиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосида:
шўрга бардошли, тезпишар, серҳосил, йирик кўсакли, тола чиқими ва сифати юқори бўлган янги О-5, О-7, О-11, О-74, О-77, О-98, О-99, О-101, О-360, О-368, О-369, О-140, О-144, О-419, О-224, О-226 ва О-233 оилалари яратилиб, ПСУЕАИТИнинг Сирдарё илмий тажриба станциясининг ўрта даражада шўрланган тупроқлари шароитида 1,5 га майдонда экилган ва уруғларини кўпайтириш ишлари олиб борилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 20 ноябрдаги №02/020-4701-сон маълумотномаси). Натижада ушбу оилалар ўрта даражада шўрланган тупроқлар шароитида яратилган бўлиб, тезпишарлиги 110,0-115,0 кунни, битта кўсакдаги пахта вазни 6,5-7,1 граммни, тола чиқими 38,0-41,0 фоизни ташкил этиб, ҳосилдорлиги 40,0 центнерни ташкил этган;
қимматли хўжалик белгиларининг юқори мажмуига эга бўлган ғўзанинг янги С-5727 нави яратилиб, 2021 йилда Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг турли тупроқ-иқлим шароитиларида жойлашган шаҳобчаларида синовдан ўтган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 20 ноябрдаги №02/020-4701-сон маълумотномаси). Натижада ушбу нав Давлат меъёрий талабларига тўлиқ жавоб берганлиги учун 2022 йилдан Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг турли хил тупроқ-иқлим шароитиларида жойлашган шахобчаларида конкурс нав синови учун қабул қилинган;
ҳаммуаллифликда ўрта толали ғўзанинг янги С-5710 нави яратилиб, 2020-2021 йилларда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги “Орифжон” элита уруғчилик фермер хўжалигида 2,5 гектар майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 20 ноябрдаги №02/020-4701-сон маълумотномаси). Натижада мазкур навнинг ўсув даври 116,0-120,0 кунни, битта кўсакдаги пахта вазни 6,5-7,1 г. ни, тола чиқими 38,0-39,0% ни, микронейр кўрсаткичи 4,1-4,5 ни, тола узунлиги 1,26 дюймни, умумий ҳосилдорлик 40,0-45,0 ц/га ни ташкил этиб, назорат навига нисбатан гектаридан 5,0-10,0 центнерга юқори ҳосил олинган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish