Sayt test rejimida ishlamoqda

Каримова Нилуфар Умматқул қизининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Нофилологик йўналиш талабаларига инглиз тилини ўқитишда “софт скилз”ни такомиллаштириш (корпоратив бошқарув йўнилиши мисолида)”, 13.00.02 – Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (инглиз тили). Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.PhD/Ped3563.
Илмий раҳбар: Бакиева Гуландом Хисамовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети,  DSc.03/30.12.2019.Fil/Ped.27.01.
Расмий оппонентлар: Тўхтасинов Илҳом Мадаминович, педагогика фанлари доктори (DSc), профессор; Уразбаев Ҳикматулло Исматуллаевич, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). 
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
Тадқиқотнинг мақсади инглиз тилини ўқитишда нофилологик йўналиш талабаларининг «софт скилз»ини ривожлантириш методикасини такомиллаштиришдан иборат.
II. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инглиз тилини ўқитишда нофилологик йўналиш талабаларининг «софт скилз» кўникмасини ривожлантириш концепциясининг мулоқот, ҳамкорликда ишлаш, танқидий ва ижодий фикрлаш каби компонентлари ва уларнинг таркибий қисмини ташкил этувчи асосий кўникмалар ва хусусий субкомпонентлар халқаро тажрибага асосланган  «софт скилз» фреймлари орқали аниқланган; 
корпоратив бошқарув талабаларида «софт скилз» кўникмасини такомиллаштириш ижтимоий-педагогик заруриятининг академик, касбий, ижтимоий ва психологик фаолият омилларини асослаш орқали инглиз тилини ўқитиш методикаси ва ўқув-услубий таъминоти илк бор «софт скилз» турлари интеграцияси асосида такомиллаштирилган;  
нофилологик йўналиш талабаларининг «софт скилз»ини ривожлантиришда инглиз тили фанининг педагогик потенциалини белгиловчи инглиз тили таълимининг мақсади, табиати, фанлараро интеграция, фанни ўқитишнинг ижтимоий шаклларидан фойдаланишга доир детерминантларни аниқлаш орқали инглиз тилини ўқитиш жараёнига «софт скилз»ни интеграция қилишга қаратилган дидактик таъминот такомиллаштирилган; 
чет тилини ўқитишда талабаларда «софт скилз» компонентларини ривожлантиришда талабаларнинг тажриба ва назорат гуруҳларидаги ўзлаштириш кўрсаткичлари орасидаги дифференциал тафовутни аниқлаш орқали лойиҳага асосланган таълим ёндашувида уч босқичли -  мазмунни ўрганиш, муаммони ҳал этиш, ўзаро қайта алоқани таъминлашга қаратилган микро технологиялар тизимидан фойдаланиш  самарадорлиги далилланган.  
III. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Талабаларга инглиз тилини ўқитишда «софт скилз»ни ривожлантириш усуллари (лойиҳага асосланган таълим ёндашуви орқали) юзасидан ишлаб чиқилган назарий-методологик ва амалий натижалар асосида: 
халқаро миқёсида ишлаб чиқилган  «софт скилз» қолипларини қиёслаш-таққослаш усули орқали ўрганиш асосида олий таълим тизими битирувчилари учун энг муҳим бўлган мулоқот, ҳамкорликда ишлаш, танқидий ва ижодий фикрлаш каби «софт скилз» компонентлари ва уларнинг таркибий қисмини ташкил этувчи асосий кўникмалар ва хусусий субкомпонентларни аниқлашга доир илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг А-1-209 рақамли «Маданиятлараро ва коммуникатив ёндашув нигоҳида магистратура мутахассислиги бўйича назарий фанлардан инглиз тилида дарслик ва ўқув қўлланмалар яратиш ва ўзбекча- инглизча-русча лингвистик терминлар изоҳли луғатини тузиш» мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2022 йил 11 апрелдаги 22/226-сон маълумотномаси). Натижада мазкур амалий лойиҳа бўйича электрон ресурслар, босма дарслик учун манбалар, назарий ва амалий материалларни тайёрлашга хизмат қилган;  
нофилологик йўналиш талабаларининг «софт скилз»ини ривожлантиришда инглиз тили фанининг педагогик потенциалини асословчи инглиз тили таълимининг мақсади, табиати, фанлараро интеграцияга оид, фанининг ўқитишнинг ижтимоий шаклларидан фойдаланишга доир детерминантлар аниқланган ва инглиз тилини ўқитиш жараёнига «софт скилз»ни интеграция қилишнинг илмий-назарий асосларидан Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури доирасида  бажарилган «561624-EPP-1-2015-1-UK-EPPKA2-CBHE-SP IMEP» номли халқаро лойиҳа доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2021 йил 29 декабрдаги 06/932-сон маълумотномаси). Натижада хорижий тил ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича яратилган ўқув-қўлланма ва дастурларни бойитишга эришилган; 
олий таьлим талабаларида «софт скилз»ни такомиллаштиришнинг ижтимоий-педагогик заруриятини ифодаловчи академик фаолият, касбий фаолият, ижтимоий фаолият ва психологик фаолият омиллари таснифидан Эрасмус+ дастурининг ICM, KA-107 - International Credit Mobility between European Union and Uzbekistan HEIs, through staff and student mobility exchange projects between Uzbekistan State University of World Languages and Ruhr University Bochum (Germany) - 2020-1-DE01-KA107-005433 халқаро лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2021 йил 29 декабрдаги 06/933-сон маълумотномаси). Натижада икки ОТМ ўртасида ишлаб чиқилган бакалавр босқичи, хорижий тилларни ўқитиш йўналишида кредит тизимини жорий қилиш бўйича ишлаб чиқилган дастур мазмунан бойитилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish