Sayt test rejimida ishlamoqda

Саидхонова Адибахон Муротхоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): « Болаларда аллергик ринитнинг коморбид кечишининг клиник - иммунологик хусусиятлари ва даволаш усулларини такомиллаштириш», 14.00.36 – Аллергология ва иммунология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.PhD/Tib2180.
Илмий раҳбар: Миррахимова Мактуба Хабибуллаевна, тиббиёт фанлар доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат тиббиёт институти, DSc.04/30.04.2022.Tib.93.01.  
Расмий оппонентлар: Наврузова Шакар Истамовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Татаурщикова Наталья Станиславовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: «Тошкент педиатрия  тиббиёт институти»
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: аллергик ринитнинг бронхиал астма билан коморбид кечишида клиник-иммунологик хусусиятларни ўрганиш ҳамда беморларнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган даволаш усулларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
болаларда аллергик ринитнинг бронхиал астма билан коморбид кечиши ривожланиши, ирсий мойиллик, ўтказилган ёндош касалликлар билан бир қаторда тиббий-биологик ҳамда ижтимоий омиллар касалликнинг коморбид кечишига сабаб бўлиши аниқланган;
болаларда аллергик ринитнинг бронхиал астма билан коморбид кечиши ривожланиши, касалликнинг кечиши ва оқибатларини башоратлашда IgЕ прогностик аҳамияти исботланган;
аллергик ринитнинг бронхиал астма билан коморбид кечишида Allergic Rhinitis and its Impact on Asthma шкаласи ва қон зардобида IgЕ миқдори орасида тўғри ва кучли корреляцион боғлиқлик мажудлиги аниқланган; 
аллергик ринитнинг бронхиал астма билан коморбид кечиши кузатилган болаларда даволашни такомиллаштириш мақсадида сублингвал иммунотерапиянинг бемор ҳаёт сифати кўрсаткичларига ижобий таъсири исботланган схемаси ишлаб чиқилган ва унинг самарадорлиги кўрсатиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Аллергик ринит бронхиал астма билан коморбид кечишининг клиник кўринишларини аниқлаш, ташхислаш ва даволаш усулларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
болаларда аллергик ринитнинг коморбид кечиш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Болаларда аллергик ринитнинг коморбид кечиш тамойиллари» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 21 июндаги 8н-д/561-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома аллергик ринит билан бир пайтда бронхиал астмага ҳам чалинган болаларда иммунитетнинг махсус омиллари фаолияти ва қондаги IgEни аниқлаш, касалликни ўз вақтида даволаш усулини қўллаш орқали унинг ривожланиши ва кутиладиган асоратларнинг олдини олиш имконини берган; 
болаларда аллергик ринитнинг замонавий ташхисоти ва даволашбўйича олиб борилган тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Болаларда аллергик ринитнинг замонавий ташхисоти ва даволашни такомиллаштириш» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 21 июндаги 8н-д/556-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома бронхиал астма билан аллергик ринитнинг бирга кечишида иммунитетнинг махсус омиллари фаолияти ҳолатидаги бузилишларни эрта аниқлаш, ўз вақтида даволашнинг оптимал усулларини танлаш ва қайталаниш даражасини камайтириш имконини берган;
аллергик ринитнинг бронхиал астма билан коморбид кечишини ташхислаш ва даволаш усулларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси, Тошкент шаҳар Учтепа тумани тиббиёт бирлашмаси ва Чирчиқ шаҳар кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси клиник амалиётига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 7 августдаги 8н-з/267-сон маълумотномаси). Олинган натижалар аллергик ринитни бронхиал астма билан коморбид кечиши аниқланган болаларда ташхислаш ва янги такомиллаштирилган даволаш услуби-сублингвал иммунотерапияни қўллаш орқали болаларда касалликни қайталаниш даражасини камайтиришга, касаллик асоратларини олдини олишга, беморларнинг хаёт сифатини яхшилашга  ҳамда болаларни стационарда даволаниш муддатини қисқартириш  имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish