Sayt test rejimida ishlamoqda

Тайлаков Толип Исакуловичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон  шароитида эчкиларнинг гельминтлари ва гельминтозлари”, 03.00.06-Зоология (ветеринария фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам B2017.2.DSc/V11.
Илмий маслаҳатчилар: Салимов Бури Салимович, ветеринария фанлари доктори, профессор; Юнусов  Худайназар Бекназарович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Cамарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, DSc.06/30.12.2019.V.12.01.
Расмий оппонентлар: Орипов Анвар Орипович, ветеринария фанлари доктори, профессор; Расулов Уткир Илашович, ветеринария фанлари доктори; Иззатуллаев Зувайд, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Л.М.Исаев номидаги микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий тадққиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистоннинг турли биогеоценозларида эчкилар гельминтозларининг эпизоотологияси, қўзғатувчиларининг гельминтофаунаси, тур таркиби, морфофункционал ҳамда биоэкологик хусусиятларини ўрганиш, даволаш ҳамда олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Самарқанд вилояти биоценозларида эчкилар гельминтозлари қўзғатувчиларининг жами 26 тури аниқланиб, шундан 4 тури трематодлар, 8 тури цестодлар ва 14 тури нематодларга тегишли эканлиги аниқланган;
Қашқадарё вилоятининг тоғолди-тоғ биоценозларида эчкилар гельминтозлари қўзғатувчиларининг жами 23 тури аниқланиб, шундан 1 тури трематодалар, 4 тури цестодлар ва 18 тури нематодаларга тегишли эканлиги аниқланган;
Наманган вилоятининг тоғолди-тоғ биоценозларида эчкилар гельминтозлари қўзғатувчиларининг жами 34 тури аниқланиб, шундан 3 тури трематодалар, 6 тури цестодлар ва 25 тури нематодаларга тегишли эканлиги аниқланган;
эчкилар трематодозлари пайтида кузатиладиган асосий клиник, гемоморфологик, гемобиокимёвий, иммунобиологик ва патологоанатомик ўзгаришлар илмий асосланган;
эчкилар гельминтозларини даволашда (10% ли альбендозол, Ивер-праз, Альбен-праз ва Монезол) замонавий антгельминтик препаратларини комбинацияли қўллаш орқали даволаш усуллари такомиллаштирилган;
эчкилар цестодозларининг олдини олишда анъанавий антгельминтикли-минералли-тузли яламани, эчкилар нематодозларининг олдини олишда эса албендозолли антгельминтикли-минералли-тузли яламани қўллаш бўйича профилактик тадбирлар мажмуаси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон шароитида эчкилар гельминтлари ва гельминтозлари бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
«Майда шохли ҳайвонлар мониезиозининг диагностикаси ва унга қарши кураш чоралари» ва «Эчкилар гельминтозларини даволаш ва олдини олиш чора-тадбирлари» бўйича тавсияномалар тасдиқланган ва ветеринария амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2022 йил 12 сентябрдаги №02/23-397-сон маълумотномаси).Ушбу тавсияномаларни қўллаш эвазига эчкиларнинг ҳар хил гельминтозларини даволаш ва олдини олиш орқали уларга ўз вақтида қарши курашиш имконияти яратилган;
Эчкиларнинг ичак цестодозларини даволаш ва олдини олишда Монезол, Ивер-праз ва Албен-праз препаратларини эчкиларнинг ҳар 10 кг тирик вазни ҳисобига 1 мл дан оғиз орқали қўллаш усули Нуробод туманидаги «Нурли эл чорвадори» МЧЖ ва шахсий ёрдамчи хўжаликларда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2022 йил 12 сентябрдаги №02/23-397-сон маълумотномаси). Натижада ичак цестодозлари билан зарарланган эчкиларнинг тўлиқ соғайишига ва эчкиларининг ичак цестодозлари билан зарарланишининг 100% олдини олинишга эришилган;
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманига қарашли «Каримов Нажмидин Салимович», «Тепақул чорваси» човачиликлик фермер хўжаликларида 630 бош эчкига 10 фоизли Албендазол антгельминтик препаратини 10 кг тирик вазн ҳисобига 1 мл дан оғиз орқали қўллаш усули амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2022 йил 12 сентябрдаги №02/23-397-сон маълумотномаси). Ушбу препаратни қўлланилиши натижасида эчкиларнинг трематодозлар ва нематодозлар билан зарарланишининг 90-95% олдини олишга эришилган; 
Антгельминтикли минерал тузли яламаларни 3 ой давомида эчкилар гельминтозларини олдини олиш ва  қарши курашда қўллаш бўйича гуруҳ усули ишлаб чиқилиб, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги «Нурли эл чорвадори» масъулияти чекланган жамияти, Қўшробот туманиниг «Оқтоғ боғлари» ва «Шамоли чорваси» чорва фермер хўжалиги, Наманган вилояти Поп туманидаги «Турсунов Зайниддин» эчкичилик фермер хўжаликларига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2022 йил 12 сентябрдаги №02/23-397-сон маълумотномаси). Ушбу усулни қўллаш натижасида тоғолд-тоғ ҳамда суғориладиган биоценозларидаги эчкиларнинг гельминтозлар билан билан зарарланишининг олдини олишга эришилган ҳамда гельминтозларни олдини олишда сарфланган 1 сўм харажатлар қоплами 11,50 сўмни ташкил қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish