Sayt test rejimida ishlamoqda

Байжанов Аллаберган Кадировичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «ОИВ инфекцияли беморларда антиретровирус терапия самарадорлигининг клиник-патогенетик жиҳатлари ва уни оптималлаштириш», 14.00.10–Юқумли касалликлар (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Tib73/

Илмий маслаҳатчи: Мусабаев Эркин Исакович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Вирусология илмий-текшириш институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.01.

Расмий оппонентлар: Атабеков Нурмат Саттиниязович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Вафакулов Садилло, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Худайкулова Гульнара Каримовна, тиббиёт фанлари доктори

Етакчи ташкилот: ОИТСга қарши курашиш ва профилактикаси бўйича федерал илмий-услубий марказ (Россия Федерацияси).

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: орттирилган иммунтанқислиги вируси инфекцияли беморларда антиретровирус терапиянинг самарадорлиги ва хавфсизлигининг клиник-патогенетик хусусиятлари ҳамда вирусни антиретровирус дориларга чидамлилигини аниқлаш орқали АРТни оптималлаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги.

ОИВ инфекцияли беморларда оппортунистик ва ёндош касалликлар спектри ва уларнинг касаллик ривожланишини кучайтириши ва олдини олишида салбий таъсир кўрсатиши аниқланган;

ОИВ инфекцияли беморларда антиретровирус терапиясининг аксарият ҳолатларда ножўя таъсири учраши ҳамда пасайишини мунтазам кузатувга олинганлиги АРТни оптималлаштиришда муҳим омиллардан эканлиги исботланган;

сурункали С вирусли гепатит ва ОИВ инфекцияли беморларда АРТ фонида гепатобилиар тизим патологиясини даволашда фосфогливнинг жигар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиши исботланган;

ОИВнинг антиретровирус дориларга сезувчанлигининг пасайиши ҳамда РНКдаги ўзгаришлар молекуляр-генетик тадқиқотлар асосида исботланган;

антиретровирус терапияни қўллашгача ОИВнинг антиретровирус дориларга бирламчи чидамлилигини турғунмаслигининг даврий назорат қилиш зарурлигининг тизимли механизми ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

ОИВ инфекцияли беморларда антиретровирус терапия самарадорлигининг клиник-патогенетик жиҳатлари ва уни оптималлаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

антиретровирус терапия самарадорлигини оптималлаштириш орқали беморларнинг умрини узайтириш ва яшаш сифатини яхшилаш бўйича олинган илмий натижалар «Антиретровирус дориларга ОИВнинг чидамлилигини назорат қилиш тизимини киритиш» услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 27 декабрдаги 8н-д/83-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма ОИВ инфекциясини ташхислаш ва даволашни яхшилаш ҳамда ушбу инфекция билан сурункали С вирусли гепатит бирга кечганда ташхислаш ва даволаш механизмини татбиқ қилишга имкон яратган;

ОИВнинг олдини олиш чора-тадбирлари ва тиббий ёрдамни ташкил этиш бўйича олинган илмий изланиш натижалари Соғлиқни сақлаш вазирининг «Ўзбекистон Республикасида  ОИВ инфекциясини олдини олиш чора-тадбирлари ва тиббий ёрдамни ташкил этишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 2012 йилнинг 28 мартдаги 80-сон буйруғига киритилган ва ОИТС марказлари иш фаолиятига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 29 декабрдаги 8н-з/61-сон маълумотномаси). Мазкур буйруқ ОИТС марказларида ОИВ билан касалланган беморларни даволаш тизимини такомиллаштириш имконини берган;

ОИВ билан касалланган аралаш инфекцияли беморларни олиб бориш тактикаси бўйича олинган илмий изланиш натижалари Соғлиқни сақлаш вазирининг 2010 йил 8 январдаги «ОИВ ва вирусли С гепатит: аралаш инфекцияли беморларни олиб бориш тактикаси» клиник баённомасига киритилган ва ОИТС марказлари клиникаларининг иш фаолиятига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 29 декабрдаги 8н-з/61-сон маълумотномаси). Мазкур протокол ОИВ билан хасталанган беморлар даволаш тизимини тўғри ташкиллаштириш имконини берган;

ОИВ инфекцияли беморларда антиретровирус терапиянинг самарасини ошириш, беморлар умрини узайтириш ва яшаш сифатини яхшилаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан Республика, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг ОИТСга қарши курашиш марказлари ҳамда Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси амалиётига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 29 декабрдаги 8н-з/61-сон маълумотномаси). Амалиётга жорий қилинган натижалар антиретровирус терапия харажатларини 12 ой давомида 29538894 сўмга камайтириш ҳамда ОИВнинг антиретровирус дориларга резистентлик шаклланиш хавфини камайтириш имконини яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish