Sayt test rejimida ishlamoqda

Назарова Шаҳноза Ибадуллаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “ХХ аср бошлари ўзбек шеъриятининг янгиланиш тамойиллари” (янги ўзбек шеърияти контекстида),  10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.DSc/Fil87.
Илмий маслаҳатчи: Каримов Наим Фотиҳович, филология фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.01.
Расмий оппонентлар: Болтабоев Ҳамидулла Убайдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор; Афоқова Нодира Махмудовна, филология фанлари доктори, доцент; Тожибоева Муқаддас Абдурахимовна, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ХХ аср бошлари ўзбек шеъриятининг янгиланиш тамойилларини кўрсатиб бериш, янги адабий манбаларни илмий муомалага киритиш, “миллий шеър” тушунчасини илмий асослаш ва унинг вазн, ритм, поэтик образ белгиларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
янгиланиш жараёнлари давр адабиётида қуроқ хронологик манзара ҳосил қилгани; Миллий уйғониш даври: маърифатпарварлик ва жадид адабиёти, деган икки катта даврга бўлиниши, жадид адабиётининг ўзи – тараққийпарварлик ҳамда янги давр ўзбек шеъриятига ажралиши; маърифатпарварлик адабиёти жадид адабиёти юзага келишида замин ҳозирлагани ва, айни вақтда, жадид адабиёти билан ёнма-ён боргани далилланган;
девон адабиётининг янгиланиш босқичлари аниқланган “Миллий ашъори Таржимон” (1910), “Миллий шеърлар мажмуаси ёхуд адаби дин” (1912), “Сабзазор” (1914), “Янги адабиёт” (1915) каби манбалар билан асосланган;
“миллий шеър” номли янги шеър тури аниқланганки, унинг алоҳида шеър тури сифатида ўз поэтик белгиларига эгалиги, хусусан, адабий тил қонуниятларини яратгани, рамзий-фалсафий мазмун билан тўйингани, услубий янгиликка, ифода таранглигига, ритм ва қофияда ранг-барангликка интилгани, кескин риторик сўроқлар ва хитобларга асосланиши, гарчи вазн, қофия жиҳатидан мумтоз жанрларга хос элементларга эга бўлса-да, тўлалигича ғазал, тўлалигича мусаммат, рубоий, таржеъбанд ёки таркиббанд эмаслиги, ёки халқ куйлари, қўшиқларини такрорлаётган бус-бутун бармоқ ҳам эмаслиги асосланган;
“миллий шеър” – ижрога мўлжалланган ҳуррият мавзусидаги барча шеърлар, ҳатто ҳарбий маршларни ҳам қамраб олгани, у ўзбек шеъриятида алоҳида шеър тури сифатида майдонга келиб, сўнг жадид адабиёти ичидаги алоҳида адабий ҳаракат даражасида етилгани далилланган;
рукнни туроққа тенглаштириш билан аруздан бармоққа ўтиб борилгани, яъни бармоққа ўтишда аруздан тўла воз кечилмай, аруз асосига таянган ҳолатда ўтилгани асосланган; аруз тизимидаги байт бора-бора бандга тенглаштирилгани, аруз кейинги жараёнларда – бармоқ структурасини шакллантиришда ҳам иштирок этгани Фитрат ва Чўлпоннинг янги топилган шеърлари мисолида далилланган; аскарий кучлар томонидан шеърларнинг халқ куйларига солиб куйланиши, ҳарбий маршларнинг халқ қўшиқлари нақоратига созланиши бармоқнинг жорийланиш жараёнини тезлаштиргани илк бор эълон қилинаётган маршлар мисолида кузатилган;
янги ўзбек шеърияти ўз образларини тизимга солгунча, янги поэтик тимсоллар яратгунча, мумтоз адабиёт асосига таянгани, бу жараёнда 40 дан ортиқ анъанавий поэтик образларнинг янги ижтимоий мазмун билан бойигани, янги семантик қатлам ҳосил қилгани исботланган; янги ўзбек шеъриятида яратган, илк истефодаси мазкур давргагина хос бўлган поэтик тимсоллар ҳамда поэтик унсурлар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. ХХ аср бошлари ўзбек шеъриятининг янгиланиш тамойилларини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
XX аср бошлари миллий уйғониш даври шоирлари ижодида қўлланган поэтик образлар, тимсоллар тадқиқига оид илмий хулосаларидан, шу жумладан, давр шеъриятида аниқланган: хаёл, мунгли она, булут // кўланка // парда, пўртана // вулқон // тўфон // бўрон, қор каби тимсоллар; асл ўғуллар, шарқ қизи / ўзбек қизи, тўра / афанди, нишондор / янги одам каби образлар; тадқиқот натижаси бўлган янги давр ўзбек шеърияти поэтик образлар луғати ва улар таҳлилига доир фактик материаллардан замондош образи ва унинг талқинларини яратишда Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бажарилган ОТ-Ф1-80 “Глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош образи” (2017-2020 йй.) фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2022 йил 24 октябрдаги 3/1255-2673-сон маълумотномаси). Натижада, “Глобаллашув: бадиий талқин, замон ва қаҳрамон” тадқиқотида замондош образи ва унинг талқинларини янада мукаммаллаштиришга эришилган;
ХХ аср бошлари ўзбек шеъриятининг янгиланиш тамойиллари, янгиланиш жараёнларида китоб ва матбуот нашрларининг ўрнига доир тадқиқот фактик материаллари ва назарий хулосаларидан; тадқиқот натижасида аниқланган ва тавсифланган 1910-1922 йилларга оид тошбосма ва босма китоблардан муаллифлар сайланмаларини шакллантириш ва янги материаллар билан бойитишда Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бажарилган ОТ-Ф1-77 “Ўзбек адабиёти дурдоналари 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш” (2017-2021 йй.) фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2022 йил 24 октябрдаги 3/1255-2673-сон маълумотномаси). Натижада, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон сайланмалари янги материаллар билан бойитилган;
Фитрат, Чўлпон, В.Маҳмуднинг арузга доир кузатишлари тавсифи, маърифатпарварлар, шунингдек, илк жадидларнинг Навоийга боғланган кўплаб татаббулари таҳлилига доир назарий хулосаларидан мумтоз арузнинг тараққиёт босқичлари, Навоий анъаналарининг таъсир доираларини ёритишда Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бажарилган ПЗ-20170930220 “Навоий қомусини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш” (2018-2020 йй.) амалий лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2022 йил 24 октябрдаги 3/1255-2673-сон маълумотномаси). Натижада, мумтоз арузнинг тараққиёт босқичлари, Навоий анъаналарининг таъсир доираларини ёритишда изчилликка эришилди;
Усмон Носир таваллуди 110 йиллиги муносабати билан эфирга узатилтган “Унутилмас сиймолар” кўрсатуви сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган, шунингдек, эришилган илмий натижалар доимий эфирга узатиб келинаётган “Очиқ намойиш” кўрсатувининг ХХ аср Қатағонига учраган бахшилар ҳаётидан сўзловчи “Бахши” спектакли таҳлилий сонини тайёрлашда муҳим методологик асос бўлиб хизмат қилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканали” давлат муассасасининг 2022 йил 12 октябрдаги 01-02-03/179-сон маълумотномаси). Натижада, телетомошабинларга жадид шеърияти, хусусан, Чўлпон анъналарининг Усмон Носир ижодида рамзий-ишоравий тарзда давом этганлигига доир янги маълумотлар етказиб берилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish