Sayt test rejimida ishlamoqda

Аҳмадов Аҳмаджон Асрор ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация иши ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XIX аср охири – ХХ аср биринчи чорагида Бухоро ва Афғонистон муносабатлари тарихи”, 07.00.01 - Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Tar845.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/27.02.2020.Таr.72.07.
Илмий раҳбар: Хаитов Шадмон Ахмадович, тарих фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Ғаффоров Шокир Сафарович, тарих фанлари доктори, профессор; Эрметов Аваз Абдуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Навоий давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XIX аср охири – XX аср биринчи чорагида Бухоро ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ, элчилик муносабатлари, икки мамлакатнинг ҳамкорлик алоқаларига мустамлака сиёсати таъсири масаласини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг  илмий янгилиги:
Бухоро амирлиги билан Афғонистон муносабатлари XVIII аср ўрталарида яъни бу икки давлат вужудга келиш жараёнидаёқ ўрнатилганлиги, афғон тахти учун курашларда мағлубиятга учраган шаҳзода ва тахт ворислари асосан Бухоро амирлигидан сиёсий бошпана топганлиги, амирлик ва Афғонистон ташқи сиёсатига икки мамлакат ўртасидаги қуда-андачилик ва қавм-қариндошчилик муносабатлари доимо ўз таъсирини кўрсатиб турганлиги далилланган;
Бухоро амирлиги ва Афғонистон алоқалари тарихида савдо-сотиқ муносабатлари икки мамлакат протекторатга айлангунга қадар ўзаро тенглик тамойиллари асосида қизғин кечганлиги, қарамлик даврида ҳам савдо йўлларининг ўнлаб тармоқлари орқали бу муносабатлар мавжуд эканлиги, Бухоронинг Россия империяси божхона тизимига киритилиши билан бу борадаги фаолиятда салбий ҳолатлар юз берганлиги, айниқса, маҳаллий савдогарларнинг мавқеи пасайганлиги исботланган;
1920 йилларда Афғонистон Бухоро (ўзбек) муҳожирлигининг асосий марказига айланганлиги, муҳожирликдаги оммавий тус олиши жараёнлари бир неча босқичларда кечиб, ушбу мамлакатга кўчганларнинг турли тоифа ва табақалари тўпланганлиги, “туркман муҳожирлиги” билан боғлиқ жиҳатлар очиб берилган; 
Бухоро амирлиги ва БХСР ҳукумати йилларида (1920-1924 йй) дипломатик алоқалардаги тўсиқ ва муаммолар, уларни ҳал этиш йўлидаги ҳукуматларнинг хатти-ҳаракати, Абдураҳим Юсуфзода ва Ҳошим Шойиқ сингари Бухоронинг Афғонистондаги элчилари фаолияти, элчиларнинг тақдирлари билан боғлиқ масалалар аниқлаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.  XIX аср охири – ХХ аср биринчи чорагида Бухоро ва Афғонистон муносабатлари тарихи мавзусида олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
Бухоро ва Афғонистон муносабатлари XVIII асрдан ўрнатилганлиги, ушбу муносабатларда қуда-андачилик, қавм-қариндошчилик муносабатлари таъсир кўрсатганлиги билан боғлиқ маълумотлардан ЎзМТРК Ўзбекистон тарихи телеканалида тўғридан-тўғри узатилган “Тарихий савол” кўрсатувларининг сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (ЎзМТРК “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2022 йил 20 январдаги 06.28-134-сон маълумотномаси). Кўрсатувларда тақдим этилган маълумотлар XIX аср охири -XX аср биринчи чорагида Бухоро-Афғонистон муносабатларининг асл моҳияти ва мазмунини кенг жамоатчиликка етказиб бериш учун хизмат қилган. 
ХIХ аср охири – ХХ аср биринчи чорагида Бухоро ва Афғонистон савдо ва маданий алоқалари тарихига оид келтирилган маълумотлар, далил ва рақамлар улар асосида ишлаб чиқилган “йўл харитаси”, чора-тадбирлар дастури, назарий билимлар мажмуаси кабилардан Бухоро вилоят Маданият бошқармаси фаолиятини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги 2022 йил 11 ноябрдаги 02-12-08-4780-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материал ва маълумотлар маданий алоқаларни истиқболда кенгайтиришнинг режа ва дастурларини такомиллаштиришга хизмат қилган.
ҳозирги даврда миллатлараро дўстона муносабатлар давлатлараро ўзаро барқарорликни таъминлашнинг асосий омили эканлиги, ўзбек-афғон дўстлиги жамияти фаолиятини кучайтириш, туризмни ривожлантириш орқали муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса хориждан ташриф буюрган туристларни илмий жиҳатдан асосланган маълумотлар билан таништиришни тақозо қилади. Ўзбекистонда ва Бухорода туризм салоҳиятини янада ошириш, бу борада янги йўналишларда йўл хариталари ишлаб чиқишда диссертант томонидан тайёрланган ахборот, таҳлилий материаллар ва илмий ишланмалардан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва Маданий мерос вазирлиги Бухоро вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармасининг 2022 йил 29 сентябрдаги 02-10/1476-сон маълумотномаси). Натижалар Ўзбекистон Республикаси Туризм ва Маданий Мерос вазирлиги Бухоро вилояти Туризм ва Маданий Мерос бош бошқармаси фаолиятини такомиллаштиришда ва истиқболли режалар ишлаб чиқилишига хизмат қилган.   

Yangiliklarga obuna bo‘lish