Sayt test rejimida ishlamoqda

Шукурова Барчин Самадовнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):  “Янги Ўзбек насрида этик ва эстетик идеал муаммоси (Л.Бўрихон ва Қ.Норқобил насри мисолида)”, 10.00.07 – Адабиёт назарияси (филология фанлари).    
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD /Fil.758.
Илмий раҳбар: Милиев Сувонқул, филология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.01.
Расмий оппонентлар: Амонова Зилола Қодировна, филология фанлари доктори, доцент; Жўрақулов Узоқ Ҳайдарович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва илмий-амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади янги ўзбек насрида этик ва эстетик идеал муаммосини Л.Бўрихон ҳамда Қ.Норқобил ижоди мисолида таҳлил қилиб, янгиланган ва замон билан ҳамнафас маънавий, ахлоқий, ижтимоий идеалларни аниқлаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
янги ўзбек насрида этик ва эстетик идеалнинг намоён бўлиши асосланиб, янги ўзбек насрида эстетик идеалнинг адабий қаҳрамон ва асар бадиий ғоясида мужассамлангани очиб берилган;
Луқмон Бўрихон “Имом Мотуридий” тарихий романида  комил шахс ва этик-эстетик идеал яратишда бадиий конфликт, киноявий услубдан   маҳорат билан фойдалангани далилланган; 
Луқмон Бўрихон ва Қўчқор Норқобил насрида ижтимоий идеаллар (меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, тинчлик, фаровонлик) ва идеалларнинг замонавийлиги ҳамда даврлар оша ўзгарувчанлиги аниқланган;
янги ўзбек насрида миллий қадрият ва анъаналарнинг идеал сифатида намоён бўлиши, муаллиф эстетик идеалини ифодалашда анъанавий реализм имкониятлари ҳамда киноявий бадиий воситалардан фойдалангани илмий ўрганилиб, адибнинг ижодий ютуғи сифатида кўрсатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек насрида этик ва эстетик идеал муаммолари мавзусида олиб борилган тадқиқотлар асосида:
глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош образини ўрганишда тадқиқотчининг “Ҳикояда миллий характер ва замонавий муаммолар талқини” (Ўзбек тили ва адабиёти, 2020, 2-сон, 58-60-бетлар), “Ҳикояда қаҳрамон руҳияти тасвири” (Ўзбек тили ва адабиёти, 2020, 6-сон, 80-84-бетлар) мақолаларида диссертация мавзуси юзасидан чоп қилинган тадқиқотларидаги ҳозирги ўзбек насрида миллий анъаналар ва қадриятларни муқаддас билган ўзбек характери, замон билан ҳамнафас адабий қаҳрамонлар, ҳалоллик, меҳнаткашлик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик, бунёдкорлик, ҳаётсеварлик, садоқат, оилапарварлик каби олий идеаллар ҳақидаги илмий-назарий муаммоларни аниқлаштиришга доир хулосаларидан ОТ-Ф1-80 – “Глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош образи” фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2022 йил 1 мартдаги 3/1255-499-сон маълумотномаси). Натижада “Глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош образи” (Тошкент: Муҳаррир, 2018) жамоавий тўпламида янги ўзбек насрида фаол ижод қилаётган икки ёзувчи Луқмон Бўрихон ҳамда Қўчқор Норқобилнинг роман, қисса, ҳикояларида намоён бўлган этик ва эстетик идеаллари муаммоси кенгроқ ёритилган;
“Луқмон Бўрихон. Танланган асарлар. Роман ва ҳикоялар” жилдлигини тайёрлаш ҳамда бу жилдликларга “Кириш сўзи” ва “Изоҳлар” тайёрлашда тадқиқотчининг “Луқмон Бўрихон ҳикоячилик маҳорати: таассуб ва тадриж”, “Ҳикояда қаҳрамон руҳияти тасвири” (2020)” мақолаларидаги ёзувчи насрига хос индивидуал хусусиятлар, этик ва эстетик идеални яратишдаги ижодий янгиланишлари ҳақидаги илмий-назарий хулосаларидан ОТ-Ф-77 “Ўзбек адабиёти дурдоналари 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш” фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2022 йил 1 мартдаги 3/1255-499-сон маълумотномаси). Натижада янги ўзбек насрининг истеъдодли носири Луқмон Бўрихон асарларида намоён бўлган замонавий ижтимоий идеаллар (бунёдкор меҳнат кишиси образи) ҳамда умуминсоний олий идеаллар, соф муҳаббат ва одамийлик идеаллар ҳақидаги илмий хулосалар билан бойитилишига хизмат қилган;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Наср кенгаши йиллик ҳисобот йиғилишларида, ёш ижодкорлар билан адабий машғулотларда, маънавий- маърифий тадбирларда янги ўзбек насрида илк бор яратилган Имом Мотуридий образининг шарқона этик-эстетик идеаллиги масаласи Л.Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” романи бадиий эстетик таҳлили, шунингдек, янги ўзбек насрида уруш ва тинчлик мавзусини халқаро миқёсда кенг бадиий тарғиб этаётган Қ.Норқобилнинг “Кўзларингни кўргани келдим”, “Табассум қил, севгилим” тўпламларига кирган қисса ва ҳикояларидаги эстетик идеаллар талқини бўйича олиб борилган илмий-назарий хулосаларидан фойдаланилган (Ёзувчилар уюшмасининг 2022 йил 28 июндаги 01-03/853-сон маълумотномаси). Натижада адабиётшунослик ва танқидчиликда ёзувчи шахси ва этик ва эстетик идеали масаласи кўрсатиб берилган;
янги ўзбек насрида миллий қадрият ва анъаналарнинг идеал сифатида намоён бўлиши, муаллиф эстетик идеалини ифодалашда анъанавий реализм имкониятлари ҳамда киноявий бадиий воситалардан фойдалангани илмий ўрганилиб, адибнинг ижодий ютуғи сифатида кўрсатилганлигига оид илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телеканалида тайёрлаб, эфирга узатилган илмий-маърифий кўрсатувларда, хусусан “Ассалом Ўзбекистон” ҳамда “Зиёли минбари” телекўрсатувлари сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканали давлат муассасасининг 2022 йил 21 сентябрдаги 06-28-1404-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувларда кўтарилган адабий масалаларнинг илмий асоси таъминланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish