Sayt test rejimida ishlamoqda

Утаганов Хусан Байматовичнинг
фалсафа доктори (РhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Култиваторнинг ток туплари орасига ишлов берувчи ишчи органи  параметрларини асослаш», 05.07.01 – Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/T1669.
Илмий раҳбар: Мусурмонов Аззам Турдиевич, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Академик Махмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти, DSc.05/13.05.2020.T.112.01.
Расмий оппонентлар: Имомқулов Қутбиддин Боқижонович, техника фанлари доктори, профессор; Кузиев Улуғбек Таджиевич, техника фанлари бўйича PhD, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. Култиваторнинг ток қаторлари ва туплари орасидаги тупроққа ишлов берадиган бурилувчи ишчи органи конструкциясини ишлаб чиқиш ва параметрларини асослаш орқали мазкур агротадбирнинг бажарилиш сифатини ошириш ва харажатларни камайтириш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ток қаторлари ва туплари орасидаги тупроққа ишлов берадиган бурилиб ишлайдиган ишчи орган конструкцияси дала юзасига тўлиқ ишлов берилишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган;
токчилик култиваторининг бурилиб ишлайдиган ишчи органининг ўлчамлари ва ҳаракат траекторияси ток қаторлари ва туплари орасидаги масофани ҳисобга олган ҳолда ток поясига шикаст етказмаслик шартидан аниқланган;
култиваторининг бурилиб ишлайдиган ишчи органининг горизонтал текисликда барқарор ҳаракатланиши унга таъсир кўрсатадиган кучларни ҳисобга олган ҳолда аниқланган;
култиваторни ток қаторлари орасида ҳаракатланиш тезлиги тупроқнинг уваланиш сифати агротехник талаблар даражасида бўлиши лозимлигидан келиб чиқиб асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ток қаторлари ва ток туплари орасидаги тупроққа ишлов берадиган ишчи органли култиваторни ишлаб чиқиш бўйича олинган натижалар асосида:
токчилик култиваторига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг 2 та ихтирога (IAP 06381 (29.01.2021 й.), IAP 06380 (29.01.2021 й.)) патенти олинган. Натижада ток қаторлари ва ток туплари орасидаги тупроққа ишлов берадиган култиваторнинг конструкцияси ва саноат нусхасини ишлаб чиқиш имконияти яратилган;
ток қаторлари ва туплари орасидаги тупроққа ишлов берадиган култиваторнинг техник ҳужжатлари (дастлабки талаблар, техник топшириқлар ва чизмалар) «BMKB-Agromash» АЖ нинг ишлаб чиқариш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 1-декабрдаги 02/023-4903-сон маълумотномаси). Натижада токчилик култиваторини лойиҳалаш ва тажриба нусхаларини ишлаб чиқариш имкони яратилган;
ишлаб чиқилган токчилик култиватори республиканинг узумчиликка ихтисослашган хўжаликларида, жумладан, Академик Махмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг тажриба станциясида, Тошкент вилояти Қибрай тумани “Ён ариқ Санаатилла” фермер хўжалигида, Тошкент тумани “Нигматов Рихсибой агрофайз” фермер хўжалигида, Паркент тумани “Мирабдулла ўғли Мираьло” ва “Гулбоғ Бурхон” фермер хўжаликларида синовлардан ўтказилган ва жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 1 декабрдаги 02/023-4903-сон маълумотномаси). Натижада ток култиваторидан фойдаланилганда ток қаторлари ва туплари орасидаги тупроққа сифатли ишлов бериш ва бегона ўтларни тўлиқ йўқотиш ҳисобига култиватордан фойдаланиш харажатларини 34,4 % га, ёнилғи сарфини 15 % га камайтириш ва иш унумини 20 % га оширишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish