Sayt test rejimida ishlamoqda

Исомиддинов Анваржон Иномжоновичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Фазовий ўзгарувчан юкланишлардаги стерженларнинг физик чизиқсиз масалаларини ечишнинг математик моделлари ва алгоритмлари», 05.01.07–Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/T194.

Илмий раҳбар: Юлдашев Таджимат, техника фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.27.06.2017.Т.07.01.

Расмий оппонентлар: Хўжаев Исматулло Кушаевич, техника фанлари доктори; Расулмухамедов Махамадазиз Махамадаминович, физика-математика фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: материалларнинг емирилишини ҳисобга олган ҳолда фазовий ўзгарувчан юкланишлардаги стерженлар физик чизиқсиз деформацияланиш жараёнларининг математик моделлари, самарали ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий таъминотларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

В.Қ.Қобуловнинг аниқлаштирилган назарияси ва вариацион тамойил асосида материалларнинг емирилишини ҳисобга олган ҳолда мураккаб ташқи кучлар таъсиридаги стерженларнинг физик чизиқсиз масалаларини ечиш учун математик моделлар ишлаб чиқилган;

фазовий такрорий юкланишлардаги стерженларнинг кучланганлик ҳолатларини ўзгармас ва фиктив координата системаларида ҳисоблашнинг табиий чегаравий шартли иккинчи тартибли тўққизта дифференциал тенгламалар системаси кўринишидаги кўп параметрли математик моделлари ишлаб чиқилган;

А.А.Ильюшиннинг эластик ечим усули бўйича стерженларнинг физик чизиқсиз масалаларини ечишнинг марказий-айирмали схемали ва чекли айирмалар усулининг А.А.Самарский-И.В.Фрязинов модификациялари асосидаги турли аппроксимацияли сонли ҳисоблаш алгоритмлари ишлаб чиқилган;

математик моделлари кўп параметрли дифференциал тенгламалар орқали ифодаланувчи стерженларнинг бир неча физик чизиқсиз масалаларини сонли ҳисоблашга йўналтирилган, аниқлик даражаси юқори, турғун ечимга тез яқинлашиш имконини берувчи самарали ҳисоблаш алгоритмлари ишлаб чиқилган;

геометрик, статик ва аралаш чегаравий шартлар билан стерженларнинг турли ўзгарувчан юкланишлар ва текисликлардаги физик чизиқсиз масалаларини компьютерда шакллантириш ҳамда ечиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим яратилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Пластиклик ва емирилиш функцияларини ҳисобга олган ҳолда стерженларнинг физик чизиқсиз масалаларини ечиш ҳамда материалларнинг кучланганлик ҳолатини баҳолаш бўйича яратилган математик моделлар, алгоритмлар ва дастурий мажмуалар асосида:

вариацион тамойил асосида ишлаб чиқилган, иккинчи тартибли чизиқсиз дифференциал тенгламалар системаси кўринишидаги математик моделлар, ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурлар мажмуи «Tashkent metroproekt», “Techno engineering expert” ва “Zamin dizayn” масъулияти чекланган жамиятлари объектларига жорий этилган (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2018 йил 9 январдаги 164/02-13-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижалари лойиҳа ҳисоб ишлари учун вақт сарфини 2 марта тежаш ҳамда ҳисоблаш хатолигини 18% гача камайтириш хисобига умумий лойиҳа жараёнларининг сифати ва тезлигини ошириш имконини берган; 

фазовий такрорий-ўзгарувчан юкланишлардаги стерженларнинг физик чизиқсиз масалалари учун ишлаб чиқилган жорий ва ўзгарувчан координаталар системасидаги математик моделлар, ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурлар мажмуи «Tashkent metroproekt» МЧЖ томонидан Тошкент метрополитени иншоотларини лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2018 йил 9 январдаги 164/02-13-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида ишлаб чиқилган дастурий таъминот метрополитен иншоотларини лойиҳалаш ишлари самарадорлигини 12-18 % га ошириш имконини берган;

табиий чегаравий шартли иккинчи тартибли чизиқсиз дифференциал тенгламалар системаси учун чекли айирмалар усулининг А.А.Самарский-И.В.Фрязинов модификациялари асосида яратилган ҳисоблаш алгоритмлари “Techno engineering expert” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишларини лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2018 йил 9 январдаги 164/02-13-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида яратилган сонли ҳисоблаш алгоритмлари конструкция элементларининг дастлабки ҳисоб ишларини сезиларли даражада яхшилаш, жумладан, ҳисоблаш аниқлигини 1,2 мартага, умумий лойиҳа жараёнининг сифати ва тезлигини эса 15-20% гача ошириш имконини берган;

бўйлама, кўндаланг ва буровчи кучларнинг биргаликдаги таъсирини ҳисобга олган ҳолда стерженларнинг физик чизиқсиз масалаларини ҳисоблаш ва сонли натижаларни таҳлил этиш имконини берувчи автоматлашган тизим “Zamin dizayn” МЧЖ томонидан лойиҳа ҳисоб ишларини амалга ошириш жараёнига жорий қилинган (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2018 йил 9 январдаги 164/02-13-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида яратилган автоматлашган тизим ҳисоблаш хатолигини 18% гача камайтириш, лойиҳалаш ишлари самарадорлигини 25% гача ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish