Sayt test rejimida ishlamoqda

Бўтаев Жонибек Шодиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Самарқанд вилоятининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлари тарихи (XIX асрнинг иккинчи ярми–XX аср бошлари), 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Tar821.
Илмий раҳбар: Саидбобоев Зокиржон Абдукаримович, тарих фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Мусаев Нуриддин Умурзакович, тарих фанлари доктори, профессор; Эргашев Бахтияр Эргашевич, тарих фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XIX аср иккинчи ярми–XX аср бошларида Самарқанд вилоятидаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
XIX аср иккинчи ярми–XX аср бошларида Зарафшон округи ва Самарқанд вилояти бошқаруви ҳамда маъмурий-ҳудудий бўлиниш тизими (уездларда участка ва волостлар тузилиши)даги ўзгаришлар империянинг сиёсий ислоҳотлар ва ер-сув тадбирлари натижаси эканлиги очиб берилган;
вилоятнинг мустамлака даврида аҳоли сони ва қатламларидаги ўзгаришлар, тиббий таркиб асосан шаҳарларда ташкил этилиб, уездларда бу соҳага етарли эътибор қаратилмаганлиги, санитар ва эмлаш тадбирлари, дорихоналар фаолияти ҳамда тиббий муассасалар даволанувчилари маблағлари ҳисобига фаолият кўрсатгани аниқланган;
қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар (уруғчилик станциялари, инструкторлар ва агрономлар фаолияти) ва хомашё етказувчи саноат империя манфаатларига хизмат қилгани, нотўғри солиқ сиёсати, йиғимлар ва жарималар метрополия бюджетини тўлдириб, халқнинг қашшоқлашишига сабаб бўлгани кўрсатиб берилган;
вилоятнинг саноат тармоқлари (пахтани қайта ишлаш, ёғ-мой, виночилик, шишасозлик, тоғ-кон иши, чой-қадоқлаш ва ҳ.к) ҳамда ҳунармандчилик ҳолати ўлканинг бошқа ҳудудларидаги кўрсаткичлар динамикаси билан қиёсий далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. XIX аср иккинчи ярми–XX аср бошларида Самарқанд вилоятининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлари тарихига оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
вилоятнинг мустамлака даври ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳасидаги тадбирлари ва унинг натижалари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston tarixi” телеканалининг “Taqdimot” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston teleradiokanali” давлат муассасасининг 2021 йил 30 сентябрдаги 01-13-1546-сон маълумотномаси). Кўрсатувда диссертациянинг асосий мазмуни ва хулосаларидан фойдаланилиши томошабинларда вилоятнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тарихи бўйича маълум тасаввур ва кўникмаларга эга бўлишларига хизмат қилади; 
XIX аср иккинчи ярми–XX аср бошларида Зарафшон округи ва Самарқанд вилояти бошқаруви ҳамда маъмурий-ҳудудий бўлиниш тизими (уездларда участка ва волостлар тузилиши)даги ўзгаришлар империянинг сиёсий ислоҳотлар ва ер-сув тадбирлари натижаси эканлиги очиб берилганлигига оид янгиликдан Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида илмий ахборот ва тадқиқот сифатида фойдаланилиб, тадқиқотга доир илмий журналларда ҳамда халқаро конференцияларда эълон қилинган мақолалардан музей-қўриқхона ҳужжатлар фондидаги XIX аср охири–XX аср бошларига тааллуқли музей ашёларига илмий ишлов беришда, тизимдаги музейлар экспозиция залларидаги экспонатларни ташриф буюрувчиларга тушунтиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг 2022 йил 31 майдаги 02-01/1519-сон маълумотномаси). Натижада республикамизнинг музей туризми ва маданий мерос объектлари бўйича самарали маълумот воситаси сифатида хизмат қилган;
мустамлака даври вилоят бошқаруви ва маъмурий-ҳудудий бўлиниш тизимидаги ўзгаришлар империянинг сиёсий ислоҳотлар ва ер-сув тадбирлари натижаси эканлиги, аҳоли табақаланиш тизимидаги ўзгаришлар моҳияти, тиббий муассасалар даволанувчилар маблағлари ҳисобига фаолият кўрсатганлиги, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар (уруғчилик станциялари, инструкторлар ва агрономлар фаолияти) ва хом-ашё етказувчи саноат империя манфаатларига хизмат қилгани, нотўғри солиқ сиёсати, йиғимлар ва жарималар империя маъмурияти бюджетини тўлдириб, халқнинг қашшоқлашишига сабаб бўлгани тўғрисида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг турли тарғибот тадбирларида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг 2022 йил 22 июндаги 4-13-23-1846-сон маълумотномаси). Бунинг натижасидан эса ёш авлодда тарихимиз бўйича хулосалар чиқариб, тарихий тафаккурини бойитишда фойдаланиш мумкин.

Yangiliklarga obuna bo‘lish