Sayt test rejimida ishlamoqda

Турдибеков Мўмин Тўраевичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Шимолий Тожикистон топонимларининг тарихий-лингвистик хусусиятлари”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.DSc/Fil408.
Илмий маслаҳатчи: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.03.
Расмий оппонентлар: Собиров Абдулҳай Шукурович, филология фанлари доктори, профессор; Йўлдошев Иброҳим Жўраевич, филология фанлари доктори, профессор; Улуғов Носиржон, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот:  Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Шимолий Тожикистон топонимларининг келиб чиқиш омиллари, номланиш сабаблари, лексик-семантик ва ономастик-грамматик, этимологик-этнолингвистик хусусиятларини очиб беришдан иборат.  
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Шимолий Тожикистон топонимларининг халқ тарихи, маданияти, ижтимоий муносабат ва табиий шароит билан боғлиқ семантик, ўз ва ўзлашма қатламга муносабатининг лингвистик хусусиятлари очиб берилган;
Шимолий Тожикистон топонимиясига мансуб Ўратепа, Ғончи, Патар, Сирдарё, Хужанд каби атоқли отларнинг этимологик хусусиятлари Хитой солномалари, Муғ тоғидан топилган сўғд ҳужжатлари, Шарафидин Али Яздийнинг “Зафарнома”, З.М.Бобурнинг “Бобурнома” асарлари асосида ойдинлаштирилган;  
Шимолий Тожикистон жой номларининг этимологияси, топонимик маъноси, фонетик, морфемик ва морфологик моделлари, уларнинг шаклланиши ҳамда ясалишига оид диахрон ва синхрон хусусиятлари ҳозирги ўзбек тили топонимикаси назариясига мувофиқ аниқланган;
Шимолий Тожикистон ҳудудидаги жой номларининг этнотопоним, антропотопоним, гидротопоним, фитотопоним, касб-кор атамалари асосида шаклланган семантик типлари далилланиб, топонимлар ономастик тамойил ва меъёрларга мос ҳолда уларнинг лингвистик табиатига хос лисоний, асос+қўшимча, асос+асос, асос+асос+қўшимча таркибли ономастик-морфемик; от+сифат, от+от, от+феъл, сифат+от, сон+от моделли ономастик-морфологик; аффиксация, конверсия, трансонимизация билан боғлиқ ономастик-деривацион хусусиятлари очиб берилган;
Шимолий Тожикистон топонимларининг шаклланишида уруғ номлари, географик объект номлари, антропонимлар, гидронимлар асос бўлганлиги, Шимолий Тожикистон умумий топонимик бирликларнинг кўпчилиги туркий этнонимлар асосида ясалгани далилланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Шимолий Тожикистон туркий топонимларининг лексик-грамматик, этимологик ва лингвистик тадқиқи жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
Шимолий Тожикистон ҳудудидаги жой номларининг этнотопоним, антропотопоним, гидротопоним, фитотопоним, касб-кор атамалари асосида шаклланган семантик типлари; топонимларнинг ономастик-морфемик, ономастик-морфологик, ономастик-деривацион хусусиятлари юзасидан билдирилган хулосаларидан RZ-2020042022 рақамли “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш” (2018-2021) илмий-амалий лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022 йил 5 июлдаги 01/6-2227-сон маълумотномаси). Натижада ясалиш ҳодисасининг топонимларга тегишли хусусиятларини ёритиш, тавсифлашнинг мукаммаллашувига эришилган;
Шимолий Тожикистон топонимиясига мансуб Устравшан, Ўратепа, Ғончи, Патар, Сирдарё, Хужанд каби атоқли отларнинг илмий манбалар асосидаги этимологик хусусиятлари талқинига доир хулосаларидан 2018-2020-йилларда бажарилган ПЗ-20170927147 рақамли “Қадимги даврлардан ХIV асргача бўлган туркий ёзма манбалар тадқиқи” мавзусидаги амалий лойиҳанинг бажарилишида фойдаланилган. (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022 йил 13 майдаги 04/1-932-сон маълумотномаси). Натижада тарихий топонимларда тараққий этиб келаётган тарихий-фольклорий жараённинг муҳим хусусиятлари мавжудлиги, топонимик материаллар берган маълумотлар ёрдамида эпик сюжетнинг анъанавийлашиш жараёни ва унинг таркибидаги асосий мотивлар генезиси масалаларини илмий асосларда ёритиш имкони таъминланган;
Шимолий Тожикистон топонимларининг халқ тарихи, маданияти, ижтимоий муносабат ва табиий шароит билан боғлиқ семантик, ўз ва ўзлашма қатламга муносабатининг лингвистик хусусиятлари, топонимларнинг шаклланишида уруғ номлари, географик объект номлари, антропонимлар, гидронимлар асос бўлганлиги, Шимолий Тожикистон топонимларининг кўпчилиги туркий этнонимлар асосида ясалгани хусусидаги хулосалардан 2018-2020 йилларга мўлжалланган ОТ-Ф1-029 рақамли “Ўзбек давлатчилиги тарихида суғдий тил ва ёзувининг тутган ўрни (мил.ав. II – милодий XII асрлар)” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022 йил 3 июндаги 15-1079-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек давлатчилиги тарихи, тил ва ёзув муносабати масаласининг фактик материаллар билан асосланиши учун манба сифатида хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish