Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўрозов Бахриддин Омоновичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўза селекциясида гоммоз ва вилтга бардошли навлар яратишда мураккаб дурагайлаш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Qx133.

Илмий раҳбар: Ибрагимов Паридун Шукурович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети ва Андижон қишлоқ хўжалик институти, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.

Расмий оппонентлар: Наримонов Абдужалил Абдусамадович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори; Бобоев Сайфулла Ғофурович, биология фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ўрта толали ғўза навларини тур ичида чатиштиришдан олинган мураккаб дурагайларни ўрганиш асосида ғўзанинг гоммоз ва вилт касалликларига бардошли бўлган намуналарни таҳлил қилиш ҳамда селекция ишлари учун навлар яратишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор гоммоз ва вилт касалликларига бардошли бўлган ғўзанинг трансгрессив генотипларини пайдо бўлишига мураккаб дурагайлаш услубининг таъсири аниқланган;

сунъий зарарлантирилган фонда маҳсулдорлик ва тола сифати белгиларига гоммоз бактерияларни ва вилт замбурғларини салбий таъсири ҳамда дурагай популяцияларни гибридиологик таҳлили асосида янги генотиплар ажратиб олинган;

мураккаб дурагайлашда якка танловлар натижасида гоммоз ва вилт касалликларининг ирсийланиши ҳамда ирсийланиш коэффициенти аксарият ҳолда оддий дурагайларга нисбатан юқори бўлганлиги аниқланган;

белгилар орасидаги коррелятив боғлиқликлар мураккаб дурагайлаш натижасида ижобий томонга оғиши маълум бўлиб, тезпишарлик ва вилтга бардошлилик белгилари бир генотипда мужассамланганлиги аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ғўза селекциясида гоммоз ва вилтга бардошли навлар яратишда мураккаб дурагайлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:

ғўзани оддий ва мураккаб дурагайлаш усуллари асосида гоммоз ва вилт касалликларига бардошли, тезпишар ҳамда ҳосилдорлиги юқори бўлган С-2612 ва С-2615 навлари Интеллектуал Мулк агентлигининг селекция ютуғига патенти олинган (NAP 2015 0018; NAP 2015 0019). Натижада фермер хўжаликларида мазкур ғўза навлари пахта ҳосилдорлиги ошган ва рентабеллик даражаси 20-25 фоизни ташкил этган;

тезпишар, стресс омилларга бардошли ва ҳосилдорлиги юқори бўлган янги яратилган «С-2612» нави Сурхондарё вилояти пахтачилик фермер хўжаликларпида 150 гектар, гоммоз ва вилт касалликларига бардошли бўлган «С-2615» ғўза нави Андижон вилоятида 10 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигини 2018 йил 24 январдаги 07/20-93-сон маълумотномаси). Натижада «С-2612» ва «С-2615» ғўза навлари пахта ҳосилдорлиги гектаридан 3,3-3,5 центнергача ортишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish