Sayt test rejimida ishlamoqda

Шодиев Санжар Рўзиқуловичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Ўзбекистон жанубидаги ер усти сувининг гидрологик ва гидрокимёвий хусусиятлари (Қашқадарё, Сурхондарё, Зарафшон ҳавзалари)», 11.00.03 - Қуруқлик гидрологияси. Сув ресурслари. Гидрокимё (география фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.4.DSc/Gr39.
Илмий маслаҳатчи: Чембарисов Эльмир Исмаилович, география фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гидрометеорология илмий-текшириш институти, DSc.27/30.12.2019.Gr.47.01.
Расмий оппонентлар: Мурадов Шухрат Одилович, техника фанлари доктори, профессор; Юнусов Ғолиб Хўжаевич, география фанлари доктори, доцент; Рафиқов Вахоб Асомович, география фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон жанубидаги Қашқадарё, Сурхондарё, Заравшон дарёлари ҳавзалари дарё ва коллектор-зовур сувларини гидрологик ва гидрокимёвий хусусиятларини аниқлаш ва улардан суғоришда қайта фойдаланиш усулларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
дарё ва коллектор-зовур сувларининг гидрологик ва гидрокимёвий хусусиятларини таҳлил қилишнинг ҳавза ландшафт-галогеокимёвий усули такомиллаштирилган ва алгоритми яратилган;
ГАТ технологияларидан фойдаланган ҳолда дарё сувларининг сифати бўйича турли хил гидрокимёвий хариталар туркуми тузилган;
дарё сувларининг минерализацияси ва кимёвий таркиби «ҳавзали» усулининг формуласидан фойдаланган ҳолда прогноз қилинган;
Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги магистрал коллекторларининг кўп йиллик гидрологик ўзгаришлари баҳоланган ва ГАТ технологиялари асосидаги хариталарда акс эттирилган, бунда уларнинг йил давомидаги режимининг янги  - «мураккаб» тури аниқланган;
шўрланиш, магний ва натрийли ишқорланиш ва хлоридли шўрланиш хавфини ҳисобга олган ҳолда коллектор сувларининг ирригацион сифати комплекс баҳоланган;
Қарши чўли коллектор сувларидан фойдаланган холда турли вариантларда суғориш (дарё) суви билан аралаштириб ишлатиш ҳамда янги технологиялардан фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Қашқадарё, Сурхондарё ва Зарафшон ҳавзалари ер усти сувларининг гидрологик ва гидрокимёвий хусусиятларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
алгоритм кўринишида тақдим этилган ер усти сувларининг гидрологик ва гидрокимёвий хусусиятларини таҳлил қилишнинг такомиллаштирилган ҳавзали ландшафт-галогеокимёвий усулидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида дарё ва коллектор-зовур сув оқимларининг тавсифлари ва сифатини кўп йиллик ўзгаришини таҳлил қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 6 июндаги  03/26-1248-сон маълумотномаси). Натижада, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги суғориш ва коллектор-зовур сувларининг замонавий миқдорий гидрологик кўрсаткичларининг боғлиқликларини бир қатор ГАТ хариталарини тузиш орқали баҳолашга имкон берган;
ҳавзаларда дарё оқимининг шаклланиш хусусиятлари ва сувлилиги турлича бўлган йилларда уларнинг тўйиниш турларининг ўзгаришидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 6 июндаги 03/26-1248-сон маълумотномаси). Натижада, дарё оқимининг миқдорий тавсифлари ва уларнинг ўзгаришларини аниқлаш асосида мавжуд суғориш тизимлари ва каналларнинг самарадорлигини ошириш имконини берган;
ГАТ технологияларидан фойдаланган ҳолда дарё сувларининг сифати бўйича турли хил гидрологик хариталар туркуми ва “ҳавзали” усулнинг формуласидан фойдаланган ҳолда уларнинг минерализацияси ва кимёвий таркибининг прогнози Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг мелиоратив экспедицияларида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 6 июндаги 03/26-1248-сон маълумотномаси). Натижада, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун турли сифатдаги дарёлар оқимидан янада оқилона фойдаланиш, шунингдек, ўрганилаётган ҳудудларда гидроэкологик вазиятни яхшилаш бўйича зарурий амалий чора-тадбирларни амалга ошириш имконияти яратилган;
магистрал коллекторларнинг гидрологик хусусиятларининг кўп йиллик ўзгаришлари акс эттирилган ГАТ хариталардан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 28 июндаги 04/35-04/4259-сон маълумотномаси). Натижада, ўрганилаётган ҳудуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича истиқболли режаларга аниқликлар киритиш ҳамда кам минераллашган суғориш (дарё) сувларининг тақчиллиги вақтида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларни сув билан таъминланишини оширишга имкон берган;
коллектор сувларининг ирригацион сифатини шўрланиш, магний ва натрийли ишқорланиш ва хлоридли шўрланиш хавфини ҳисобга олган ҳолда мажмуавий усулда баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг худудий бошқармаларида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 28 июндаги 04/35-04/4259-сон маълумотномаси). Натижада, барча суғориладиган майдонларда қайта фойдаланиш учун яроқли коллектор сувлари ҳажмини аниқлаш имкони яратилган;
Қарши чўли коллектор сувларини суғориш (дарё) суви билан аралаштириб турли вариантларда, шунингдек, янги технологияларни қўллаб фойдаланиш бўйича тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бешта вилоят бошқармаларида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 28 июндаги 04/35-04/4259-сон маълумотномаси). Натижада, юқорида кўрсатилган вилоятларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришнинг энг мақбул вариантларини аниқлаш, шунингдек, минерализацияси жуда юқори бўлмаган коллектор сувларини суғоришда қўллаш имкони яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish