Sayt test rejimida ishlamoqda

Бакиров Ғайрат Холиқбердиевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Тектоник кучланишлар намоён бўлган зоналарда руда конлари ер ости лаҳимларининг турғунлигини ва хавфсизлигини таъминлаш», 04.00.10 – Геотехнология (очиқ, ер ости ва қурилиш) (техника фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.PhD/Т2272.
Илмий раҳбар: Меликулов Абдусаттар Джаббарович, техника фанлар номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, DSc.17/04.06.2021.T.06.02.
Расмий оппонентлар: Умаров Фарходбек Яркулович, техника фанлари доктори, профессор; Назаров Заир Содикович, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади минтақавий тектоник кучланишларнинг таъсирини ҳисобга олган ҳолда рудникларда ер ости кон лаҳимларидан узоқ муддат мобайнида фойдаланиш мақсадида уларнинг зарур турғунлигини ва хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган мустаҳкамлагичларнинг меъёрий иш режими сақланишини таъминлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кон лаҳимининг металл ромли мустаҳкалагич таянчига юкларнинг мураккаб комбинациясининг таъсири контур бўйлаб алоҳида ромга ва кон лаҳими бўйлаб қўшни ромларга нотекис юкланишига олиб келиш омилларининг боғлиқлиги аниқланган;
ер ости рудники шароитларида замонавий геофизик асбоблар ёрдамида ўтказилган тадқиқотлар натижасида кон лаҳими атрофидаги массивнинг кучланиш-деформация ҳолатига прогноз бериш ва унинг кон зарбасига мойиллиги даражасини баҳолаш  методикаси ишлаб чиқилган;
тажриба асосида аниқланган муайян деформация хусусиятларига эга бўлган тўлдирувчи материалдан фойдаланиб уни кон лаҳимининг деформация қилувчи контури томонидан сиқилиши жараёнида тизимли назорат қилиш ва контурли портлатишдан сўнг ҳосил бўлган ғадир-будур контуридан юкламаларнинг мустаҳкамлагичга таъсири бир текисда бўлиши жараёни бошқарилишини таъминлайдиган технологик чоралари ишлаб чиқилган;
махсус профилли металл мустаҳкамлагич эгилувчан қисмининг кучланиш ҳолатини мониторинг қилиш ва бошқариш билан мустаҳкамлагич конструкциясига юкламанинг бир текис тақсимланишини таъминлаш ва шунинг асосида унинг турғунлиги муддатидан олдин йўқотилишини бартараф этиш методикаси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ер ости кон лаҳимларининг   турғунлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
арка ромли мустаҳкамлагичларнинг турғунлигини таъминлаш бўйича тавсиялар «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ «Қизил-Олма» конида амалиётга жорий этилган («Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2021 йил 10 декабрдаги АА-10111-сон маълумотномаси). Натижада, узоқ вақт мобайнида юк кўтариш қобилиятини йўқотмасдан бутун кострукцияни сақлаб туриш имконини берган;
тектоник кучланишлар таъсирини ҳисобга олган ҳолда кон лаҳими турғунлигини ошириш имконини берувчи мустаҳкамлагичларнинг параметрларини оптималлаштириш бўйича тавсиялар «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ «Қизил-Олма» конида амалиётга жорий этилган («Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2021 йил 10 декабридаги АА-10111-сон маълумотномаси). Натижада, йиллик иқтисодий самарадорлик 1000 м кон лаҳимини сақлаб туриш учун ҳаражатларни қисқартириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish