Sayt test rejimida ishlamoqda

Усманов Хикматула Лутпуллаевичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Норуда хомашё ресурслари ва турли ишлаб чиқариш қаттиқ чиқиндиларидан комплекс фойдаланиб қурилиш мақсадларидаги силикат материалларни олиш асослари», 02.00.13 – Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси, 02.00.15  – Силикат ва қийин эрийдиган нометалл материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.DSc/Т556.
Илмий маслаҳатчи: Қодирова Зулайхо Раимовна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти ҳузуридаги DSc.02/30.12.2019.K/T.35.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Намазов Шафоат Саттарович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Юнусов Миржалил Юсупович, техника фанлари доктори, профессор; Талипов Нигматулла Хамидович, техника фанлари доктори, профессор
Етакчи ташкилот: Наманган муҳандислик–технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: норуда хомашё ресурслари ва турли саноат тармоқларининг қаттиқ чиқиндиларидан комплекс фойдаланиб, қурилиш мақсадларидаги силикат материалларини ишлаб чиқаришнинг физик-кимёвий асосларини аниқлашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
портландцементнинг физик-механик ва технологик хоссаларининг металлургия рудаларини бойитишда ҳосил бўладиган флоточиқиндиларининг тури ва миқдорига боғлиқлиги асосланган;
таркибида флотация бойитиш чиқиндилари бўлган цемент-қум аралашмаларининг турли вақтларидаги  гидратация ва қотиш жараёнлари аниқланган; 
700-1200 °С ҳароратда термик ишлов бериш натижасида қўрғошин-рух ва флюоритни бойитиш флоточиқиндилари структурасида юзага келадиган минерал фазаларнинг шаклланиши ва қаттиқ фазали ўзгаришлари аниқланган;
кальций карбонатнинг парчаланиш жараёнининг ҳусусиятлари аниқланган ва илк бор икки компонентли «оҳактош-флоточиқинди»  ва уч компонентли «оҳактош-флоточиқинди-тошқол» хомашё композиция-ларининг нисбат диаграммалари қурилган;
синтез қилинган портландцемент тошининг гидратация, минерал ҳосил бўлиш жараёнларига, физик-механик хоссаларига тошқол ва флотация чиқиндилари миқдорининг таъсири аниқланган; 
илк бор енгил вазнли оловбардош материалларнинг таркиби ишлаб чиқилган ва мақбуллаштирилган, ҳамда улардаги ғовак ҳосил бўлиш жараёнига ва физик-механик хоссаларига турли саноат чиқиндилари миқдорларининг таъсири аниқланган; 
техноген чиқиндилардан фойдаланиб, ғовакли енгил вазнли  оловбардош материалларнинг мақбул куйдириш режимлари ва олиш  технологияси ишлаб чиқилган;
иссиқликни ҳимояловчи ғовакли енгил вазнли материалларнинг технологик ҳусусиятларига қаттиқ чиқиндиларнинг миқдори ва турларининг таъсири аниқланган, ҳамда мақбул таркиблар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Турли саноат тармоқларининг қаттиқ чиқиндилари ва норуда хомашё ресурсларидан комплекс фойдаланиб, қурилиш мақсадлардаги силикат материалларининг таркиби ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган натижалар асосида:
енгил вазнли оловбардош материалининг ишлаб чиқилган таркибига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигидан ихтирога патент олинган (IAP 06262). Натижада, ишлаб чиқилган таркиблар асосида енгил вазнли оловбардош материаллар олиш имконини берган;
енгил вазнли оловбардош материалнинг ишлаб чиқилган таркиби бундай материаллар олиш учун асос қилиб олинган ва «Бекабад-огнеупор» ҚКнинг “2023-2024 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати”га киритилган  («Бекобод-огнеупор» ҚКнинг 2022 йил 29 августдаги 129-сон маълумотномаси). Натижада, амалдаги стандарт талабларига жавоб берувчи, импорт ўрнини босувчи енгил вазнли оловбардош материал олиш имконини беради;
флоточиқиндилардан фойдаланиб ишлаб чиқилган клинкер ва цемент таркиблари ва технологиялари   «Юггазстрой» АЖнинг “2023-2024 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати”га киритилган  («Юггазстрой» АЖнинг 2022 йил 07 ноябрдаги 1/06-425-сон маълумотномаси). Натижада, ишлаб чиқилган портландцемент асосида амалдаги стандарт талабларига жавоб берувчи юқори маркали бетонлар олиш имконини беради.

Yangiliklarga obuna bo‘lish