Sayt test rejimida ishlamoqda

Бадалов Азизбек Абдумаликовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Фарғона областида соғлиқни сақлаш тизими ва ундаги ўзгаришлар: тарихий таҳлил (XIX аср охири – XX аср бошлари)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.3.PhD/Tar391. 
Илмий раҳбар: Шадманова Санавар Базарбаевна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, DSc.03/31.12.2020.Таr.60.01.
Расмий оппонентлар: Чороев Тынчтыкбек Кадырмамбетович, тарих фанлари доктори, профессор; Мўминова Гавҳар Эсоновна, тарих фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот:  Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади XIX аср охири – XX аср бошларида Фарғона областида соғлиқни сақлаш тизими ва ундаги ўзгаришлар жараёнлари тарихини очиб беришдан иборат.   
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
XIX аср охири – XX аср бошларида Фарғона областида дастлабки тиббий муассасалар тармоғи – қишлоқ врачлик участкалари ташкил этилиши, соғлиқни сақлаш тизимининг қарор топиши жараёнида Россиянинг марказий губерниялари ва Туркистон ўлкаси, жумладан, Фарғона области ўртасида гендер ва ижтимоий фарқлар мавжуд бўлганлиги очиб берилган;  
Фарғона областида дастлабки ихтисослаштирилган кўз касалликлари бепул шифохонасининг ташкил этилиши ва унинг нафақат Фарғонада, Туркистоннинг бошқа областларида ҳам донг таратиб, аҳолига самарали хизмат кўрсатганлиги очиб берилган;
1892 йилдаги вабо эпидемиясининг Фарғона областида ёйила бошлаши натижасида карантин чоралари кўрилганлиги, шаҳар ва қишлоқларнинг бир нечта санитар участкаларга бўлиниб, уларда вақтинчалик даволаш жойлари ташкил этилганлиги, шунингдек, тадқиқ этилаётган даврда чечакка қарши эмлашнинг йўлга қўйилиши ҳамда унинг асосий муаммо ва ютуқлари архив ҳужжатлари асосида далилланган;   
Фарғона областида шифокорлар томонидан олиб борилган илмий тадқиқотлар, бу йўналишдаги амалий ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида Туркистон ўлкасида ташкил этилган биринчи илмий тиббий марказ – “Фарғона тиббиёт жамияти”нинг фаолияти очиб берилган.
VI. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фарғона областида соғлиқни сақлаш тизими ва ундаги ўзгаришлар: тарихий таҳлил (XIX аср охири – XX аср бошлари) мавзусида олиб борилган тадқиқот иши давомида олинган натижа, амалий таклиф ва тавсиялардан:
XIX аср охири – XX аср бошларида Фарғона областида соғлиқни сақлаш тизими ва ундаги ўзгаришлар жараёнига Туркистондаги дастлабки тиббий илмий жамият – Фарғона тиббиёт жамияти прогрессив фаолиятининг таъсири, тиббий жамияти аъзоларининг муваффақиятли илмий фаолияти Туркистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай илмий жамиятларнинг шаклланишига туртки бўлганлиги, областда дастлабки замонавий дорихоналар ташкил топишининг тарихий шарт-шароитлари, уларнинг фаолияти ва асосий муаммоларининг очиб берилганлиги бўйича олинган илмий натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институтида 2017-2020 йилларда бажарилган ПЗ-20170921162 рақамли “XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонда тиббиёт ва халқ табобати (форс ва туркий тиллардаги тошбосма асарлар, архив ҳужжатлари ва даврий матбуот материалларини тизимлаштириш ва тадқиқ этиш)” амалий лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2022 йил 17 майдаги 3/1255-1154-сон маълумотномаси). Хусусан, ушбу материаллар “XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонда тиббиёт ва халқ табобати” (Тошкент: Ўз ФА “Фан” нашриёти, 2020. 400 б.) номли монографиянинг “Туркистонда тиббий илмий жамиятлар ва уларнинг фаолияти” (274-291-бетлар) ҳамда “Ўлкадаги замонавий дорихоналар: ташкил этилиши, фаолияти ва муаммолари” (328-341-бетлар) қисмларида ўз аксини топган. Тадқиқот натижалари Туркистонда, жумладан, Фарғона областида соғлиқни сақлаш тизими ва ундаги ўзгаришларни тўлақонли ёритишга хизмат қилган;
XX аср бошларида Туркистонда, жумладан, Фарғона областида дастлабки тиббий муассасалар тармоғи – қишлоқ врачлик участкалари ташкил этилиши, соғлиқни сақлаш тизимининг қарор топиши жараёнида Россиянинг марказий губерниялари ва Туркистон ўлкаси, жумладан, Фарғона области ўртасида гендер ва ижтимоий фарқлар, 1892 йилдаги вабо эпидемиясининг Фарғона областида ёйила бошлаши натижасида кўрилган чора-тадбирлар, областда вабо эпидемиясининг оғир ижтимоий оқибатлари, шунингдек, тадқиқ этилаётган даврда чечакка қарши эмлашнинг йўлга қўйилиши ҳамда унинг асосий муаммолари ва ютуқлари очиб берилганлигига оид хулосалардан “O‘zbekiston tarixi” телеканалида 2022 йил 17 февраль куни эфирга узатилган “Ibtido” ва 1-2-март кунлари эфирга узатилган “Taqdimot” кўрсатувларининг сценарийларини шакллантиришда фойдаланилган. (O‘zbekiston milliy teleradiokompaniyasi “O‘zbekiston teleradiokanali” давлат муассасасининг 2022 йил 6 апрелдаги 06-39-751-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар кўп сонли томошабинларнинг XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонда, жумладан, Фарғона областида соғлиқни сақлаш тизимининг шаклланиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг трансформациялашуви жараёнлари тўғрисида янги илмий маълумотларга эга бўлишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish