Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдуқодиров Сарвар Бегимқуловичнинг
 фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Жиззах воҳаси гиламдўзлиги анъаналари ва трансформациялар (тарихий-этнологик тадқиқот)”, 07.00.07 – “Этнография, этнология ва антропология” (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Таr716. 
Илмий раҳбар: Давлатова Саодат Тиловбердиевна, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жиззах давлат педагогика университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Таr.78.02. 
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Улуғбек Сайданович, тарих фанлари доктори, профессор; Файзуллаева Мавлюда Хамзаевна, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Жиззах воҳаси аҳолиси гиламдўзлик анъаналари ва ундаги трансформацион жараёнларни тарихий этнографик жиҳатдан очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Жиззах воҳасининг Бахмал, Зомин, Фориш ва Ғаллаорол туманларининг Туркман, Сангзор, Ўхум ва Довул қишлоқларидаги гиламдўзлик марказлари, Жиззахнинг тоғолди ҳудудларида гилам тўқиш анъаналари ва унинг трансформацияси, гилам тўқиш дастгоҳлари ва усуллари, гилам турларининг ўзига хос табиийгеографик муҳитда тараққий этганлиги ҳамда маҳаллий хом ашё асосида уйда ва оилавий эҳтиёж учун ишлаб чиқаришга асосланганлиги далилланган;
воҳа аҳолиси томонидан тайёрланган гилам турлари (ҳоли, юлдуз, нарпеч, боштиқ, хон гилам, гиламхуржун, масчит гилам, сепгилам, жойнамоз гилам, бўсаға гилам, бешик гилам, партирет (портрет) гилам, ипак гилам ва отга айил гилам), тўқув дастгоҳлари (тортқи, ийги, қамич (тўқмоқ), кузов (кузук)) боғланадиган тахталар ёрдамида тўқилиб, бугунги кунгача воҳанинг баъзи ҳудудларида асосан хонадон эҳтиёжи ва иқтисодини ривожлантириш учун фойдаланиб келинаётганлиги дала этнографик материаллар асосида аниқланган;
воҳа гиламдўзлигининг локал ва этник хусусиятлари гиламларнинг тўқилиш услуби, нақшбезаклар бериш, ранги, фойдаланилган хомашёси, гилам тўқишда ишлатиладиган ипларнинг бўяш услуби ва тўқиш технологиясида акс этиши дала этнографик маълумотлар асосида аниқланиб, гиламларда акс этган геометрик, ислимий, зооморфик нақш элементлари ҳамда гиламларнинг солим, солин, зот, соврин, ҳадя, совға, мерос, белги сифатидаги рамзий маъноларининг семантик ифодаланиши ва гиламчилик билан боғлиқ халқ қарашлари очиб берилган;
воҳанинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида яшовчи ўзбек, қирғиз ва тожик аҳолисининг гиламчилик билан боғлиқ (“ҳашар оши”, “сочқи”, “учуқ”, “гилам солди”, “гилам солиш”, “яраш-яраш”, “кўпкарининг олий соврини қўлаки гилам”,“чевар олиш”, “сеп гилам зиёфати”, “қуда чақирди” “ота чақирди”) урф-одат ҳамда маросимларда ишлатиладиган турли атрибутларнинг структруал-тузилиши функциялари ҳамда аҳоли орасида гиламчиликка хос гулли кигиз, шохли гилам, уй арқони, ўтов эрганаги, белбов, уй боғиш, қоқма гилам, босма кийиз, бўйрақўпти, гиламлик жун, ўтовлик кигиз, келинлик тўшама, туркмани гилам, арави гилам каби атама-терминларнинг ишлатилганлиги очиб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Жиззах воҳаси гиламдўзлигининг трансформациясини ёритиш ва анъанавий ҳамда  замонавий кўринишларни таҳлил қилиш бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Жиззах воҳаси аҳолисининг гиламдўзлик анъаналари ва унинг трансформацияси, гилам турлари, тўқиш технологияси, хом ашёлар, гиламга ранг бериш технологияси, гилам билан боғлиқ урфодат, маросим ва халқ қарашлари, нақшлар солишда рамзлар таҳлили ҳамда уларнинг рамзий ифодаланиши масалаларига доир илмий-назарий хулоса маълумотларидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston tarixi” телеканалининг “Etno” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 09 декабрдаги 02-40-1844-сон маълумотномаси). Натижалар Ўзбекистонда халқларининг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарни сақлаб қолиш, шунингдек, амалий санъат тури ҳисобланган гиламдўзлик анъаналарини тарғиб қилишга хизмат қилган; 
воҳа аҳолисининг гилам билан боғлиқ ўзига хос анъаналари, гилам тўқиш дастгоҳлари ва усуллари, гилам турлари, “уста-шогирд” анъаналари, гиламчилик билан боғлиқ халқ қарашларини бўйича тўпланган дала этнографик тадқиқотлар натижалари акс этган материаллардан Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмасининг 2021 йил 27 декабрдаги 03-14/1588-сон маълумотномаси). Бу эса ёш авлод онгида миллий ғурур ва миллий мафкурани шакллантиришга хизмат қилган;
республика ва воҳа музей кўргазмаларида намойиш этилаётган, Зомин, Бахмал, Фориш ва Ғаллаорол туманларида жойлашган Туркман, Сангзор, Ўхум ва Довул қишлоқларидаги гиламдўзлик мактаблари ҳамда Жиззах воҳасидаги тоғолди ҳудудларида яшовчи ҳунарманд гиламдўз аёл   ларнинг гилам тўқиш анъаналарини қайта тиклаш, унутилиб бораётган гилам турлари, миллий гилам маҳсулотларининг қадимги номларини аниқлаш учун олинган дала этнографик тадқиқот натижаларидан Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг фаолиятида фойдаланилган (Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг 2022 йил 17 январдаги 02-01-сон маълумотномаси). Натижада, кенг жамоатчиликка аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланишида ҳунармандчиликнинг ўрнини кўрсатиб бериш, шунингдек, ёшларга ўзбек халқи тарихий ва маданий меросини асраш, уни бойитиб боришда даҳлдорлик ҳиссини ошириш моддий маданиятга оид билимларни такомиллаштиришга хизмат қилган;
амалий санъат ва миллий ҳунармандчилик мактаблари анъаналарини асраш, халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, Ўзбекистон амалий санъати ва халқ ҳунармандчилиги музейида “Гиламлар анъаналардан сўзлайди”, “Ўзбекистон тўқимачилиги маҳсулотлари амалий санъат намунаси сифатида” номли экспозицияларини ташкил этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказининг 2021 йил 10 январдаги 02/02/29-сон маълумотномаси). Натижалар Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтаришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури (VI. 51-банди) асосида таълим муассасаларида ўқувчиларнинг маънавий-маърифий билимлари ва дунёқарашини юксалтириш, жойлардаги тарихий обидалар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни тарғиб қилиш мақсадида “Юртим тарихини ўрганаман” ва “Юртим бўйлаб ўн кун саёҳат” лойиҳасини амалга оширишда хизмат қилган;
воҳанинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида яшовчи ўзбек, қирғиз ва тожик миллатига мансуб аҳолисининг гиламчилик билан боғлиқ урф-одат, маросимлари қиёсий таҳлил қилинган маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2022 йил 26 январдаги 14-07-82-сон маълумотномаси). Натижалар ўзбек халқининг тарихий мероси, урф-одатлари ва миллий тарбия анъаналарини асраб-авайлаш, кенг аҳоли қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish