Ўзбекистон Миллий университетида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг тилшунослик ҳамда адабиётшунослик фанлари соҳасида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Дастлаб Олий аттестация комиссияси раиси, иқтисод фанлари доктори, профессор А.Юсупов комиссия фаолияти ва турли фан тармоқларида амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари, хусусан, илмий жараёнда тилшунослик ҳамда адабиётшунослик фанлари соҳасидаги изланишлар ҳақида қисқача маълумот берди.
Анжуманда жорий йилда филология йўналишида ҳимоя қилинган диссертацияларнинг умумий сони, илмий изланишларнинг моҳияти, ўзига хос ютуқлари хусусида ахборот берилди. Жорий йилда тилшунослик соҳасида 8 нафар талабгор фан доктори (DSc) ва 85нафар талабгор эса фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тасдиқланди. Адабиётшунослик соҳасида ҳам 8 нафар талабгор фан доктори (DSc) ва 85 нафар талабгор эса фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тасдиқланди. Тадқиқотлар натижасида муҳим илмий натижалар олиниб, уларнинг амалиётга жорий қилиниши таъминланди. Тадқиқотларда жумладан, қуйидаги илмий натижалар олинди. Ўзбек тилшунослигидаги тил корпусида тегишли атамаларнинг лексик-семантик, структур жиҳатларини ойдинлаштириш орқали маълумотларни марказлаштириш, қайта ишлаш имкониятлари асосланиб, грамматик терминлар электрон луғатининг замонавий, қиёсий, таснифий тамойиллари аниқланди. Ўзбек тиббиёт терминологиясининг шаклланиш тарихи, юнонча, лотинча, русча, форсча, тожикча терминларнинг генетик асоси негизида тадқиқ этилиб, Шарқ тиббиёти намояндалари яратган терминография очиб берилди. Ўзбек миллий-маданий анъанасидаги дастлабки реклама аломатлари, ўзбек тилидаги реклама матнлари семантикаси, синтаксиси ва реклама матнидаги императивлик буйруқнинг кескин, қатъий эмас, балки анчайин юмшоқроқ типи экани асосланган.
Шу билан бирга адабиётшунослик соҳасида жорий йилда 8 нафар талабгор фан доктори(DSc), ва 85 нафар талабгор фалсафа доктори(PhD) илмий даражаларида тасдиқланди. Амалга оширилган тадқиқотлар натижасида муҳим илмий натижалар олиниб, уларнинг амалиётга жорий қилиниши таъминланди. Тадқиқотларда жумладан, қуйидаги илмий натижалар олинди. XVIII-XIX асрлар ўзбек мумтоз адабиётида ислом тарихига оид қиссалар ва воқеалар баёнида таъсирчанликни таъминлаш ҳамда нисбатан осон ёдланувчи маснавий жанридан кенг фойдаланиш анъанаси Собир Сайқалий, Жаҳон отин Увайсий, Холис Тошкандий ҳамда Абдуқаюм Ваҳмийнинг мазкур йўналишдаги 7 та асари таҳлили воситасида асослаб берилди.
Комил Хоразмий девонининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари, архив ҳужжатлари асосида шоир адабий мероси манбаларининг муфассал илмий таснифи ва тавсифи амалга оширилди ҳамда шу пайтга қадар илм аҳлига маълум бўлмаган 58 ғазал, 1 мураббаъ, 16 мухаммас, 8 мусаддас, 1 мусамман, 6 қасида, 7 маснавий, 16 таърих ва 12 рубоий – жами 3842 мисрадан иборат шеърлари аниқланиб, илмий муомала олиб кирилди.
Мақсуд Шайхзода асарлари қўлёзмаларини матний-қиёсий текшириш натижасида ижодкорнинг янги асарларида давр ва мафкура таъсирида таҳрирга учраган, йўқотилган ўринлар, улардаги тарихий шахсларга бўлган муносабат, жой номлари, архаик сўзлар, дин ва эътиқод талаби, сиёсий мафкура чиғириғига кўра тушириб қолдирилган ўринлар аниқланиб, қайта тикланди.
Мустақиллик даври ўзбек насрида эстетик идеал сифатида тасвирланган ижодкор инсон - мусаввир, мусиқачи, ёзувчи образини яратишда услубий хосланишлар мавжудлиги, жумладан, мусаввир образи талқинида пейзаж ва интерьер, нур ва ранг тимсолларининг бадиий уйғунлиги, муғанний ва мутриб образи тасвирида ижод босқичлари, менталитет ва гендер ёндашувга кўра хосланиши, ёзувчи ёки шоир образини яратишда ички монолог (монолог-мулоҳаза, монолог-хотира, монолог-тафтиш) ва портрет тасвири муҳим дифференциал воситалар эканлиги исботланган.
Матбуот анжуманига тақдим этилган маърузаларнинг мавзулари ранг-баранг бўлиб, уларда ҳар икки фан соҳаларида бажарилган тадқиқотлардаги янгича қарашлар, илмий ютуқларнинг илм-фан ривожига қўшаётган улкан ҳиссаси муҳокама қилинди.
Шунингдек, филология фанлари доктори, профессор Раъно Сайфуллаева “Янги Ўзбекистонда тилшуносликка доир янги тадқиқотлар” мавзусида маъруза қилиб, бугунги кун тилшунослигидаги изланишлар ҳақида маълумот берди.
Анжуман якунида тилшунослик ва адабиётшунослик соҳаларида 2022 йилда диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган фалсафа доктори ва филология фанлари докторларининг ҳам чиқишлари бўлиб ўтди.
Манба: https://uza.uz