Sayt test rejimida ishlamoqda

Джабборова Муаттар Анваржоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Рақамли форматдаги чизиқлаштирилган характеристикали аналог телевизион узаткичлар параметрларини оптималлаштириш усулларини тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш», 05.04.02 – Радиотехника, радионавигация, радиолокация ва телевидение тизимлари ва қурилмалари. Мобиль, тола-оптик алоқа тизимлари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.1.PhD/T2746.
Илмий раҳбар: Мухитдинов Мухсинжон Мўминович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.13/30.12.2019.Т.07.02.
Расмий оппонентлар: Абдукаюмов Абдурашид, техника фанлари доктори, профессор; Рахимов Бахтиёржон Неъматович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги Университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: мавжуд ер усти рақамли телевизион эшиттириш тармоғида рақамли телевизион сигналларни узатиш учун аналог телевизион узаткичлар параметрларини қўшимча рақамли коррекциялаш усули билан уларни оптималлаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
юқори ва кам қувватли аналог телевизион узаткичларни рақамли форматдаги DVB-T2 стандартида ишлатиш учун аналог телевизион узаткичларнинг қисмлари ва уларнинг антенна-фидер тизимлари асосида модернизация қилишнинг схемотехник ечимлари ишлаб чиқилган ва техник параметрлари оптималлаштирилган;
узатиш тракти элементларининг радиус қийматига таъсирини ва қабул қилинадиган сигналнинг қўшимча ҳимояланганлигини ҳисобга олган ҳолда модернизация қилинган аналог телевизион узаткичларнинг қамров зонаси радиусини ҳисоблаш учун математик модел ишлаб чиқилган;
қувват кучайтиргичи ва антенна-фидер трактининг амплитуда-частота ва фаза-частота характеристикаларининг ночизиқлилигини ҳисобга олган ҳолда модернизация қилинган аналог телевизион узаткичлар узатиш тракти элемент-ларининг қамров зонаси радиусига таъсирини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;
ATmega328 микроконтроллери асосида телевизион узаткичларни белгиланган режимларда барқарор ишлашини таъминловчи хизмат кўрсатилмайдиган радиотелевизион станциялар объектлари ҳолатини GSM мобиль алоқа тармоқлари орқали масофадан узлуксиз назорат қилиш ва бошқариш усули ишлаб чиқилган;
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди бўйлаб рақамли харитада акс эттириш орқали жой рельефи ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда рақамли телевизион узаткичлар сигналларини ишончли қабул қилиш зонасини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Рақамли форматдаги чизиқлаштирилган характеристикали аналог телевизион узаткичлар параметрларини оптималлаштириш усулларини ишлаб чиқиш бўйича олинган натижалар асосида:
ишлаб чиқилган схемотехник ечимлар ва монтаж схемалари, узатиш тракти элементларининг қамров зонаси радиусига таъсирини ҳисоблашнинг математик модели ва усули, шунингдек дастурий маҳсулотлар “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” ДУК да жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 10 февралдаги 33-8/732-сон маълумотномаси) ва минимал капитал маблағлар билан ер усти рақамли телевизион эшиттириш тармоғини янада такомиллаштириш учун илгари консервацияга қўйилган ва ўз ресурсларини ишлатиб бўлмаган юқори ва кам қувватли аналог телевизион узаткичлардан рақамли форматда самарали фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилган. Тадқиқот натижаларини амалга ошириш орқали битта юқори қувватли аналог телевизион узаткич модернизация қилиниб, ишга туширилганда йилига 579,4 млн сўмдан ортиқ иқтисодий самара олиш имконини берган ва йиллик даромадни 71 фоизга оширишга олиб келган (29.06.2020 йил ҳолатидаги маълумотлар);
ишлаб чиқилган схемотехник ечимлар, монтаж схемалари ва тавсиялар асосида Тошкент радиотелевизион узатиш маркази (РТУМ)нинг “Toshiba” юқори (10 кВт) қувватли аналог телевизион узаткичи модернизация қилинган ва DVB-T2 стандартида рақамли эшиттириш форматида ишга туширилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 10 февралдаги 33-8/732-сон маълумотномаси). Ҳозирги вақтда модернизация қилинган юқори қувватли аналог телевизион узаткич республика ер усти рақамли телевизион эшиттириш тармоғида 40-телевизион каналда тижорат йўлида фойдаланилмоқда. Натижада узатиладиган телеканаллар сони 2 баравар кўпайган, рақамли теледастурлар пакети оптималлаштирилган, аналог режимда 1 та теледастур узатилган бўлса, рақамли режимга ўтказилганда 18 тагача теледастур узатиш имкони яратилган ва узаткичнинг ўзини қоплаш муддати 2,4 мартага қисқарган;
ишлаб чиқилган схемотехник ечимлар ва дастурий маҳсулотлар “Aloqa RTV” шўъба корхонасининг тегишли ишчи лойиҳаларини ва лойиҳа-конструкторлик ечимларини ишлаб чиқиш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 10 февралдаги 33-8/732-сон маълумотномаси). Натижада рақамли телевизион узаткичларнинг қамров зонасини аниқ белгилашда ва ер усти рақамли телевизион эшиттириш (ЕРТЭ) тармоғидаги радиотелевизион станциялар (РТС)ни жойлаштиришни оптималлаштиришда ишчи лойиҳаларни ишлаб чиқиш самарадорлиги 30,2 фоизга ошган;
ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар Тошкент ахборот технологиялари университетининг “Телерадиоэшиттириш тизимлари” кафедрасида ихтисос-лаштирилган фанлар бўйича лаборатория машғулотларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 10 февралдаги 33-8/732-сон маълумотномаси). Натижада лаборатория машгулотлари сони 5 тага ошган (ЭҲМ учун 5 та дастур) ва DVB-T2 стандартидаги телевизион (ТВ) узаткичлар сигналлари қамров зонаси ва ишончли қабул қилиш зонасини баҳолашда, қувват кучайтиргичи ва антенна-фидер трактининг амплитуда-частотавий ва фаза-частотавий бузилишларининг қамров зонаси радиусига таъсирини ўрганишда талабаларнинг билим даражаси ва амалий кўникмалари ошган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish