Sayt test rejimida ishlamoqda

Жумаев Лазиз Ражабовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сўлак безлари реактив-дистрофик касалликлари ташхиси, патогенетик давоси ва профилактикасини такомиллаштириш», 14.00.21 – Стоматология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.DSc/Tib491.
Илмий раҳбар: Иноятов Амрилло Шодиевич, тиббиёт фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат тиббиёт институти, DSc.04/30.04.2022.Tib.93.01.
Расмий оппонентлар: Шукурова Умида Абдурасуловна, тиббиёт фанлари доктори, доцент; Баймурадов Шухрат Абдужалилович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Кабанова Арина Александровна, тиббиёт фанлари доктори, доцент (Беларус Республикаси).
Етакчи ташкилот: Туркия соғлиқ билимлари университети (Туркия Республикаси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: сўлак безлари реактив-дистрофик касалликлари эрта ташҳиси, патогенетик давоси, профилактикасини такомиллаштиришдан иборат бўлган.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор турли этиологик тавсифга хос сўлак бези касалликлари структурасида кўп миқдордаги кузатилиш частотаси сиалоденит ва реактив-дистрофик турдаги патологик ўзгаришлар ҳиссасига тўғри келиши ҳамда гипосаливация ва оғиз қуриши симптомларининг клиник хусусиятлари асосланган;
сўлак безининг реактив-дистрофик патологияси шаклланишида  беморлар ёши ва оғиз бўшлиғи гигиенаси ўрни муҳимлиги, сўлак таркибидаги гликозамингликанлар таркиби, кристалл тузилмалар миқдорий ва сифат ўзгаришларида акс этиши исботланган;
тиббий-ижтимоий тадқиқот натижалари стоматолог мутахассисларнинг сўлак безлари касалликларини ташҳислаш ва қиёсий ташхислаш, даволаш, олдини олиш ва касалликдан кейинги реабилитацияси тўғрисида етарлича билим ва малака кўникмаларига эга бўлмаганликлари исботланган;
клиник-функционал ва клиник-рентгенологик усуллар ёрдамида илк бор сўлак безларида сўлак миқдори камайиши, таркибида гликозамингликанлар миқдори ошиши натижасида сўлак безида реактив-дистрофик салбий ўзгаришларнинг шаклланиши ва диагностик қиймати асосланган;
сўлак безлари реактив-дистрофик касалликларини комплекс патогенетик даволашда нейростимулятор, тромбоцитар аутоплазма, энзимотерапия, антикоагулянт воситаларни қўллаш, уқалаш ва жисмоний машқ муолажаларини пешма-пеш, ўз вақтида ўтказиш самарадорлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Сўлак безлари реактив-дистрофик касалликлари ташҳиси, патогенетик давоси ва профилактикасини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
сўлак безлари реактив-дистрофик касалликларини оптимал даволаш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг илмий янгилиги асосида ишлаб чиқилган «Сўлак безларининг реактив-дистрофик касалликларини комплекс даволаш» номли услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 16 апрелдаги 8н-р/350-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома сўлак безларининг реактив-дистрофик касалликларига ишлаб чиқилган терапевтик чора-тадбирлар комплексининг самарадорлигини аниқлаш имконини берган;
беморлар сўлак безлари реактив-дистрофик касалликлари биокимёвий ташҳиси самарасини ошириш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг илмий янгилиги асосида ишлаб чиқилган «Сўлак безларининг реактив-дистрофик касалликларининг биокимёвий диагностикаси» номли услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 23 апрелдаги 8н-р/370-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома сўлак безлари реактив-дистрофик касалликлари билан оғриган беморларда қон томир деворининг тромборезистентлигида сезиларли бузилишлар мавжудлиги, бу эндотелийнинг антикоагулянт ва фибринолитик хусусиятлари ўзгариши, бириктирувчи тўқима метаболизми кўрсаткичларини аниқлаш имконини берган;
сўлак безлари реактив-дистрофик касалликларини ташҳислаш, патогенетик даволаш ва профилактикасини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этилиб, Бухоро, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари кўп тармоқли тиббиёт марказлари амалиётига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 25 майдаги 8н-з/190-сон маълумотномаси). Натижаларнинг амалиётга тадбиқ этилиши даволашнинг янги усулларини қўллаш орқали тиббий ёрдам сифатини ошириш, касаллик асоратларини камайтириш ва беморларнинг стационар даволаниш муддатини қисқартириш ҳисобига иқтисодий самарадорликни ошириш имконини яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish