Шодиев Гафур Баротовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Гўдаклардаги тўсатдан ўлим синдромида (ГТЎС) ўпканинг структур-функционал ўзгаришларини суд-тиббий баҳолаш», 14.00.24–Суд тиббиёти (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Tib176.
Илмий раҳбар: Гиясов Зайнитдин Асамутдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.03.
Расмий оппонентлар: Мавлян-Ходжаев Равшан Шухратович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Рўзиев Шерзод Ибадуллаевич, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўпканинг функционал ва структур ўзига хос хусусиятларини комплекс ўрганиш орқали ўлим сабаблари ичида гўдакларнинг тўсатдан ўлими синдромининг ўрни ва аҳамиятини суд-тиббий аниқлашни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тўсатдан ўлим синдроми билан вафот этган гўдакларнинг 58%да иккинчи типдаги альвеолоцитларнинг абсолют ва нисбий кўрсаткичлари зўраки ўлим ҳолатларига нисбатан, яъни механик асфиксия, бош мия ва куйиш жароҳатлари ҳолатларида 30%га, гўдакларнинг ногаҳон ўлимида – пневмония ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларда 15%га камайганлиги аниқланиб, бу ўпкадаги сурфактант тизимининг структур-функционал жиҳатдан ривожланмаганлиги билан исботланган;
тўсатдан ўлим синдроми билан вафот этган гўдакларда сурфактант тизими ҳолатининг функционал бузилиши юзага келиши, бу сурфактант юза фаол биофизик кўрсаткичларининг камайиши билан намоён бўлиши, ГТЎСда сурфактантнинг стабиллик кўрсаткичи бошқа сабаблар билан вафот этган болалар билан солиштирилганда ўртача 1,7-2,7 марта камайганлиги асосланган;
тўсатдан ўлими синдроми билан вафот этган болаларда 60%дан юқори ҳолатларда сурфактант В тур оқсили экспрессиясининг камайиши, бу эса ўпка сурфактантининг сифат ўзгаришлари натижасида юзага келиши исботланган;
ўпка сурфактант тизимидаги ўзгаришлар, уйқу вақтида болани нотўғри ҳолатда ётиши, ҳавода кислород етишмаслиги ва бошқа хавф омиллари таъсирида салбий рефлектор эффекти ривожланишига имконият туғдириши, бу эса узоқ давом этувчи апноэни ривожланишига ва тўсатдан ўлим ҳолатини юзага келишининг сабаби эканлиги исботланган;
ўпка тўқимаси структур-функционал ҳолатининг тизимли таҳлили ГТЎС ҳолатларида ташхисни верификациялаш ва гипо- ёки гиперташхисот кўринишидаги камчиликлар хавфини сезиларли камайтириш имконини берганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Гўдаклардаги тўсатдан ўлим синдромида ўпканинг структур-функционал ўзгаришларини суд-тиббий баҳолаш бўйича олинган натижалар асосида:
гўдаклардаги тўсатдан ўлим синдромида ўпканинг структур-функционал ўзгаришларини суд-тиббий экспертизада самарали ва тўлиқ амалга ошириш мақсадида «Гўдакларнинг тўсатдан ўлим синдромини суд-тиббий ташхислаш» услубий қўлланмаси тасдиқланган ва соғлиқни сақлаш амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 6 январдаги 8н-д/6-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма гўдаклардаги тўсатдан ўлим синдроми ҳолатларида ўпканинг морфологик ўзгаришларни аниқлаш, ташхислаш ва самарали суд-тиббий экспертиза амалиётини амалга ошириш имконини берган;
гўдаклардаги тўсатдан ўлим синдромида ўпканинг структур-функционал ўзгаришларини суд-тиббий баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан Республика суд-тиббий экспертиза Бош бюроси, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти суд-тиббий экспертиза бюролари, Республика патологик анатомия маркази амалиётларига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 26 январдаги 8н-3/10-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши гўдакларнинг тўсатдан ўлими синдромида ўпканинг структур-функционал ўзгаришларини суд-тиббий баҳолаш тизимини яхшилаш имконини берган.